Халқимиз азалдан Она зотига, хотин-қизлар шаънига доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келган. Аёлга бўлган ҳурмат – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган эътибор ифодаси ҳамдир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли сўзларда албатта чуқур маъно бор.
Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.
Бугунги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ҳуқуқларининг ҳимоясига, уларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Президентимиз аёлларни байрам билан табриклаб аёл зотига, унинг оиладаги, жамиятдаги ўрни, фарзандлар яъни келажак тарбиясидаги иштирокига юксак баҳо берди.
Мазкур табрик юрт раҳбарининг мамлакат аёлларига нисбатан чуқур ҳурмат- эҳтироми намунаси бўлди дея оламиз.
Суюкли қизларимизни таърифлаб Муҳаммад Юсуфдан келтирилган сатрлар кўнгилларимизнинг туб-тубига етиб борди:
Қиз бор уйнинг файзи бўлак,
дейдилар,
Жаннат йўли – қиз бор йўлак,
дейдилар.
Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига жаҳон ҳамжамияти, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳо берилмоқда.
Барчамизни руҳлантириб, янги куч-қувват бағишлайдиган бундай ижобий ўзгаришларга, авваламбор, юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, уларнинг ижтимоий нуфузини янада юксалтиришга қаратилган салмоқли ишларимиз мустаҳкам пойдевор бўлаётганини таъкидлаш лозим.
Бугунги жамиятда аёл мавқеи меҳрибон она ва уй бекаси доирасидан ташқарига чиқиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётининг фаол иштирокчисига айланди. Жамиятда аёлнинг ўрни жуда муҳим ва фахрлидир. Чунки аёл ўзининг қалб меҳри билан эркакларнинг чексиз қудратини ижобий йўналишга буриш хусусиятига эга.
Агар биз аёл мавқеини кўтарсак, унинг жамиятдаги имкониятларини кенгайтирсак бугунги кўплаб муаммоларимиз ҳал бўлади. Ўзбекистонда аёллар ижтимоий- иқтисодий, сиёсий ва гуманитар соҳаларда ўта муҳимм масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоқдалар.
Ҳар бир она ўз фарзандларини фаровон, ривожланган, ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиш учун имкониятлар яратилган жамиятда яшашини истайди.
Президентимиз табригида ана шу ниятга етиш йўллари ва бу жараёнда аёллар иштироки ва масъулияти аниқ кўрсатиб берилди.
Халқ демократик партияси ўз принципларига содиқ қолган ҳолда ўз фаолиятида ҳар бир оила, ҳар бир аёл бахтли ҳаёт кечириши учун барча жабҳаларда Давлат дастури ва Президент кўрсатмалари асосида сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришни мақсад қилган.
Биз депутат аёллар халқимиз ишончини қозониб шундай улуғ, масъулиятли ишга киришар эканмиз, албатта фарзандларимиз, оилаларимиз, Ватанимиз фаровонлигини таъминлаш, жаҳон майдонида унинг ҳар соҳада муносиб ўрин эгаллаши учун бор куч ғайратимиз, билимимизни сарфлаймиз.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.