Ўзбекистон–Туркия давлатлари ўртасидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқади
Ўзбекистон–Туркия давлатлари ўртасидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқади

 

Давлатимиз раҳбари 6 июнь куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатга бордилар. Ташриф доирасида бир қатор мулоқот ва тадбирлар бўлиб ўтди. Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилди.

Саммит Ўзбекистон-Туркия давлатлари учун кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга замин яратади.

Сўнгги йилларда ҳар икки мамлакат ўртасида амалга оширилган ишлардан ҳам кўришимиз мумкин-ки, ўзаро савдо ҳажмининг 1,5 бараварга, қўшма корхоналар сони 2 бараварга, инвестициялар ҳажми 2,5 бараварга ошганлигидан ёки ҳар икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 90 та ҳаво қатновларининг йўлга қўйилганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Музокаралар давомида ҳар икки мамлакат ўртасида савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, учинчи мамлакатлар бозорига биргаликда чиқиш, келгусида янги ўсиш нуқталари ва махсус саноат кластерларини яратиш бўйича тизимли ишлашга келишиб олинди.

Шунингдек, мазкур учрашув давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз ўртасида энергетика, тоғ-кон, электротехника, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги интилишлар қатъий эканлигини билдириб, икки мамлакат ҳукуматларига логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш, мавжуд транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва бизнес алоқаларини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш каби муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Бундан ташқари, учрашувда давлатимиз раҳбари қўшма Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини ва унинг илк йиғилиши икки давлат раҳбарлари бошчилигида ўтказилганлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Ташриф давомида бир қатор муҳим учрашувлар, тадбирлар ўтказилиши ҳар икки мамлакатлар учун манфаатли бўлди десак муболаға бўлмайди. Чунки, учрашувларда маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқларимиз ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро маданият ҳафталиклари, таълим ва тиббиёт форумлари, кўргазмалар ўтказиш ва туристлар оқимини ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Барча келишувларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш учун алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда нафақат бошқа соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилди. Балки, парламентлараро муносабатлар ҳам янги босқичга чиқаётганлиги таҳсинга лойиқ. Мен ҳам Туркия дўстлик гуруҳи аъзоси сифатида бир неча бор парламентимизда улардан келган делегация аъзолари билан учрашувда иштирок этганман. Улар ҳам мулоқот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва ўзаро парламентлараро муносабатлар яхши йўлга қўйилганлигини бир неча бор эътироф этганлиги бор ҳақиқат. Бизнинг Қонунчилик палатасининг депутатлари ҳам бир неча бор Туркия давлатига бориб, форумлар ва тадбирларда иштирок этиб келиши, ҳар иккала парламентлар ўртасида муносабатларнинг янги босқичга чиқишига хизмат қилмоқда.

Бизнинг ўзаро муносабатларимиз азал-азалдан узоқ ўтмишга бориб тақалади. Халқларимизнинг тили, урф-одатлари ва қадриятлари бир-бирига яқинлиги келгусида ҳам бу анъаналаримиз давом этишига замин яратади.

Давлатимиз раҳбарининг Туркия Республикасининг олий давлат мукофоти билан тақдирланиши бизнинг мамлакатга жуда катта эътибор ва эътирофнинг амалдаги ифодасидир. Бу юксак мукофот халқимизнинг ўзаро ҳамкорлигининг бардавом бўлишига хизмат қилади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш