Меҳр-мурувват, саховат байрами
Меҳр-мурувват, саховат байрами

 

Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ улуғ айёмга мамлакатимиз миқёсида қизғин тайёргарлик кўрилди. Улуғ айёмнинг маънавий ҳаётимиздаги муҳим аҳамияти шундаки, ушбу ойда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, эҳтиёжманд ва муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод қилиш каби савобли ишлар давом кўлами янада кенгаяди.

Зеро, бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик ва сахийлик халқимизга хос хислат. Бу инсоний фазилатлар, айниқса, Қурбон ҳайити кунлари янада ёрқин намоён бўлади. Шу кунларда халқимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бунёдкорлик кайфияти билан яшамоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб бормоқда. Айниқса, халқимизнинг ислом маданияти ва цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини мамлакатимиз ва дунё жамоатчилигига етказиш, табаррук қадамжоларни обод қилиб, зиёратгоҳларга айлантириш, буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шунингдек, Қурбон ҳайити арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Ҳаж сафарини адо этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар яратиб берилаётганини ҳам эътироф этиш жоиз. Маълумотларга кўра, 2016 йилда 5 минг нафар зиёратчи Ҳаж сафарига борган бўлса, ушбу йилда эса 15 минг юртдошимиз Ҳаж ибодатини адо этмоқда.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, уларнинг мусулмон оламида нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Ўтиб бораётган депутатлик фаолиятимиз давомида хизмат сафари билан юртимизнинг турли вилоятларига бордик. Хусусан, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги тарихий обидалар, Тошкент вилоятида Зангиота, Сурхондарё вилоятида буюк муҳаддис Имом Термизий, Қашқадарё вилоятида аллома Абул Муин Насафий, Тошкент шаҳрида Сузукота зиёратгоҳларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўлдик. Натижада сўнгги йилларда мамлакатимиздаги ушбу муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун келадиган туристлар оқими йилдан йилга ортиб бормоқда.

Қурбон ҳайитини байрам сифатида нишонлаш замирида катта маъно бор. Ушбу байрам кунларида халқимиз бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб, қавму-қариндошлар бир-бирлари билан хабарлашади. Етим-есирлар, бева-бечораларга хайру эҳсон қилинади. Бу байрам қариндошлик, қўни-қўшнилик, қуда-андалик ришталарини янада мустаҳкам боғлашга хизмат қилади. Ёшларимизни миллий қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшади. Шунинг учун ҳам муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти беқиёсдир.

Президентимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар натижасида Муборак Ҳайит куни мусулмон аҳли жамоат бўлиб ҳайит намозини ўқиш учун йиғилади. Ҳайит намози вақтида ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ва инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар эътироф этилади.

Шунингдек, Қурбон ҳайити намозидан сўнг ҳамюртларимиз яқинлари ҳолидан хабар олиш, бир-бирини қутлаш учун йўл олади. Қурбонлик қилинаётган хонадонларга борилади. Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турадиган ушбу кунда юртимиз тинчлиги абадий бўлишини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғуларимиз янада зиёда бўлишини тилаб турадиган нуроний отахон-онахонларимизни зиёрат қилиш, фарзандларимизга ушбу муборак куннинг тарихи ва аҳамиятини уқтириш эса, авлоддан авлодга ўтиб борадиган милллий қадриятларимизни асраб қолишга замин яратади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш