Ишга кириш учун “online” ҳужжат топшириш тизими ишга тушади
Ишга кириш учун “online” ҳужжат топшириш тизими ишга тушади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши ўтказилди. Фракция аъзолари бандлик хизматлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Қонун лойиҳаси билан давлат хизматига танлов асосида қабул қилиш тартиби жорий этилганлиги муносабати билан меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринларига йўлланмалар бериш жараёнини такомиллаштириш, ишга қабул қилиш мезонларини аниқлаштириш, ишсизлик нафақаларини тайинлаш ва тугатиш жараёнида амалда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш, касб-ҳунар таълимига давлат буюртмалари турларини топшириш муддатларидаги камчиликларни бартараф этиш, давлат томонидан кафолатланган иш ўринларига ишга жойлаштирилиши мумкин бўлган аҳоли тоифаларини аниқлаштириш каби ўзгартиришларни киритиш кўзда тутилган.

Хусусан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 38- ва 55-моддаларида ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади) дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилмоқда, шунингдек, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда.

Фракция аъзолари айрим саволлар билан мурожаат қилишди.

 

Шерзод Раҳмонов:

— Қонунда бўш иш ўринлари электрон тарзда тақдим этилиши кўрсатилмоқда. Лекин амалдаги қонунчиликда бир неча ой муддатда топширилиши белгиланган. Барча тизимлар рақамлаштирилса, ушбу муддатни қисқартириш мумкинми? Қайсидир ўрин бўшаганда, 5 ёки 10 иш кунида вакант сифатида кўрсатилиши, бошқа бир иш қидираётган шахснинг тезроқ банд бўлишига ҳисса қўшади, деб ўйлайман.

Ўз навбатида иш қидираётган шахсларинг ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш тизимини ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Мурод Муҳаммадий,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи:

— Биринчи масала бўйича, айтиш керакки, ягона меҳнат тизими онлайн ишлайди. Фақат ҳисоботни 2 ойда бир марта аниқлик киритиш учун қабул қилинади. Лекин ҳар куни қайси корхонада вакант ўрин борлиги кўриниб туради. Ҳужжат топшириш масаласида ҳам ўзгаришлар бўлади. Фақатгина шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилади.

 

Депутатлар, шунингдек, субсидиялар, ссудалар ҳамда иш берувчи томонидан ходимнинг касбга тайёрлаш ёки қайта тайёрлашдан ўтгани, унинг малакаси оширилганини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ўқув курси янгилангандан сўнг 5 иш куни ичида меҳнат органига тақдим этилмаган ҳолатда бунинг учун сарфланган маблағни қайтариш чоралари кўрилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ сўралди.

Ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилиб, қонун лойиҳаси 1-ўқишда маъқулланди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш