Дунё илм-фани ривожланишнинг янги босқичларига қадам қўяётган, таъбир жоиз бўлса, сунъий идрок ҳаётимизнинг барча жабҳасига фаол кириб келаётган айни паллада аграр давлат мақомини бўйинга олиб яшаш тараққиётга интиладиган мамлакатга муносиб ҳолат эмас. Мана шу ҳаётий заруратни ўз вақтида англаб, кадрлар тайёрлаш ўзанини замонавий талабларга йўналтирмаган давлат ҳам, олий таълим тизими ҳам, жамият ҳам муқаррар ютқазади.
Президентимиз раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши барча мутасаддилар, олий таълим муассасалари ректорлари, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш вакиллари учун тарихий учрашув бўлди.
Давлатимиз раҳбари 2022 йили 20 декабрда Олий Мажлисга ҳамда халқимизга Мурожаатномасида кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилиниши, янги замон инженерлари тайёрлаш тизими яратилиши ҳақида сўз юритган эди. Бугунги йиғилиш ана шу концептуал мақсадга эришиш йўлидаги ҳал қилувчи қадам бўлди.
Танқидий таҳлил, янги ғоя ва ташаббусларга таянилган йиғилишда мамлакатимизда замонавий талабларга мос муҳандис кадрлар тайёрлашнинг айни пайтдаги ҳолати танқидий таҳлил этилди. Ҳолатга қайси томондан қарамайлик, рақамлар бор ҳолатни очиқ ойдин кўрсатиб турибди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари келтирган фактларни яна бир карра эсга олсак. Юртимиздаги техника йўналишидаги 36 та давлат олий таълим муассасасини ҳар йили 67 минг йигит-қиз битиради. Бироқ уларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналиш бўйича ишламаяпти. Сабаби уларни тайёрлаган олий таълим муассасаларининг ўқув дастури ва ихтисосликлари бугунги кунда иш берувчилар талабини тўлақонли қониқтира олмаяпти.
Олий таълим муассасалари замонавий йўналишларда кадрлар тайёрлаш тизиимни йўлга қўймаса маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур бўлади.
Ҳолбуки, чет элдан жалб қилинаётган муҳандисларнинг ишини ўзбек ўғил-қизлари ҳам уддалашга қодир. Бунинг учун уларга замонавий кўникма ва тажрибалар ўргатилиши керак. Ҳолатга энг муносиб таъриф ҳам йиғилишда айтилди: замонавий муҳандислар тайёрланмаётганининг сабаби шуки, ОТМ ва саноат корхонаси ўртасида узилиш юз берган. Ректорлар корхоналарга бориб, янги технология ва ускуналар билан танишмаяпти. Улар мутахассислар тайёрлашда иқтисодиётнинг реал секторидаги кадрларга эҳтиёжни инобатга олмаяпти.
Давлатимиз раҳбари олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш масаласига тўхталар экан, доим мана шу нозик жиҳатга алоҳида эътибор қаратади. Назарий билим ва кўникманинг амалиётда мустаҳкамланиши ва асосланиши, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш занжирини тўлақонли интеграциясини таъминлашга урғу беради. Бу бежиз эмас. Шу йўл билан битирувчиларнинг сифатли билим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, амалиётда чиниқиб, бирор корхона ёки ташкилотга керакли ходим сифатида шаклланиб боришига эришилади. Бу жараёнда, шубҳасиз, ишлаб чиқарувчиларнинг кадрларга эҳтиёжи ва талаби ниҳоятда муҳим.
Йиғилишда биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилиши маълум қилинди. Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади. Келгусида ҳамкор корхоналарда олий таълим муассасасини кафедралари очилади ва дуал таълим йўлга қўйилади. Бу жараёнда корхоналар кафедраларни жиҳозлаш, ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантириш чораларини кўради. Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими ҳам тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.
Бу жараёнда тажриба-синов илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси қонуний асосларини такомиллаштириш олдимизда турган муҳим вазифалардан.
Замонавий ОТМларнинг даромади фақат талабанинг тўлов-шартномасидан тушадиган тушумдангина шакллантирилмайди. Айниқса, техника-муҳандислик йўналишидаги олийгоҳлар кенг қамровли иш юритиши, бунинг учун ҳуқуқий имкониятлар бемалол бўлиши муҳим.
Илмий ишланмалар, амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш эвазига ҳам катта фойда олиш мумкин. ОТМ олимларининг ихтиролари тижорийлаштирилиб, ишлаб чиқаришга фаол жорий этилиши орқали ҳам салмоқли маблағ шаклланади. Мана шу жараённи тажриба-синов илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мувофиқлаштиради.
Кечаги йиғилишда билдирилган фикрлар, белгилаб берилган долзарб вазифалар юртимизда олий муҳандислик техника таълимини янги босқичга олиб чиқишга, илм-фан ва ишлаб чиқаришни бир-бирига яқинлаштиришга, яхши натижалар учун шерик ва ҳамкорга айлантиришга асос бўлади.
Ўзи ўйлаб кўрайлик, илм-фан, техник-муҳандислик билими ишлаб чиқариш билан, корхоналар билан, реал ҳаёт билан боғланмаса, иқтисодиётга, жамиятга қачон ва қандай самара келтириши мумкин? Илм-фандан, муҳандисликдан мақсад ишлаб чиқаришда, иқтисодиётда фаол бўлишдан иборат эмасми аслида?
Эътибор берсак, техник самарадорлик нуқтаи назаридан энг ривожланган мамлакатлар ўз вақтида шу саволлар билан боғлиқ масалаларга жиддий эътибор қаратган. Илм-фандан, ишлаб чиқаришдан олий мақсад инсонга, турмуш фаровонлигига хизмат қилишдан иборат бўлган.
Шу маънода давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилиш, унда илгари сурилган илғор фикр ва ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг мазмуни ва қиёфасини яна бир бор кўз олдимизда гавдалантирди.
Учинчи Ренессанс эзгу орзу, буюк мақсаддир. Одамлар ҳаёти билан, миллионлаб юртдошларимизнинг туриш-турмуши, мамлакат иқтисодиёти билан узвий боғланган илм-фан унинг мустаҳкам пойдеворига айланиши зарур.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари