Депутатлик сўрови ҳали ҳам эътибордан четдами?
Депутатлик сўрови ҳали ҳам эътибордан четдами?

 

Бугун депутатларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги иштироки сезиларли даражада ўзгаряпти. Табиийки, депутатлик назорати бўйича ҳам самарали ишлар йўлга қўйилган. Бу, айниқса, депутатлик сўрови институти имкониятларидан фойдаланишда яққол кўзга ташланади.

Мазкур масаланинг жойлардаги ижроси, депутатлик сўровига маҳаллий ижро ҳокимиятининг жавоби ҳамда муносабати қандай? Депутатлар томонидан юборилаётган сўровларнинг қанчаси қаноатлантирилмоқда? Умуман, мутасаддиларнинг депутатларга, уларнинг фаолиятига муносабати ҳақида билиш учун жиззахликларга юзландик.

 

Оғриқли масала

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, вилоят кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Депутатлик сўрови фаолиятимизда энг оғриқли масала, десам хато бўлмайди. Чунки аксарият масъуллар депутатнинг сўровини охирги даражага қўяди. Биз юбораётган сўровлар бошқа қоғозлар орасида қолиб кетади. Ваҳоланки, биз фақат халқ сўраганини, сайловчилар истагини баён қиламиз. Халқ депутатлари шаҳар-туман Кенгаши депутатлари томонидан юборилаётган депутатлик сўровларига айрим ҳолларда мансабдор шахслар томонидан беписандлик билан қараш, яъни ўз вақтида жавоб бермаслик, муддатни кечиктириш, сўров юборилган мансабдорнинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан муносабат билдириши кузатилади.

Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ депутат мансабдор шахсларга, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан сўров юборишга ҳақли. Ҳар бир депутат сўровида инсонлар манфаати ётишига қарамай, айрим мансабдор шахслар бундай сўровларга беписандлик билан қарашда давом этяпти.

Тўғри, маблағ билан ҳал қилинадиган мурожаат кўп. Йўл қурилиши, ичимлик суви, газ ёки электр энергияси билан таъминлаш масалалари вақт ҳамда пул талаб этади. Бироқ шундай ҳолатлар бўладики, арзимаган масалалар ҳам йиллар давомида номаълум сабаблар билан ортга суриб келиняпти. Биргина мисол келтираман.

Шароф Рашидов туманида 50-умумтаълим мактаби бор. Катта йўлнинг юзида жойлашган. Муассасада 500 га яқин бола ўқийди. Уларнинг хавфсизлигидан хавотирга тушган ота-оналар мурожаати асосида депутатлик сўрови юбордим. Вилоят масъуллари тайёрлаб қўйилган шаблон матн билан жавоб йўллади. Яъни, мактаб ёнига светафор ўрнатиш белгиланган меъёрларга тўғри келмас экан. Шундан кейин Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига мурожаат қилдим. Улар ҳудудга келиб, синов ўтказишди, стандартларни текширишди, қанча одам бу ерда ҳаракатланишини ўрганиб, светафорга эҳтиёж борлигини тасдиқладилар. Аммо ҳануз натижа йўқ.

Яқинда вилоят ИИБ ЙҲХБ раҳбарининг ҳисоботи тингланди. Эшитувда шу масалани кўтардим. Кенгаш раҳбари талабимни овозга қўйди. Энди натижа бўлиб қолар, деган умидда эдим. Афсуски, умидим пучга чиқадиган кўринади. Чунки йўл белгиларининг эгаси йўқ. ЙХХБ «Автойўл» қилади дейди, «Автойўл» бошқа ташкилотга рўпарў қилади. Хуллас, сансоларлик билан масала ечимсиз қолиб кетяпти.

Давлатимиз раҳбарининг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бор. Унга кўра, туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Мазкур техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг алоҳида ғазна ҳисобварақларига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланиши белгиланган. Демак, ҳудудга аҳоли, хусусан, болаларнинг хавфсизлиги учун светафор ўрнатишнинг имкони бор.

Шунингдек, сессияларда кўрилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинади, протоколлар ёзилади. Булар ҳам расмиятчилик учун ўтказилмоқда. Бундай дейишимга сабаб, қарорлар ижроси назоратсиз қолиб кетади. Депутатлар ҳам сессияга нечта масала киритганига оид ҳисобот тўлдириш билан чекланади. Сессияга масала киритиш қийин эмас, унинг ижроси муҳим. Депутатлар учун ҳам, мутасаддилар учун ҳам муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул йўли шу, яъни ижро масъулиятини кучайтириш керак.

Қолаверса, депутат сўрови ҳамда сессия қарори ижросини котибиятлар назоратга олса, фаолиятимизда самарадорлик ортади.

 

Баъзи масалаларда тортишишга тўғри келади

Марат ИСОҚОВ,

меҳнат фахрийси, халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:

— Ҳозиргина Жиззах вилоят ҳокимининг қабулидан чиқдим. гап шундаки, бирор бир камчиликни кўрсам, эътиборсиз ўтиб кетолмайман. Бу гал вилоят марказининг Ўзбекистон кўчасидаги ҳолат юзасидан ҳокимга фикримни билдирдим. Ушбу кўчада жойлашган 1-умумтаълим мактабининг ёнидаги бекат белгиланган стандартларга умуман жавоб бермайди. Қонунчиликка кўра, бекат чорраҳадан 15 метр ичкарида жойлашган ва унинг ичида одамлар учун барча шароитлар яратилган бўлиши лозим. Аммо мазкур бекат ҳам тор кўчада, ҳам светафорга жуда яқин масофада жойлашган. Қизиғи шундаки, айнан ушбу бекатнинг тепасида автомобилларнинг ҳаракатларини кузатувчи камера ўрнатилган ва у йўл чизиқларини босган транспорт ҳайдовчиларини жаримага тортади.

Тўғри, қўпол равишда йўл қоидаларини бузаётган, тезликни ошириб, светафор чироқларидаги ишораларга бўйсунмайдиган, атайин йўл чизиқларини босадиган, бошқаларга халал бериб, авария ҳолатларини келтириб чиқарадиган ҳайдовчиларга нисбатан қўлланиладиган жарималар асосли. Аммо мазкур бекат ёнидаги ҳолатда ҳайдовчилар айбдор эмас, жабрланувчига айланиб қолмоқда. Чунки бекат светафорга жуда яқин, талабларга жавоб бермагани боис, эрталаб ва кечга яқин бир вақтнинг ўзида 2-3 та автобус бир вақтнинг ўзида бекат ёнида тўхтайди. Йўл торлиги ва бекат жуда кичиклиги боис автобуслар тўхташи транспортларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилади. Тирбандлик ҳосил қилмаслик учун ҳайдовчилар автобусларнинг ёнидан ўтишга мажбур бўлади. Натижада йўл чизиқларини босишига тўғри келмоқда. Ваҳоланки, талаб қилишдан олдин шароит яратиб қўйиш шарт.

Биламизки, йўллар бўйидаги ерлар аукционда сотилади ва миллиардлаб маблағ эвазига тадбиркорлар уларни сотиб олади. Ҳозирги вазиятда наҳотки масъуллар мавжуд ҳолатдан бехабар бўлса? Одамлар атрофдаги ноҳақликлар учун тегишли ташкилот ёки вилоят-шаҳар ҳокимидан эмас, биринчи галда давлатдан норози бўлади.

Лоқайдлик ҳақида гап кетганда яна бир мисолни айтмоқчиман. Яқинда бир фуқаро мурожаат қилди. Унинг айтишича, тунги соат 3 ларда шахсий автомобилида кетаётган пайтда ЙПХ ходими уни тўхтатган. Хавфсизлик камарини тақмагани сабабли жарима ёзган. Кейин эса ҳужжатларини текшириб, газ баллонидан фойдаланиш учун техпаспортида қайд этилмагани учун автотранспорт воситасини жарима майдончасига олиб боришини айтган. Эвакуатор чақириб, 4-5 километрлик масофага 300 минг сўм пул тўлашга мажбур қилган. Ҳайдовчи автомобилини қулфлаб, калитини ўзи билан олиб кетгани учун эвакуатор уни жарима майдончасига олиб киролмаган. Эрталаб ҳайдовчи жарима майдончасига борганида бунинг учун ундан бир миллион сўм жарима тўлаш талаб қилинган.

Мурожаатни ўрганиш учун жарима майдончаси масъулига учрашдим. Жарима майдонида ҳеч қандай шароит қилинмаганига гувоҳ бўлдим. Ваҳоланки, бу ерда одамларнинг неча ўн миллионлаб сарфлаган мулки қуёш тиғида ва ёғингарчиликлардан зарар кўрмоқда. Ҳолат юзасидан ноқонуний жарима талаб этилаётганига оид фактларни келтирдим. Бир миллион жарима бекор қилинди.

Масаланинг иккинчи томони, қонунга кўра, ЙПХ ходими ҳайдовчининг автомобилини газ баллондан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, жаримага тортиши белгиланмаган. Демак, бу ўринда ходимнинг ҳам ҳаракати ноқонуний ва асоссиз. ЙПХ ходими, қачонки, ҳайдовчи маст ҳолатда автомобилни бошқарса, автотранспорт бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари ёки умуман ҳеч қандай ҳужжати бўлмаса ва яна бошқа жиддий ҳолатда жарима майдончасига олиб киришга ҳақли. Бошқа турдаги қоидабузарликлар учун белгиланган жаримага тортилади, холос.

Яна бир масала. Шароф Рашидов туманида жамоат транспорти хизмати қониқарли эмас эди. Ўзим истиқомат қиладиган маҳалладан шаҳарга қатнайдиган биргина 4-сонли автобуснинг ичи доим лиқ тўла бўларди. Натижада одамлар йўналишли «Дамас»ларда қатнашга мажбур бўларди. Унинг нархи эса бир томон учун 4 минг сўм этиб белгиланган. Бир оиладан тахминан 3 киши ўқишга ва ишга қатнаса, бир кунда 48 минг сўм йўлкиранинг ўзига сарфланади. Бу эса кўплаб оила учун оғирлик қилади. Аҳолининг мурожаатлари асосида масалани ўрганиб, мазкур ҳудудга яқин маҳалладан ўтувчи 10-сонли автобусни йўналтириш орқали муаммога ечим топиш мумкинлиги ҳақида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи номига депутат сўрови юбордим. Масъуллар узоқ вақт жавобни пайсалга солишди. Шунда Бош прокуратура ва Бош вазирга мурожаат қилишимизга тўғри келди. Ва ниҳоят, икки ойдан ошиқ давом этган музокаралар якунига етиб, 10 кундан бери 10-автобус маҳалламизга қатнай бошлади.

Мен сайланган ҳудудда 1-сонли умумтаълим мактабига беш йил бўлибдики, бирор директор тайинламади. Натижада мактабдаги таълим аҳволи қизил зонада турибди. Бу ҳақида нафақат вилоят раҳбарияти, балки вазирликка ҳам ёздим. Аммо натижа бўлмаяпти. Таълим тизимини ислоҳ қилишга юксак даражада эътибор қаратилаётган бир пайтда биттагина мактабга раҳбар тайинлаш наҳотки шунчалар мушкул бўлса?!

Кўриб турганимиздек, бирор масалага ечим топиш учун бир марта сўров юбориш ёки йиғилишда муҳокама қилишнинг ўзи етарли бўлмаяпти. Одамларни рози қилиш, жойларда тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш учун виждонли раҳбарлар, жасоратли депутатлар кўпайиши лозим.

 

Мурожаатларга бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ

Меҳринисо БОБОЕВА,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари, Ғаллаорол туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Тан олиш керак, депутатлик сўровига ҳудудимизда масъулларнинг муносабати охирги икки йилда бирмунча яхшиланди. Ўтган вақт давомида 25 та сўров юборган бўлсам, уларнинг 21 таси қаноатлантирилди. Лекин камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, депутат сўрови, сессия қарорларининг ижроси бўйича ҳамма жойда ҳам мутасаддиларнинг муносабати бир хил, деб айта олмайман. Хусусан, қуйи тизим, яъни маҳаллий ижро ҳокимиятларида кўп масалаларда эскича қараш ҳамон сақланиб қоляпти. Шу сабабли кайта- қайта турли идоралар эшигини тақиллатишга, мутасаддиларга аҳолининг мурожаатини етказишга тўғри келаётир.

Масалан, «Маданият» МФЙдаги «Тутли» қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув минорасини ишга тушириш уч йилдан буён ҳал этилмаяпти. Ҳар йили тегишли ташкилотга сўров юбораман. Келаси йил давлат дастурига тушириш ҳақидаги жавоб олинади. Аммо бу «келаси йил» қачон келаркин, билмайман.

Худди шу МФЙдаги «Нуробод» қишлоғида 2 ярим км асосий кўчаларни асфальт қилиш, пиёдалар йўлакчалари ташкил этиш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, марказлаштирилган ичимлик суви тортиш масаласи ҳам муаллақ бўлиб осилиб турибди.

Албатта, охирги вақтларда маҳаллалар билан ҳамкорлигимиз анча фаоллашди. «Маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Уларда ҳудуддаги аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, айниқса, ҳотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳар бир масала юзасидан тегишли тартибда ўрганишлар олиб бориляпти, масъулларга сўров ва мурожаатлар йўлланяпти. Айрим муаммолар сессияда муҳокама қилиняпти. Уларнинг ечими эса ижро органлари масъулиятига, шунингдек, жамоатчилик назоратига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз, депутатлар «Оғиримизни енгил қилади», деган умидда овоз берган сайловчилардан тушаётган таклиф ва мурожаатларга бефарқ қарашга асло ҳаққимиз йўқ.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш