Уй-жой субсидияси: Фракциямиз аъзоси савол қўйди, вазир муддат сўради
Уй-жой субсидияси: Фракциямиз аъзоси савол қўйди, вазир муддат сўради

 

Ҳар бир ўзбекнинг, ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаётга, бахтга нисбатан ўзига хос қараши бор. Аксарият одамларда улар бир-бирига ўхшаш бўлади. Шахсий, оилавий бахтнинг марказида кўпинча уй-жой, ватан туради. Хотиржамликнинг асоси ўз уйи, бошпанаси бўлишда, деган дунёқараш асрлар давомида шаклланган. «Ўз уйингўлан тўшагинг» нақли ҳам мавзуга яна бир характерли мисол.

 

Бош қомусимизнинг 47-моддаси шундай баён қилинади:

Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга...

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.

Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.

Юртимизда аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражасини оширишга қаратилган ислоҳотлар зарурати қонунларимизда ҳам мужассам. Асосий эътибор субсидия ва ипотека кредитлари ажратиш билан бирга, уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилишига қаратилган. Демографик ўсишнинг шиддати ҳам мазкур ёндашувнинг ҳаётийлигини оширгани бор гап.

3 июнь куни Давлат бюджети ижроси муҳокама этилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамаджанова 2023 йилда ипотека субсидияси учун ариза топширганларнинг бор-йўғи 5 фоизи имкониятдан фойдалангани, ажратилган маблағ тўлиқ ўзлаштирилмаганини айтиб, ҳукумат вакилларидан изоҳ ва келгусида қандай чора-тадбирлар кўрилиши ҳақида сўради.

Депутатимизнинг саволига жавоб берган вазир ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров Иқтисодиёт ва молия вазирлиги субсидияларни чекламаслигини айтиб, келгуси йилларда маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши учун бу йил 7 минг оилага ўз уйларида қурилиш қилиши учун маблағ ажратиш кўзда тутилаётгани ва шу йилдан бошлаб тўлиқ республика бюджетидан маблағ ажратиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Сабаби, ўтган йилда умумий сумманинг бир қисми республика бюджетидан, яна бир қисми маҳаллий бюджетдан қоплаш кўзда тутилган эди. Натижада маҳаллий бюджетда муаммолар бўлганлиги сабабли пул ажратишда муаммолар бўлган.

Вазирлик вакилининг жавобидан кейин палата спикери масала жуда муҳимлигини билдириб, қўшимча изоҳ сўради:

– Тўғри, вазирлик молиялаштириб беради, – деди Нуриддин Исмоилов. – Лекин умумий ариза топширувчиларнинг бор-йўғи 5 фоизи субсидия олгани, 500 млрд. сўм ўзлаштирилмай қолгани учун сабаблар бўлиши керак. Балки, комиссиялар жуда яхши ишлар, балки, қандайдир бюрократик тўсиқлар бордир. Бизга шуни кимдир тушунтириб берсин.

Спикернинг саволидан кейин Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўзи тушунтириш беришни жоиз деб билди. Кўтарилган масала долзарблигини айтиб, тизимда бюрократик тўсиқлар борлиги, янги тайинланган вазир ўринбосари шу масалани ўрганаётгани, маблағлар тўлиқ ўзлаштирилиши учун таклифлар тайёрлаётганини билдирди. Бу бўйича батафсил ахборот бериш учун бир ой вақт сўради.

Энди мазкур муҳокамага сабаб бўлган рақамларга тўхталсак, ипотека кредитлари бўйича 2023 йилда Давлат бюджетидан 30 минг нафар фуқарога 1,6 трлн сўм субсидия тўлаб берилиши белгиланган эди.

Ўтган йил 1 майидан 1 декабрига қадар 329 998 нафар фуқародан ариза келиб тушиб, шундан 30 минг нафарига ижобий хулоса берилган.

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, 15 204 нафар фуқарога 1 100,7 млрд сўмлик маблағ тўлаб берилган.

Режага мувофиқ, ижобий хулоса олган аризачиларнинг 15 мингтасига республика бюджетидан, яна 15 мингтасига маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан субсидия берилиши назарда тутилган.

Кўриниб турибдики, режа бажарилмаган, бор маблағ ўзлаштирилмаган. Ваҳоланки, субсидияга эҳтиёж сезаётган фуқаролар оз эмас.

Маълумотларга кўра, субсидия учун тўланган умумий сумманинг 35 фоизи 3 та ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Булар – Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти.

Мазкур ҳудудлар доимий яшовчи аҳоли сонига кўра мамлакатимиздаги энг йирик ҳудудлардан ҳисобланади.

Энг кам субсидия маблағлари Сирдарё вилояти (22,7 млрд), Қорақалпоғистон Республикаси (26,8 млрд) ва Тошкент вилояти (39,7 млрд) ҳиссасига тўғри келади. Бу жами сумманинг 8 фоизи, дегани.

Эътиборимизни тортгани Тошкент вилояти доимий аҳоли сони бўйича республикамизда энг юқори кўрсатгичга эга ҳудуд бўлишига қарамасдан субсидия олиш кўрсатгичлари юқори эмас.

Ариза топширувчиларнинг бор-йўғи 5 фоизи субсидия олгани ва ажратилган маблағнинг 500 млрди ўзлаштирилмай қолганига аниқ сабаблар борлиги ва масъуллар буни аниқлаб асосли таклифлар тайёрлашига ишонамиз.

Масалан, белгиланган максимал сумма реал уй-жойнинг нархидан паст эканлиги, иккиламчи уйларга нисбатан субсидия татбиқ этилмаслиги, субсидия муддатининг камлиги, субсидияли уйларнинг ипотекали уйларга нисбатан қимматга айланиши ҳам муаммо туғдираётган бўлиши мумкин.

Аслини олганда, 15 мингдан ортиқ фуқаронинг давлат кўмаги билан уй-жойли бўлиши катта масала. Лекин бир йилда ўртача 280 мингдан ортиқ янги никоҳлар қайд этилаётган мамлакат учун бу камдек, гўё.

Етарли даромадга эга бўлмаган, фарзандларини ёлғиз катта қилаётган аёллар, энди катта ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласи турибди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ойда янги ташаббус ва ечимлар таклиф қилишини кутамиз.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 5.06.2023, №23

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш