Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурида жамиятдаги ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалаларга эътибор қаратилган. Масалан, аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини амалиётга киритиш масаласи кенг ўрин олган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Қашқадарё вилоятидан кўрсатилган номзодлар партиямизнинг сайловолди сиёсий позицияси бўйича ўз фикрларини билдирмоқда.
Жамила Туракулова, педагог, Қарши шаҳридаги 29-мактаб директори, 125-Қарши сайлов округидан номзод:
– Қорни тўқ боланинг фикрлаши, билимни қабул қилиш даражаси қорни оч боланикига нисбатан юқори бўлиши кўп кузатилган. Мактабларда ташкил этиладиган нонуштанинг рационга бой, тўйимли, табиий маҳсулотлардан тайёрланиши ўқувчиларнинг нафақат пухта билим олиши, балки соғлом ва дуркун ўсишига ҳам ёрдам беради. Бугун униб ўсаётган болаларнинг томоғидан тежаб қолинган арзимас маблағ эртага мамалкатга фойда келтирмайди. Миллат генофондининг заифлашувига, пировардида халқнинг зарарига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, биз мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари учун соғлом овқатланишни ташкил этиш керак, деб ўйлаймиз.
Гулнора Арамова, филолог, Қарши туманидаги 10-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори, 126-Бешкент сайлов округидан номзод:
– Хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар, уларга бўлаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида кўп гапирилади. Лекин бу борада ҳали муаммолар оз эмас. Масалан, хотин-қизларга кўмаклашиш масаласига ҳамма жойда ҳам бир хилда эътибор қаратилмаяпти. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни турар-жой ҳамда иш билан таъминлаш бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини янада кучайтириш керак, деб ўйлайман. Яна бир муҳим масала. Афсуски, аёллар орасида меҳнат қонунчилигидан бохабар бўлганлари жуда кам. Шунинг учун бандликка кўмаклашиш марказларидами ёки бошқа жойдами, албатта, хотин-қизларга меҳнат муносабатлари қонунчилигини ўргатишимиз шарт.
Шомурод Саттаров, ҳуқуқшунос, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кенгаши раиси ўринбосари, 127-Қамаши сайлов округидан номзод:
– Албатта, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятдаги у ёки бу ижтимоий масалани ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бироқ улар амалда тўғри ишлаяптими? Имтиёзли кредитлар ва пул маблағлари ўз эгалари, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига етиб боряптими? Биз, ана шу саволларга жавоб топишимиз керак, деб ўйлайман. Ёлланма ишчилар, вақтинчалик бандлиги таъминланган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ муаммолар ҳам етарли. Уларга меҳнат дафтарчалари юритиш, фаолияти давомида хавфсизлигини таъминлаш бўйича муаммоларга ечим топишимиз керак, деб ўйлайман.
Гайрат Ибадуллаев, саноат ва фуқаро қурилиши, “Шўртан газ кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти Бош директорнинг капитал қурилиш ва таъмирлаш бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи, 128-Нишон сайлов округидан номзод:
– “Ишлаб чиқариш ипотекаси”ни, яъни тижорат банкларининг инвестициявий ресурслари ҳисобига тайёр корхоналар ташкил этиш ва келгусида тадбиркорлик субъектларига кредит ёки лизинг бўйича сотиш механизимини амалиётга киритиш. Шунингдек, импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш лозим. Бир нарсани унутмайлик, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилидир.
Салим Сайимов, Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси бошлиғи, 129-Косон сайлов округидан номзод:
– Аҳоли билан учрашувларда ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлардан, ногиронликни белгилашдаги муаммолар, муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситалар билан таъминлаш масалаларида муаммолар йиғилиб қолгани бўйича кўплаб мулоҳазалар билдирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш. Керак, деб ўйлаймиз.
Зебо Салимова, педагог, Косон туманидаги 38-мактаб директори, 130-Касби сайлов округидан номзод:
– Инсон муносиб ҳаёт кечириши, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариши учун меҳнат қилиши ҳамда меҳнатига яраша ҳақ олиши зарур. Ишсизлик инсонни тушкунликка туширади, у ўзини жамиятга кераксиздек ҳис қила бошлайди. Шуларни инобатга олиб, биз ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган аёллар, “Меҳрибонлик уйлари” битирувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар учун ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни ошириш ҳамда “Тенг иш учун - тенг иш ҳақи” тамойилига қатъий риоя этилиши тарафдоримиз.
Барно Алибекова, педагог, Китоб туманидаги 25-мактаб директори, 131-Китоб сайлов округидан номзод:
– Хотин-қизлар масаласи ҳамиша долзарб ва доимий янгиланиб боришни талаб этади. Бандликка кўмаклашиш марказларига жуда катта маблағ ажратилган. Жойларда аёлларни бозор талаб қиладиган касбга ўргатишга мўлжалланган ўқув марказлари ташкил этиш лозим. Бунинг учун имконият ҳам, маблағ ҳам етарли, деб ўйлайман. Уларни иш билан таъминлашнинг яна бир жиҳатига алоҳида тўхталиш ўринлидир. Яъни тегишли педагогик маълумотга эга, лекин мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларни мактабгача таълим ҳудудий органлари тизимида оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида уй меҳнатини ташкил этиш керак, деб ўйлаймиз.
Саҳиддин Ибоев, тарихчи, Чироқчи транспорт касб-ҳунар коллежи директори, 132-Чироқчи сайлов округидан номзод:
– Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳуқуқий ечимини кутаётган кўплаб долзарб масалаларни ҳал этиш, қонунлар ижросини изчил таъминлаш, энг муҳими, одамларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсатга ишончини янада оширади. Партиямиз фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, қонун олдида барчанинг тенглиги – ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш га алоҳида эътибор қаратилганлигини инобатга олсак, ушбу вазифалар биз учун ҳам принципиал аҳамиятга эга.
Дилором Имомова, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туман мактабгача таълим бўлими мудири, 133-Шахрисабз сайлов округидан номзод:
– Бизнинг мақсадимиз, вазифамиз, керак бўлса, ҳаёт тарзимиз халқ билан мулоқотга боғлиқ. Демак, кўпроқ халқ ичига кириб боришимиз керак. Ҳар бир мониторинг натижаларига кўра, тегишли қарорлар қабул қилиниши зарур. Бунда, одамлар ижтимоий муаммоларини холис ва адолатли ҳал этишда партия ёрдам беришини билиши керак. Бу ҳолатда мазкур масалалар бўйича “учинчи томонга” мурожаат қилишга зарурият қолмайди. Ўз навбатида, партия маҳаллий кенгашлари ҳузуридаги жамоатчилик қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва партия гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашни режалаштирганмиз.
Тошбури Эгамназаров, мухандис, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 134-Яккабоғ сайлов округидан номзод:
– Меҳнат қилиш ҳуқуқи — инсон учун энг ҳаётий ва ишончли ижтимоий ҳимоя, орзу-истаклари, фарзандлари камолоти йўлидаги тенги йўқ таянч воситасидир. Олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия бундай ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича таклиф тайёрлаш ҳамда уни парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суриш йўналишида долзарб масалаларнинг ечимини таклиф қиляпман.
Отабек Бозоров, нефт ва газ геологияси, бизнес бошқаруви, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти геологик-геофизик ишларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, 135-Ғузор сайлов округидан номзод:
– Мамлакатимизда мутасадди ташкилотларга энг кўп мурожаат қилинадиган, қолаверса, аҳоли орасида энг кўп муҳокама этиладиган соҳалардан бири коммунал хизматлар билан боғлиқ. Уй-жой хўжалигининг ҳолати бугунги кунда давлатнинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди.
Биз ушбу масалаларда ташаббуслар билан чиқишни режалаштирдик. Яъни, марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарни табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқиш керак, деб ўйлаймиз.
Қаҳрамон Нормухаммедов, математик, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Қашқадарё вилояти бўлими бошлиғи, 136-Деҳқонобод сайлов округидан номзод:
– Ёшларнинг мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши долзарб масаладир. Партиянинг фикрича, бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши лозим. Демак, салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар тизимида ишлаш ва депутатлик фаолиятида ўзини намоён қилиш имкониятини бериш зарур. Йигит-қизларимизнинг турмуш тарзини, қизиқишларини доимий равишда ўрганишимиз, уларнинг фаоллигини оширишга ёрдам берадиган амалий тадбирларни изчил йўлга қўйишимиз талаб этилади.
Нигора Қурбонова, биолог, Муборак туманидаги 20-мактаб директори, 137-Муборак сайлов округидан номзод:
– Мамлакатимизда таълим соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар партиямиз Сайловолди дастуридан ҳам кенг ўрин олган. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимоясидан келиб чиқиб,қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида педагогик, тиббиёт ва бошқа ихтисосликдаги олий таълим муассасаларига ўқишга имтиёзли қабул қилиш, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Шарофиддин Назаров, халқ хўжалигини режалаштириш, Ўзбекистон Миллий университети профессори, 138-Кўкдала сайлов округидан номзод:
– Партиямиз ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида боқимандалик кайфиятини бартараф этиш тарафдори. Ушбу масаладан келиб чиқиб, биз бир қатор таклифлар ишлаб чиқдик. Масалан, депутатлик ва жамоатчилик назорати тарзида “мардикор бозорлари”ни ўрганиб чиқиш ва шу аснода фуқароларни вақтинча бир марталик иш билан таъминлашга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар нега иш бермаётганининг сабабларини аниқлашни мақсад қилганмиз. Бандлик ва ишсизликка қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишга доир илғор хорижий тажрибани ўрганиш керак, деб ўйлаймиз.
Ҳурматли сайловчилар! Бизнинг ҳаётий ва халқчил дастурларимизни қўллаб-қувватланг. Номзодларимизга овоз беринг!
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.