Болалар ҳимоясидаги кечиктириб бўлмас масалалар
Болалар ҳимоясидаги кечиктириб бўлмас масалалар

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 7 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган ва бундай хавф юқори бўлган шахслар ва оилалар манфаатлари бўйича судга мурожаат қилинганда давлат божини тўлашдан озод қилиш кўзда тутилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг биометрик паспортини алмаштириб беришда енгилликлар яратилиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги сабабли ҳам депутатлар ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилгач, бир овоздан маъқуллашди.

Йиғилишда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг диққат эътиборида бўлди. Лойиҳада болаларга нисбатан зўравонлик тушунчасига кенг таъриф берилган. Моддама-модда муҳокама қилинган қонун лойиҳаси юзасидан баҳс-мунозаралар юзага келди.

Бугунги кунда болаларга хавф солаётган ижтимоий, иқтисодий, маиший ва глобал масалаларга эътибор қаратилган ҳолда, саволлар берилиб, ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилгач, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

 

Савол

Елена Бабенко,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳаси бўйича саволлар, бир-бирига мос келмайдиган жиҳатлар кўп. Васийлик идораларининг вазифалари деярли кўринмаяпти. Мени ҳайрон қолдиргани жинсий эркинлик жумласининг пайдо бўлганидир. 41-моддада соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш ҳақида гап бормоқда. Жинсий эркинлик нима ўзи? Қандай тушуниш керак? Болалар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунда бундай тушунча йўқ. Мазкур қонун лойиҳасида ҳам тушунтириш берилмаган.

 

Жавоб

Дилноза Ҳусанова,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими:

– Мазкур тушунча Жиноят кодексидан олинган. Бу ерда гап вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий эксплуатация қилишни чеклаш ҳақида кетмоқда. Жинсий дахлсизлик ва жинсий эркинлик тушунчалари ёнма-ён қўлланилади.

 

 

Йиғилишда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил якунларини ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди ва маъқулланди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш