Ўзбекистон нафақат тадбиркорликни ривожлантириш, балки қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда самарали давлат сиёсатини юритаётган мамлакат сифатида намоён бўлмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган селектор йиғилишида 2024 йилнинг биринчи ярмида Ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга ўсганлиги қайд этилди.
Барчамизга маълумки, ўзини ўзи банд қилиш институти, хусусан, фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш орқали пенсия учун зарур меҳнат стажини ҳисобга олиш тизими жорий қилинган. Бу тизим қарийб тўрт йилдан бери фуқароларимизга келажакда муносиб ижтимоий ҳимояга эга бўлиш имконини яратишга хизмат қилмоқда. Расмий секторда банд бўлганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Бугунги кунда шахсий меҳнатга асосланган, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 100 дан зиёд фаолият (ишлар, хизматлар) турлари мавжуд.
Рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинди.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга 100 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилиши белгиланди.
2020 – 2023 йиллар давомида 2,5 млн дан зиёд фуқаро, шундан 44 фоизи (1 105 366 нафари) аёллар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган. Ушбу кўрсаткичнинг 64 фоизи (1 639 696 нафарни) 2023 йилда рўйхатга олинган шахслардир.
Жорий йилнинг 6 ой давомида ўзини ўзи банд қилган шахслар
1,3 млн нафардан (1 333 120 нафар) ошди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 162,6 фоизга ошган.
Кўриб турганимиздек, мазкур тизим аҳоли орасида оммалашиб бормоқда.
Соҳа кесимида таҳлил қилганимизда 45 фоизи маиший хизмат кўрсатишда, 19 фоизи қишлоқ хўжалигида, 14 фоизи ижтимоий йўналишда, 10 фоизи халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда,
9 фоизи саноат йўналишида, 3 фоизи ахборот коммуникация йўналишида ва бошқа соҳаларда бандлиги аниқланди.
Ёши бўйича таҳлил қилинганда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 фоизни, 30-55 ёшгача бўлганлар 78 фоизни ҳамда 55-65 ёшгача бўлганлар 3 фоизни ташкил қилмоқда.
Ҳали ҳам муаммолар бор
Аҳоли билан мулоқотлар, уларнинг мурожаатлари, жойлардаги ўрганишлар, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили айрим муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчидан, жорий қилинган тизимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида етарлича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмаётгани сабабли ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганлар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Хусусан, 2020–2023 йилларда рўйхатга олинганларнинг фақатгина 13 фоизи (336 минг, шу жумладан, 131 минг аёл) ижтимоий солиқ тўловини амалга оширган, холос.
Шунингдек, 2023 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 65 мингга яқин (64 892 нафар) фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш учун 313 млрд сўм субсидия ажратилган бўлиб, даромад олиш манбаи яратилган бўлса-да, уларнинг 88 фоизи ижтимоий солиқ тўловларини амалга оширмаган.
Иккинчидан, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам миқдорда солиқ тўланган ҳолларда уларга тегишли йил учун меҳнат стажи ҳисобланмаган ва тўланган суммани солиқ тўловчига қайтариш амалиёти ҳам йўлга қўйилмаган.
Учинчидан, қонунчиликка мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқ тўловини ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар амалга оширишлари лозим. Амалда мазкур санадан кейин (1–31 декабрь оралиғида) солиқ тўлаган шахсларга тегишли йил учун меҳнат стажи ҳисобланмаган. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг 70 мингги айнан 1–31 декабрь оралиғида ижтимоий солиқ тўловини амалга оширган.
Тўртинчидан, қонунга мувофиқ аёллар 55 ёшга, эркаклар 60 ёшга тўлганида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланиши белгиланган.
2022 йил 1 ноябрдан меҳнатга лаёқатли аҳолини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш тартиби жорий қилинган, шу ҳужжатга биноан солиқ органларининг электрон тизимида 55 ёшга тўлган аёллар ҳамда 60 ёшга тўлган эркаклар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўта олмайди. Бу эса ёшга доир пенсия тайинлаш учун зарур бўлган меҳнат стажи етарли бўлмаган ҳолларда айнан ўзини ўзи банд қилиш орқали меҳнат стажига эга бўлиш имкониятини чекламоқда.
Мисол учун: пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган 55 ёшга тўлган аёлларда ва 60 ёшга тўлган эркакларда 7 йил стажига 5 кун етмаса ҳам ўзини ўзи банд қилиш орқали меҳнат стажига эга бўлиш имкони йўқ.
Тизимни ривожлантириш борасидаги таклифлар
Ҳукуматга юборилган парламент сўровида юқоридаги масалалар ечимига қаратилган бир нечта таклифлар илгари сурилди. Хусусан:
- Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммаси белгиланган миқдордан кам тўланган ҳолларда меҳнат стажини тўланган солиқ миқдорига мутаносиб равишда инобатга олиш ёки тўланган суммани солиқ тўловчига қайтаришнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
- Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ тўловини 31 декабрга қадар амалга ошириш;
- 2023 йил декабрь ойи давомида 31 мингга яқин фуқаролар тўлаган солиқ асосида тегишли йил учун тўлиқ меҳнат стажини ҳисобга олиш нормасини татбиқ этиш масаласини кўриб чиқиш;
- Ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли меҳнат стажига эга бўлмаган пенсия ёшидаги фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш орқали зарур меҳнат стажига эга бўлиш имкониятини яратиш лозим.
Юқоридаги рақамлар, муаммо ва таклифлар ортида минглаб фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимояси, тақдири ётибди. Бу масалалар ўз вақтида ва масъулият билан ёндашилиб ҳал қилиниши муҳим. Ўзини ўзи банд қилган, меҳнат билан даромад ва қиймат яратган юртдошларимизга катта раҳмат айтиб, уларни қўллаб-қувватлашни бағрикенглик билан изчил давом эттиришимиз мақсадга мувофиқдир.
Малика ҚОДИРХОНОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси,
ЎзХДП аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 24.07.2023, №29