«Ўзбекистон овози»: Аввал тест, сўнг танлов – бу тамойил қандай ишлайди?
«Ўзбекистон овози»: Аввал тест, сўнг танлов – бу тамойил қандай ишлайди?

 

Олий таълимга навбатдаги ўқув йили учун ҳужжат топшириш фурсати тобора яқинлашмоқда. Шу кунларда мактабни битирган, мустақил ҳаёт йўлига чиққан юз минглаб ёшларимиз талабалик орзусида ўз келажагига умид кўзи билан қараяпти, бор куч-ғайрати билан олдинда турган синов-имтиҳонларга тайёрланяпти.

 

2023 йил 3 июль куни давлатимиз раҳбарининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унда 2024/2025 ўқув йилидан ОТМга кириш имтиҳонлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида йўлга қўйилиши белгиланган. Бунда абитуриентларга тўплаган баллидан келиб чиқиб, таълим муассасаси, таълим йўналиши ва шаклини танлаш имконияти яратилади. Шунингдек, академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилишда ёзма имтиҳон асосида дастлабки саралаш босқичи бекор қилинади, коллеж ва техникумларнинг таълим дастурларига давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 2 бараварга оширилади.

 

Олий таълим муассасаларига қабул квотаси

Президентнинг шу йил 25 майдаги «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ жорий ўқув йили қабулидан бошлаб давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинди. Таъкидлаш жоизки, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустаснодир. Давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади.

Давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади. Бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан ошмаган ҳажмда молиялаштирилади.

Давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади.

 

Таълим гранти кимларга ажратилади?

Айтиш жоизки, ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади.

Таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун ажратилади.

Янги ўқув йилидан бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади. Бунда:

биринчи курсда таълим грантига кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабалар лойиқ кўрилади;

иккинчи ва ундан кейинги курсларда эса таълим гранти юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида ОТТ томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади;

таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади;

ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади;

таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.

Давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш балли тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталари ажратилади.

 

Танловабитуриент ихтиёрида

Шундай қилиб, янги ўқув йилидан давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган баллидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди.

Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилади.

Иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.

2025−2026 ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.

Барча давлат коллеж ва техникумларига «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва (ёки) техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

 

Магистратура учун чет тили даражаси талаби пасайтирилди

Шу пайтга қадар амалда бўлиб келган тартибга кўра, филологик йўналишлар учун C1 даража, қолган барча йўналишлар учун эса B2 даража талаб қилинарди.

Янги тартиб бўйича, магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилади:

— хорижий тиллар йўналишлари бўйича – камида С1 даражасида;

— гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича – камида В2 даражасида;

— бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари (ихтисосликлари) бўйича – камида В1 даражасида бўлиши керак.

 

Ўқишга киришда имтиёзлар ҳам бор

Имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар Давлат комиссиясининг қарорига асосан таълим шаклидан қатъи назар, рўйхатдан ўтишда имтиёз амал қиладиган доирада танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар бор. Яъни, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари, SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари бўлган етим ўғил-қизлар, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар улар учун ажратилган алоҳида қабул параметрлари доирасида, танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади.

Халқаро спорт мусобақалари ғолиблари жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишларига спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Имтиёз билан давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентга ушбу имтиёздан такроран фойдаланишга рухсат этилмайди. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълим тўлов-контракт асосида амалга оширилади, шунингдек, олий таълимнинг тегишли босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабага иккинчи марта таълимнинг ушбу босқичи учун давлат гранти ажратилмайди.

Олий таълим муассасалари, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари ҳамда ҳарбий-академик лицейларга ўқишга киришда имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг ягона базаси ҳар йили 1 июнга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус ахборот тизимига киритиш орқали шакллантириб борилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш