“Биз кутган ташаббус билан чиққан партияга овоз берамиз!”
“Биз кутган ташаббус билан чиққан партияга овоз берамиз!”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар жойларда аҳоли вакиллари билан тизимли учрашувлар, суҳбатлар ўтказмоқда. Зангиота туманидаги 23-Хонобод округида ҳам ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда 91-сайлов округидан номзод Мақсуда Ворисова ҳамда туман Кенгаши номзоди Дурдона Акбарова сайловчилар билан учрашди.

Сайловчилар бугунги куннинг долзарб мавзуси, яъни ижтимоий масалалар ҳақида фикрларини билдиришди. Номзоднинг шу кунга қадар қилаётган ишларини кузатиб боришини таъкидлашди. Унинг фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Жонли ва қизиқарли ўтган мулоқотда асосан, кам таъминланган оила вакиллари, ёш оналар ўзларининг орзу-истакларини айтишди. Уларни ташвишга солаётган масалалар ХДП сайловолди платформаси ҳамда номзодлар дастурларидан ўрин олгани учун хурсанд эканини айтиб ўтдилар. Шу билан бирга, айрим таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Қизғин кечаётган учрашувларда ҳоли вакиллари турли масалалар билан мурожаат ҳам қилмоқда. Номзодлардан ўз муаммосига ечим топишга кўмак сўрашмоқда.

Мисол учун “Ҳаракат” маҳалласида яшовчи Ашрапов уйи ёниб кетгани сабабли мурожаат қилди. У уйини таъмирлашда кўмакка муҳтожлигини билдирди. Шу маҳалладан А.Мелдибеков янги қабристон қурилишига эҳтиёж борлигини айтди.

Ворисова ушбу масалаларнинг ечимини кўриб чиқиш учун ўзига белгилаб олди.

Туманнинг Бўзсув ҳудудидаги касб-ҳунар коллежида “Аччиқсой”, “Чинор”, “Ибрат”, “Нуробод”, “Ўрикзор” маҳаллари аҳолиси учун ҳам ана шундай учрашув ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод М.Дарханов аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказди.

Номзод ўз сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирди. Шундан сўнг сайловчилар билан савол-жавоб бўлиб ўтди.

Суҳбат мавзуси сайловчиларни қизиқтирган қонунлар ва уларнинг ижроси ҳақида бўлди. Ҳар бир берилган саволга атрофлича жавоб қайтарилиб, билдирилган фикрлар эътибор билан тингланди.

“Аччиқсой” маҳалласидан келган отахон ўз пенсия масаласида гапирди. Дори-дармоннинг нархи қимматлиги боис олаётган нафақа пули етмаётганини билдирди. Нафақаларни, айниқса, якка-ёлғиз яшовчиларнинг пенсия пулларини қайт кўриб чиқиш ёки улар учун дори-дармон ва бошқа маҳусотлар арзонлаштирилган нархларда сотилишини йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади.

“Ўрикзор” маҳалласидан Гўзал Абророва Бўзсув ҳудудида болалар боғчаси йўқлигини айтди. Бу борада кимга ва қай тартибда мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида сўради. Мазкур масаланинг ечимида партиямиздан ёрдам кутиб қолишини қайд этди.

Ёшлар Бўзсувда ўқув марказларига эҳтиёж борлигини айтишди. Бунда аниқ фанлардан тайёргарлик курсларига кенг ўрин берилиши лозим, дейилди. Марказдаги курслар ҳам узоқ, ҳам қиммат экани боис йигит-қизлар учун ноқулайлик туғдириётганини билдиришди.

Номзод ҳар бир саволга атрофлича жавоб қайтарди. Айрим масалаларни ўрганиб, ечимини топиш учун ёзиб олди.

Учрашув эмин-эркин ва қизғин баҳслар асосида ўтди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш