Тўсиқсиз муҳит жамиятда тенгликни таъминлайди
Тўсиқсиз муҳит жамиятда тенгликни таъминлайди

 

Янги Конституциямиз асосида қабул қилинаётган қонунлар пировард натижада халқ учун, жамият манфаати учун хизмат қилади. Аммо қачонки, одамлар уларни билса, ўрганса ва ҳаётида тўғри қўллай олсагина, ушбу мақсад амалга ошади. Акс ҳолда қонунчилик талаблари амалда ишламай, қоғозда қолиб кетаверади. Шунинг учун ҳар бир фуқаро қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар, қонунларни билиши, уларни ҳурмат қилиши ва бошқалардан ҳам буни талаб этиши лозим.

Бунинг учун, аввало, жамоатчилик назорати институти имкониятларидан унумли фойдаланиш керак. Хусусан, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммасидаги вазифа ва мажбуриятларни масъулият билан адо этишида бу институтнинг таъсир доираси жуда муҳим саналади. Нодавлат ташкилотлари ҳамда ОАВ ўрнини кучайтириш орқали эса кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш мумкин.

Содда қилиб айтганда, жамоатчилик назорати бирор-бир ноҳақликнинг томошабини эмас, балки бартараф этувчисига айланишни, камчиликларга ҳамда қонунбузарликларга муросасиз бўлишни талаб қилади.

Шу мақсадда фаолият юритаётган Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими доимий ва тизимли равишда жойларда назорат тадбирларини амалга оширади. Жамиятимиздаги тўсиқсиз муҳит ҳолатини ўрганиб боради.

Хусусан, жорий йилнинг январь ойида ассоциация Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси билан биргаликда ногиронлиги бор шахсларга транспорт хизматлари қулайлиги бўйича мониторинг ўтказди. Шимолий вокзал ва Чилонзор метро бекатларидаги ўрганишлар давомида ногиронлиги бор инсонларга бўлган муносабат ва камчиликлар юзага қалқиб чиқди.

Масалан, аксарият бекатларда ногиронлар аравачасидан фойдаланувчи шахслар учун хавфсиз ва қулай шароит қилинмаган. Ёғингарчилик пайтида панада туришни истаган инсон бекатнинг ушбу қисмига ўтиши учун пандус йўқ. Жамоат транспортларида кўзи ожиз фуқаролар учун овозли хабар берувчи мосламалар ўрнатилмаган. Ҳар иккала йирик бекатдаги ҳолатни кўриб, «Пойтахт фақатгина соғлом инсонлар учунми?» деган иштибоҳга бориш мумкин.

Аниқланган камчилик ва муаммолар Транспорт назорати инспекцияси ва ассоциация томонидан тегишли тартибда ҳал этиш режалаштирилди. Бу борада амалий ишлар ҳам бошлаб юборилди. Аммо фақат бекатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратиш билан масала якунига етмайди.

Яқинда, аниқроғи, жорий йилнинг 23 апрелидан Ногиронлар ассоциацияси ва Тошкент давлат юридик университети қошидаги Юридик клиника ҳамкорлигида дорихоналардаги тўсиқсиз муҳит мониторингига старт берилди. Ўрганиш Чилонзор туманида жойлашган дорихоналардан бошланди.

Афсуски, аксарият дорихоналарга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзгалар кўмагисиз, яъни тўсиқсиз равишда кириб-чиқишига шароит йўқ. Тўғри, пандус деб ўрнатилган қияликлар бор. Аммо улардан ногиронлик аравачасидаги шахс у ёқда турсин, бўш аравачани чиқариб-тушириш ҳам имконсиз. Яъни, «қиялик»лар стандартларга мос равишда қурилмаган. Жуда ҳам сирпанчиқ ва белгиланган градусда эмас. Аслида пандус хавфсиз, ҳаракатланиш учун қулай бўлиши зарур. Унинг ҳажми ҳам муҳим саналади. Ногиронлар учун нишабнинг максимал узунлиги 36 метр, эни эса 90-100 см бўлиши талаб этилади. Тошкентдаги биноларнинг аксариятида пандус йўқ ёки номига, яъни талабларга мутлақо жавоб бермайдиган равишда ўрнатилган. Бу ўрганишлар давомида яққол кўриниб қолди.

 

Олим САЙНАЗАРОВ,

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими раиси:

— Бугун кўча-кўйда ногиронлиги бўлган инсонларни ҳар доим учратавермаймиз. Бунинг биринчи сабаби, уларнинг жамиятдан узилиб қолгани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, ногиронлиги бор шахслар вақтини беҳуда ўтказишни истамайдилар. Уйда бирор фойдали юмуш билан банд бўлиш, китоб ўқиш ёки мустақил равишда ўз устида ишлаш кўпчилигининг ҳаёт тарзига айланган. Афсуски, сизу бизга ўхшаган инсонларнинг, жамоатчиликнинг беэътиборлиги, уларга бемор сифатида қараш кўникмалари ногиронлиги бўлган шахсларнинг қайсидир маънода жамиятдан айро яшашига туртки бермоқда. Аслида бизнинг вазифамиз бу тоифа инсонларнинг турмуш тарзини қулайлаштириш, уларга тўсиқсиз жамият яратиб бериш орқали салоҳиятидан, меҳнатидан, иқтидоридан унумли фойдаланишдан иборат бўлмоғи керак. Шу мақсадда тез-тез мониторинг тадбирлари ўтказиб келинади. Масалан, ўтган ойда ҳам пойтахтимиздаги айрим жамоат жойларидаги тўсиқсиз муҳит ҳолатини ўргандик.

Ўрганиш давомида British management university биноси ҳамда меҳмонхонасидаги камчиликлар юзасидан қонуний тавсиялар берилди. Аввало, ҳар бир қаватда ногиронлиги бўлган шахслар учун барча имкониятларга эга жой ташкил этилиши лозим. Университет ҳудудида эса махсус маълумотлар тахтаси ва кўрсаткичлар ўрнатилиши жуда муҳим.

Шунингдек, пандуслар белгиланган стандартларга мослаштирилиши, икки томонлама бўлиши хавфсиз ва қулай ҳаракатланишга имкон беради. Керакли жойларда ногиронлиги бўлган шахсларга навбатсиз хизмат кўрсатишга оид маълумотлар ўрин олиши ва ушбу қоидага амал қилинишини таъминлаш керак.

Бундан ташқари, автотураргоҳларда ногиронлиги бўлган шахслар учун камида иккита жой ажратилиши ва улар стандартларга мос равишда жиҳозланиши талаб этилади. Айни пайтда пиёдалар учун мўлжалланган ва махсус чегара (бордюр) билан ажратилган йўлакларда пандуслар ташкил қилиш хавфсизликни таъминлайди.

Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Биз келтирган талаблар эса мазкур халқаро ҳужжатда белгиланган меъёрларга мувофиқдир.

Савдо дўконлари, Давлат хизматлари марказлари, шифохоналар каби муҳим ижтимоий объектларга стандартларга мос ва хавфсиз ҳаракатланишни таъминловчи пандус ўрнатиш, дорихоналар пештахталарини ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам мослаштириш, жамоат транспортлари ва бекатларда ўзганинг ёрдамисиз ҳаракатланишга имконият яратиш орқали йирик муаммоларнинг ечимини осонлаштириш ва тезлаштириш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат. Жамият психологиясидаги ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қарашни, муносабатни ва муомаладаги тўсиқларни ўзгартиришимиз вақти келди. Акс ҳолда ҳеч бир тўсиқсиз муҳит уларнинг жамиятга қўшилиб, тўлиқ аъзоси бўлишига хизмат қилмаслиги турган гап.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 22.05.2023, №21

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш