Ўзбекистон ва Тожикистон: Иттифоқчилик даражасига кўтарилган ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Тожикистон: Иттифоқчилик даражасига кўтарилган ҳамкорлик

 

Президент Шавкат Мирзиёев 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди.

Бу ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларда янги тарихий босқични бошлаб берган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Демак, икки мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги тарихий давр бошланмоқда.

 

Маҳмуджон ПАРПИЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси:

– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари олий даражадаги ўзаро ишончга асослангани, фаол мулоқот ва дўстона муносабатлар шарофати кенг кўламли натижаларда акс этаётгани билан эътиборга сазовор.

Икки қўшни халқ қадимдан қон-қардош бўлиб яшайди. Яшаш тарзимиз деярли бир хил, бир иқлим ва минтақадамиз, урф-одатлар, кийиниш маданияти, тўй-томошаси, ҳунармандчилигидан тортиб маърифати ва санъати ўхшаш.

Давлатимиз раҳбарининг юксак иродаси туфайли ён қўшниларимиз билан бундан етти йил муқаддам асос солинган ўзаро яқинлик сиёсати бугунга келиб ўзининг улкан натижаларини бера бошлади. Икки давлат манфаатларига хизмат қилаётган савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар кўлами йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

“Иқтисодий шарҳ” журнали маълумотига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 756,8 миллион долларни ташкил этган. Экспорт ҳажми 605,0 миллион долларга етган. Экспорт асосини саноат ва кимё маҳсулотлари, ёқилғи, ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва ускуналар, ноозиқ-овқат хом ашёси, хизматлар ташкил этади.

Халқларимизнинг қон-қардошлик ришталари тобора мустаҳкам бўлиб бораётганини икки давлат ўртасидаги чегара ҳудудларида борди-келди муносабатларининг яхшилангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Наманган вилоятининг Поп тумани Тожикистонинг Сўғд вилояти Ашт тумани билан чегарадош. Президентимиз ташаббуси билан Тожикистон билан Наманган ўртасидаги чегаранинг очилиши, иқтисод учун, тадбиркорлик учун, фуқароларимизни кириш-чиқишлари, сайёҳлар алмашинуви учун катта имконият яратди.

Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга бу галги расмий ташрифи доирасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши биродар халқлар ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Ҳукуматлар олдига товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Энди турли соҳалардаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан олий босқичга кўтариш имконияти яратилмоқда. Ўзаро муносабатлар туб манфаатларимизга мос миллий, минтақавий, маданий-гуманитар каби 28 та ҳужжатда акс этган ҳамкорлик иттифоқчилик даражасида давом этиши биродар халқлар бахту саодатига хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Кейинги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари ривожланиб бормоқда. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг очиқ, дўстона сиёсати билан боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлишини маълум қилган эди. Йиллар давомида бир-биридан узоқлашган қариндошлар, дўст-биродарлар икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати сабабли бугун қон-қариндошлик ришталари қайта боғланди.

Галдаги ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат имзоланди. Хусусан, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтаётганлигидан далолат беради. Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда - парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлиги ошади.

Эндиликда чегараолди савдо механизмлари ва савдо инфратузилмаси ривожлантирилади. “Ойбек-Фотехобод” чегараолди эркин савдо зонаси ва “Андархон” савдо логистика марказини ташкил этиш янада самарадорликка хизмат қилади.

Ҳозирги кунга қадар Марказий Осиёда сув масаласи энергетика соҳаси билан узвий боғлиқ бўлган. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттириш соҳадаги муаммоларга ўзаро биргаликда ечим топишга хизмат қилади.

Илдизлари дўстлик, шерикчилик ва шарқона қадриятлардан куч олаётган икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар келгусида ҳам жадал тараққий этаверади, деб ишонамиз.

 

«Ўзбекистон овози», 24.04.2023, №17

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш