Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши томонидан партия ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан “35 йил – халқ билан бирга!” шиори остида Чиноз туманида “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида учрашув ва амалий ўрганиш тадбирлари ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши масъуллари, вилоят Кенгаши депутатлари, Тошкент вилоятининг барча туманларидан келган партия ходимлари ҳамда депутатлик гуруҳлари аъзолари, ОАВ вакиллари, ҳудуддаги фаол ёшлар ҳамда хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда партиянинг вилоят кенгаши раиси Акмал Умаралиев ЎзХДПнинг 35 йиллик фаолияти, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш ва фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Муҳсиддин Низомиддинов ҳам сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, таълим олиши ва касбий ривожланиши учун зарур шароитларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр билдирди.
Мулоқотларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда депутатлар ҳамда партия ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган 35 нафар хотин-қиз ЎзХДП сафига қабул қилинди.
Амалий ўрганишлар “Бир касб – бир имконият” лойиҳаси доирасида давом этди. Иштирокчилар Чиноз туманидаги ўқув марказлари фаолияти билан танишиб, хотин-қизларни замонавий касбларга ўргатиш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув жараёнларини ўргандилар.
Шундан сўнг хотин-қизлар билан давра суҳбати ўтказилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши учун шароит яратиш ва иқтисодий мустақиллигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирнинг амалий натижаларидан бири — депутатлар ташаббуси билан 18 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланганидир.