Чеклаш эмас, тенглик зарур
Чеклаш эмас, тенглик зарур

 

Парламентдаги фракциямизнинг яна бир қонунчилик ташаббуси қўллаб-қувватланади

Давлат хизматига ишга киришда ҳар доим ҳам профессионаллик асосий ўринда турмайдиган, бошқа муҳим бўлмаган омиллар тарози палласини босиб кетадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Тенглик, шаффофлик, очиқлик ўрнида таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, коррупциявий ҳолатлар, қариндош-уруғчилик каби иллатлар давлат хизматини ривожлантиришга тушов бўлиб келди.

Давлат хизматини чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлантириш, бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш мақсадида 2022 йилда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида» қонун қабул қилинди.

Давлат хизматига киришда номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқлар тенглиги янгиланган Конституциямизнинг 37-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидаларини амалга оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатлар яратиш мақсадларини назарда тутади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ХДП фракциясининг қонунчилик ташаббуси бўлиб, унга кўра, янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунга ва Меҳнат кодексига қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилмоқда.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар изчил амалиётга татбиқ қилинмоқда. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 28-моддасида «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деган қоида бор.

Бироқ бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида фуқаролар яқин қариндошида судланганлик ёки тугалланган судланганлик ҳолати мавжудлиги боис ишга кира олмаётгани билан боғлиқ вазиятлар ҳам тўла барҳам топган, дея олмаймиз. Инчунун, давлат хизматига бел боғлаган номзодни ишга қабул қилишни айни важ билан рад этиш амалиёти ҳамон мавжуд.

Юқорида келтирилган қонун лойиҳаси эса бундай ҳолатларга узил-кесил чек қўйиш, конституциявий нормаларнинг реал ҳаётда ишлашига эришиш, фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси «қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишидаги ва уни ўташдаги ҳуқуқлари чекланиши учун асос бўлиши мумкин эмас», деган жумлалар билан тўлдирилмоқда.

Меҳнат кодексининг 4-моддаси иккинчи қисмига «ижтимоий келиб чиқиши» деган сўзлардан кейин «қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги» деган сўзлар киритиляпти.

Мажлисда депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Қуйи палата йиғилишида қизғин муҳокамалар асносида кўриб чиқилган яна бир қонун лойиҳаси сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишга қаратилгандир.

Дунё бўйлаб сейсмик офатлар тез-тез кузатилиши барчамизга маълум. Мамлакатимизнинг географик жойлашуви туфайли бу масалага шунчаки кўз ташлаб ўтиб бўлмайди. Сейсмик хавфсизликни таъминлашда тизимли ва режали ислоҳотлар зарур. Бу борада жаҳондаги илғор тажрибаларга таяниш, шаҳарсозлик соҳасида илмий янгиликка ва инновацияга асосланган ёндашувларни жорий этиш пировард натижада фуқаролар муҳофазасини, уларнинг тинч-хотиржам яшашдек олий ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади.

Олимларнинг фикрича, сейсмик хавф-хатарларга нисбатан энг яхши ҳимоя зилзилабардош биноларни қуриш ҳисобланади. Мамлакатимиз бўйлаб шаҳарсозлик ишлари жадал суръат касб этган бир пайтда барча қурилиш-пудрат ташкилотлари мазкур масалага масъулият билан ёндашяпти, деб бўлмайди. Шу боисдан бинолар ва иншоотларни қуришни ҳамда таъмирлашни амалга оширувчи ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий, оғишмай риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш – ҳаётий зарурат.

Мажлисда кўрилган «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг долзарблиги ҳам шунда.

Ушбу лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликларни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Жиноят кодексининг амалдаги 2293-моддасининг санкциялари кучайтирилиб, бош режаларга зид равишда қурганлик, фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузганлик, кўп квартирали уйларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги конструкцияларни бузганлик ва рухсат олмасдан қурганлик учун маъмурий жарималар қўлланилганидан сўнг, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг қайта содир этилиши жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши белгиланмоқда.

Яъни, мазкур қилмишларнинг оғир ёки енгиллигига қараб маъмурий жазо тайинлангандан сўнг содир этилса – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Агар қонунбузарлик одамлар ўлимига сабаб бўлса ёки бошқа оғир оқибатларни келтириб чиқарган ҳолларда – 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва қонунбузарлик тўғри квалификация қилиниши учун ҳар бир ҳуқуқбузарлик алоҳида қисм сифатида қайд этилмоқда. Инспекция ёки судларда содир этилиши мумкин бўлган коррупциянинг олдини олиш мақсадида маъмурий жарималар миқдорини ягона қилиб белгилаш, яъни, амалдаги маълум бир суммадан маълум суммагача деган нормадан воз кечиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиқиш давомида берилган бир қатор таклифлар ишчи гуруҳ йиғилишларида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти ҳужжат матнида акс эттирилди.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кўпайиб бораётган ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, тасдиқланган бош режаларга риоя этилишини таъминлаш, қурилиш сифатини ошириш ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарликларни камайтириб, жазо таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Мажлисда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси, «Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Халқаро меҳнат ташкилотининг Тўлиқсиз иш вақти шароитларида ишлаш тўғрисидаги 175-сонли Конвенциясини (Женева, 1994 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги, амалдаги қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга йўналтирилган «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада такомиллаштириш, танловда ғолиб лойиҳаларни аниқлашда инсон омилини мумкин қадар қисқартириш борасида кўрилаётган чоралар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж. Қўчқоровга парламент сўрови юборилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 12.06.2023, №24

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш