Бор имкониятларни ишга солиш, ҳаракатни кучайтириш самара беради
Бор имкониятларни ишга солиш, ҳаракатни кучайтириш самара беради

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Тошкент шаҳар партия кенгашида бўлиб, сайланган туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, шунингдек, 2020 йилнинг 5 январь куни бўлиб ўтадиган такрорий сайловларда иштирок этадиган депутатликка номзодлар билан учрашди. Партия лидери сайланган депутатларни табриклаб, келгуси режалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Партиямиз томонидан номзоди кўрсатилиб, депутат этиб сайланганларнинг хотиржамликка берилишига ҳаққи йўқ, — деди Улуғбек Иноятов. — Ҳақиқий синов, ҳақиқий фаолият энди бошланади. Ана энди сайловчиларга берган ваъдаларимиз, партиянинг келгуси беш йилда ўз олдига белгилаб олган вазифаларни амалга ошириш асосий мақсадимиз ҳисобланади.

Очиғи жорий йилги сайлов натижалари бизни қониқтирмайди. Шу боисдан бўлиб ўтадиган такрорий сайловларда бор куч ва имкониятимизни ишга солиб, ўзимизга муносиб ўринда туришимиз лозим. Бунинг учун партиядошларимиз бирликда ҳаракат қилиши керак бўлади.

Сайланган депутатларимизга яна бир бор айтмоқчиманки, бугун халқимиз ўзгарган, уларни алдаб бўлмайди. Улар учрашувлар давомида айтилган ҳар бир гапни эслаб қолган. Эртага одамлар ўз талабларини бажаришни, манфаатларини ҳимоялашни сўрайди. Биз барчасига тайёр туришимиз шарт.

Сайловолди учрашувлари номзодлардан катта билимни талаб этди, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ҳабибулла Акилов. — Аҳоли билан ҳар бир масалада соатлаб суҳбатлашган вақтимиз ҳам бўлди. Ўйлайманки, округимнинг ижтимоий харитаси билан яхши танишлигим, олдинги сайловларда олган тажрибам қўл келди. Шунингдек, учрашувлар давомида депутат сифатида амалга оширган ишларим ҳақида ҳам гапириб бердим. 5 январь куни бўлиб ўтадиган такрорий сайловлар ҳақида гапирадиган бўлсам, ўйлайманки барча сайланган депутатлар партиямиздан кўрсатилган номзодларга кўмаклашади ва қўллаб-қувватлашга тайёр.

Учрашув давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Рустам Каланов, Шавкат Аюпов ҳам сўзга чиқиб, қайта сайловларда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Маълумот ўрнида, 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Халқ демократик партияси халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига 60 депутатлик ўрнидан 9 та, туман кенгашларига 327 депутатлик ўрнидан 46 тасини эгаллади. Шунингдек, 5 январь куни бўлиб ўтадиган такрорий сайловларда Тошкент шаҳри бўйича Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун 2 та округда, халқ депуталари Тошкент шаҳар Кенгашига 4 та округда ҳамда туман Кенгашларига 20 та округда кураш олиб боради.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш