Тежамкорлик ва тартиб сув билан ҳаводек муҳим
Тежамкорлик ва тартиб сув билан ҳаводек муҳим

 

Йилдан-йилга энергия истеъмоли ошиб бормоқда. Энергетика вазирлиги прогнозларига кўра, 2030 йилгача бўлган даврда электр энергияси истеъмолининг йиллик ўсиши 6-7 фоиз атрофида бўлади. Яқин йилларда 22 та электр станцияси ишга туширилган. Электр энергияси ишлаб чиқаришга хусусий капитал ҳам жалб қилинган.

Сизу бизга боғлиқ муҳим жиҳат ҳам бор. Энергиянинг исроф бўлишига йўл қўймаслик, тежамкорликка амал қилиш. Уйимизда бир кун чироқ бўлмаса, дод-вой қиламиз.

Энергиядан самарали, тежамли фойдаланилмас экан, ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни қондириш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

Давлат раҳбари раислигида 10 июнь куни энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Иқтисод қилиш режаси тўлиқ бажарилмаяпти

Йиғилишда қайд этилганидек, ўтган йили электр ва газни тежаш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди. Хонадонлар ва ижтимоий объектларда ўрнатилган қуёш коллекторлари ҳисобига 20 миллион киловатт электр тежалмоқда. Саноат корхоналари ҳам «яшил энергия» манбаларини жорий қилмоқда.

Лекин айрим ҳудудларда ишлар суст бўлгани учун электрни иқтисод қилиш режаси тўлиқ бажарилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш, маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда жорий йилда 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрлаш топширилди. Жумладан, 251 та шифохона, 292 та боғча, 393 та мактаб ва интернат таъмирланади.

Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлади.

Ҳар бир ҳокимга биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Электромобилни хонадонда қувватлаш рағбатлантирилади

Юртимизда электромобиллар сони охирги уч йилда 10 карра ошиб, 35 мингтага етди. Жиззахда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Шу муносабат билан электр тизимини ривожлантиришда янги зарядлаш қувватларини ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Эндиликда электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинади. Қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатган аҳолига тунги вақтда қувватлаганлик учун арзон тариф қўлланади.

Кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатиш мумкин бўлади. Давлат ташкилотлари, савдо маркази, меҳмонхона ва дам олиш масканлари автотураргоҳида қувватлаш станцияси ўрнатилади.

Йиғилишда энергетиканинг ресурс базасини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгилаб олинди.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

 

ХДП депутатлари нима дейди?

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бутун мамлакат иқтисодиёти, халқимизнинг улкан рўзғори энергия, электр билан боғлиқдир. Кейинги йилларда юртимиз катта яратувчилик маконига айланиб кетди, қаерга борманг, янги қурилиш, янги бино, янги ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш манзили йўлингиздан чиқади. Уларнинг ҳаммасига энергия керак, акс ҳолда, ўзгаришнинг, ўсишнинг имкони йўқ.

Истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли ва узлуксиз етказиб бериш, бу борада ошиб бораётган талабни қондириш муҳим, албатта. Тўғрисини айтиш керак, шу кунгача биз жиддий эътибор бермаган, қайсидир маънода амал қилмаган, энди эса истеъмол маданиятимизда кундалик меъёрга айланиб бораётган тежамкорлик орқали электр энергиясининг узлуксизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш мумкин. Кундалик ҳаётда электр энергиясини тежашнинг оддий қоидаларига риоя қилиш орқали ҳар биримиз табиий ресурсларни оқилона сарфлашга ҳисса қўшамиз.

Мутахассисларнинг фикрича, миллий иқтисодиётнинг энергия сиғими ривожланган мамлакатларникидан 2-2,5 баравар юқори. Энергия ресурсларининг катта йўқотишлари уй-жой секторида ҳам юз бермоқда. Электр энергиясининг ўртача истеъмоли уй-жой секторида жаҳон миқёсида 23 фоизни ташкил этса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 40 фоизга етади. Яъни, Европада бир квадрат метр учун энергия истеъмоли йилига 120 – 150 кВт·соатни ташкил қилгани ҳолда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 390 кВт·соатдан ошади.

Шу жиҳатдан ҳам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши, унда белгилаб берилган вазифалар ҳаммамиз учун аҳамиятли.

Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт, деди давлатимиз раҳбари.

Ростан ҳам, энергияни исроф қилмасдан ишлатсак, қанчадан-қанча беҳуда йўқотишларнинг олди олинади.

 

Нима учун тежаш керак?

Биринчидан, табиатга ғамхўрлик қилиш учун. Энергия самарадорлиги юқори бўлган уй хўжаликлари атроф-муҳитга камроқ зарар етказади.

Иккинчидан, энергия самарадорлик оила маблағини тежаш имконини ҳам беради. Ҳисоблагичлар ва ишончли иссиқлик коммуникациялари ёрдамида фақат аслида фойдаланилган энергия учун ҳақ тўланади.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бутун дунёда, мамлакатимизда аҳоли сони ошгани, иқтисодиёт тармоқлари кенгайгани сари энергияга талаб ҳам ошиб бормоқда. Охирги беш йилда юртимизда электр энергия истеъмоли 20 фоизга ошибди.

Тежамкорликка амал қилиш биздан маблағ сўрамайди, катта ташвиш туғдирмайди ҳам. Шунчаки кўпроқ эътиборли бўлиш кутилади, холос.

Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди.

Бунда йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар уч йилда энергия аудитидан ўтади. Энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради, аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади. Мутасаддиларга йил якунигача янги тизим билан боғлиқ техник регламент ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Йилдан-йилга энергия ресурсларига талаб ошиб бораётган замонда улардан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликни камайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифлар, белгилаб берилган вазифалар энергия самарадорлигини ошириш учун муҳим, албатта.

Энергия самарадорлиги кўплаб иқтисодий, ижтимоий ва экологик фойда келтиради. Бу иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон саломатлиги ва ҳаёт сифатига зарар етказувчи чиқиндилар, ифлослантирувчи моддаларни камайтиришнинг энг оддий ҳамда тежамкор усулларидан биридир. Энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг кенг қўлланилиши коммунал тўловларни камайтиради, иқтисодий афзалликлар яратади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 12.06.2023, №24

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш