Янги Ўзбекистонда аёлларга эътибор, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш энг асосий мақсадларимиздан бири сифатида белгиланган. Мана шундай эзгу ишларнинг бири сифатида Фарғонада ҳам бир аёл меҳнати, унинг ҳаёт тажрибаси келажак ёшларга ўрнак сифатида давом эттириладиган бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи чоғида Лолахон Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилди.
Лолахон Муротова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси бўлган. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб, катта муваффақият ва ҳурмат қозонган.
Опанинг меҳнатларини юксак баҳолаш доимо давлат раҳбарларининг эътиборида бўлган. Шу кунларда опа орамизда йўқ бўлсада, уларнинг бой тажрибаларини ёшларга етказиш, қишлоқ хўжалигида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ушбу таълим даргоҳи ташкил этилди.
Касб-ҳунар мактаби 480 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрланади. Ўттиздан ортиқ аудиториялар, еттита лаборатория, компьютер хоналари, фаоллар зали ва музей барпо этилган. Шунингдек, 150 ўринли турар жой, спорт зали, мини-футбол майдончаси, устахона, иссиқхона ва машғулотлар учун автодром ўқувчилар ихтиёрида бўлади.
Қувонарлиси, унда буюртмачилар маблағлари ҳисобидан фермерлар малака ошириш курслари йўлга қўйилади. Бу албатта келажакда қишлоқ ҳўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳамда жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар етказиб беришга хизмат қилади.
Бугунги кунда қайси бир соҳага қарасак, соҳани ривожи учун хотин-қизлар муносиб ҳисса қўшиб келаётганини кўриш мумкин. Бу фаоллик ортида олий маълумотли кадр тайёрлашдаги уларга бўлган эътиборнинг самараси катта ўрин тутади. Айниқса, магистратура, доктарантурада ҳам ёш олима аёлларимизни қўллаб қувватлаб келинаётгани ҳам келажакда Лолахон Муротовадек фидойи ва меҳнатсевар кадрларни етказиб беришга замин яратади. Бу эса хотин қизларимизни Янги Ўзбекистоннинг тараққиётида муносиб ҳиссадор бўлишларини таъминлайди.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.