Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда капитал бозори, мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлаш, давлат божи билан боғлиқ қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Дастлаб йиғилишда депутатлар партия Сайловолди дастурида белгиланган сифатли таълим ва тенг имкониятлар яратиш вазифалари билан ҳамоҳанг бўлган мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этилиши, бунда болаларни мактаб таълимига пухта тайёрлаш ва таълимда узлуксизликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун ижодкорларининг таъкидлашича, қонунчиликка бундай ўзгартириш киритиш – Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро даражадаги мавқеини ошириб, фуқароларга хорижий давлатда таълим олиши учун қулай шароит яратади.
Содда қилиб айтганда, эндиликда 6 ёшга тўлган болалар мактаб таълими дастури доирасида ўқитилади ва уларга бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатда 12 йиллик таълим олгани акс эттирилади. Бу орқали фуқароларнинг хорижда фундаментал билимларни ўзлаштириш учун яна бир йил вақт сарфлашларининг олди олинади.
Ташаббускорларнинг маълумотига кўра, бугунги кунга келиб, 6 ёшдаги болаларнинг 98 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига жалб этилган. Мактабгача таълим ёки мактаб муассасасининг яшаб турган уйидан узоқда жойлашган, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи болаларни эса ижтимоий соҳа объектларида қўшимча гуруҳлар ташкил этиш орқали ҳам қамраб олиш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.
Музокаралар жараёнида депутатлар айрим аниқлаштирувчи саволлар бериб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифларни илгари суришди.
Жумладан, депутат Одилжон Иминов ижтимоий соҳа объектларида мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишда қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилиши муҳим эканлигини таъкидлади.
Фракция аъзоси Улуғбек Шерматов мазкур қонун лойиҳаси таълим тизими интеграциясидаги муҳим ислоҳот эканини таъкидлаб, мактабга тайёрлов гуруҳларига жалб этиладиган тарбиячи ва педагогларнинг маълумот даражаси, салоҳияти ҳамда уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш масаласига эътибор қаратди.
Депутатимиз Ирина Токарева мактабга тайёрлов гуруҳларида болаларни ўқитиш харажатларини қоплаш тартибига аниқлик киритишни, бунда кўп фарзандли оилаларнинг шароити ҳам инобатга олиниши кераклигига тўхталиб ўтди.
Масъул вазирлик вакилларининг жавобларидан сўнг, депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллашди.
Йиғилиш давомида давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан депутат сўровини ёки сенатор сўровини кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари ёки бошқа талаблари бузилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, тегишли палатанинг девонига айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун судга мурожаат қилиш ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдимнома киритиш ҳуқуқини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Оддий қилиб тушунтирганда, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланса, халқ вакиллари – депутатлар аҳоли мурожаатларини ҳал этиш ёки бошқа масалалар юзасидан қайсидир мансабдор шахсга йўллаган депутатлик сўровига ўз вақтида жавоб бермаган ёхуд муаммони ҳал этмаган амалдорларнинг масъулиятсизлиги устидан қонун ҳимоячиларига шикоят қилишлари мумкин.
Жараёнда депутатимиз Анваржон Нурматов қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни такомиллашштириш, жумладан, белгиланган муддатда жавоб бермаслик ҳамда била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш бўйича ҳар икки ҳолат учун умумий эмас, балки алоҳида бандларда жавобгарлик белгилаш таклифини илгари сурди.
Фракциянинг яна бир аъзоси Зуҳра Шодиева эса электрон ҳужжатлар айланмаси тизимида депутатлик сўрови бўйича платформада алоҳида ойна орқали қулай назорат механизмини яратиш ташаббусини ўртага ташлади.
Депутатларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида иккинчи ўқишга қадар янада маромига етказилиши инобатга олиниб, ушбу қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.