Хотира ва ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп

 

Шундай тарихий саналар, анъаналар борки, одамларни бир-бирига янада яқинлаштиради, халқимизни жипслаштиради. Хотира ва қадрлаш куни шундай муҳим, улуғ санага айланди.

Давлатимиз раҳбарининг Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79-йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида тинчлик ва ватанпарварлик нақадар азиз неъмат экани яна бир бор тушунтирилди.

Қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши, улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни, албатта, шараф билан адо этишимиз зарурлиги қайд этилди.

Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталидаги уруш қатнашчилари билан самимий суҳбатда ҳамма жипслашса, биргаликда ҳаракат қилса, ўйлаган ниятларимизга тезроқ етишимиз, нуронийларнинг дуолари бунда бизга мададкор бўлиши алоҳида таъкидланди. Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп. Хотиранинг, қадрлашнинг мазмунида ҳам ижтимоий бирдамлик масаласи туради.

Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир ҳудуди, ҳар бир маҳалла, бемалол айтиш керакки, ҳар бир оилада эзгу ва илиқ ришталар кучайган. Минглаб, миллионлаб юртдошларимиз ўтганларни эслаяпти, нуронийларга ҳурмат-иззат кўрсатмоқда, беморларнинг холидан хабар олиб, бир-бирига яхшилик, тинчлик-омонлик тиламоқда.

Ўзи, кейинги йилларда нуронийлар, ҳаётни кўрган инсонларни қадрлаш, уларнинг бой тажрибасидан ибрат олиш бўйича кўп хайрли лойиҳалар бўляпти. Уч авлод учрашувлари тизими бунга ёрқин мисолдир.

Ҳаёт бор экан, авлодлар алмашади, бир-биридан ибрат олади. Шу маънода, хотира ва қадрлаш санаси ёшларнинг қалбига йўл очишда, уларга куч ва озуқа беришда муҳим ижтимоий институт бўлиб хизмат қилмоқда.

Ватан ҳимояси, равнақи йўлида ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этиш, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётий кўникмага айланди.

Яхши кунларда яна бир қувончли хабар, янгилик эшитдик. Ғалаба боғи ҳудудида мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган мажмуа барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди.

Тинчликка эришиш учун буюк қаҳрамонликлар кераклиги рост. Шу билан бирга, уни асраш, барқарорлик, ривожланиш учун фидойилик кўрсатиш ҳам катта қаҳрамонлик, чин инсонийликдир. Мустақиллик йилларида ҳар хил ҳолатлар, синовли йиллар ҳам бўлди. Мураккаб вазиятлардан ўтишда халқимизнинг мард, жасур фарзандлари ватанга хизмат қилишдек шарафли йўлда ширин жонларини фидо қилишди. Уларнинг жасоратини тан олиш, муносиб ҳурмат кўрсатиш, албатта, муҳим. Ғалаба боғида барпо этилиши мўлжалланаётган янги мажмуа ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлашнинг бир рамзи бўлишига ишонамиз.

Инсонга тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик ҳар куни керак. Кўриб гувоҳи бўляпмиз, дунёда тинчлик омонат бўлиб қолди. Тинчлик учун шукроналикда бўлиш, меҳнат қилиш, доим изланиш муҳим. Шунинг учун ҳам халқимиз Хотира ва қадрлаш кунини юксак қадрлайди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш