«Меҳрибонлик уйидаги болаларни 10—15 йил оқ ювиб-оқ тараб, кейин кўчада қолдириш бизга ярашмайди». Депутат Ҳукумат қарорини ўзгартиришни сўрамоқда
«Меҳрибонлик уйидаги болаларни 10—15 йил оқ ювиб-оқ тараб, кейин кўчада қолдириш бизга ярашмайди». Депутат Ҳукумат қарорини ўзгартиришни сўрамоқда

 

«Меҳрибонлик уйи»... Бу даргоҳ турли тақдир эгаларини, ўксик кўнгилларни бир том остида бирлаштиради. Туғилибоқ, ҳаёт зарбасига дуч келган, ота-она меҳридан мосуво мурғак қалб эгаларининг тақдири ҳам бевосита ана шу уй билан билан туташдир. Шундай бўлса-да, бу масканда орзулари бир олам, синовлардан чўчимайдиган, қийинчиликларни сабр ва бардош, интилиш билан енгишга тайёр турадиган ўғил-қизлар яшайди.

Президентимиз ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш йўналишларида илгари сураётган ғоя ҳамда ташаббуслар асосида эзгу мақсад мужассам. Минг-минглаб қийналган, молиявий имконияти чекланган оилалар, оналар, ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жойлар берилаётгани бунинг тасдиғидир.

Лекин шу вазифаларга масъул бўлган давлат тузилмаларидаги мутасадди ва раҳбарларда масъулиятсизлик кучайиб бораётгани хавотирли. Бундай хулоса чиқараётганимиз бежиз эмас. Боиси, мазкур масалада ҳудудларда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Эътиборсизлик, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақ-ҳуқуқлари, тақдирига бефарқлик кучайиб бораётгани яққол сезиляпти.

Таҳлилларга кўра, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг 338 нафари, яъни 14 фоизи чин етимлар, уларнинг на отаси ва на онаси бор. Суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари 811 нафар (34 фоиз), отаси ёки онаси ҳаёт бўлганларнинг фарзандлари 569 нафар (24 фоиз), кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари 420 нафар (18 фоиз) ташкил этмоқда. Бундан ташқари, 98 нафари ногиронлиги бор шахсларнинг, 133 нафари озодликдан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир.

Ҳукумат қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган. Аммо жойларда бу борадаги аҳвол яхши эмас. Маълумотларга кўра, 2011—2019 йилларда Меҳрибонлик уйларининг жами 2307 нафар битирувчисидан 1024 нафари турар жойга муҳтож деб топилган. Бироқ 2020 йил январь ҳолатига кўра, уларнинг 450 нафари уй билан таъминланган холос. 574 нафари ҳалигача уй берилишини интизорлик билан кутмоқда.

Бошпанаси йўқ, кўчада сарсон юрган ёшларнинг, норасида гўдакларнинг келажаги, тақдири нима бўлади? Шунча қийинчилик ва синовларни бошидан ўтказгани камдай, энди улар жамиятдан, ҳаётдан ижтимоий етим сифатида узилиб қолиши керакми?..

Масаланинг яна бир томони. Давлат Меҳрибонлик уйидаги бир болага 10-15 йил ичида қанча куч ва ресурс сарфлайди. Бола битиргач, у кўчада қолса, йиллар давомида сарфланган куч, меҳр ҳавога учгандек бўлиб қолади. Бошқача айтганда, не бир машаққатлар билан униб чиққан ниҳолни бир зумда ҳам сувдан, ҳам қуёшдан айириш бориб турган шавқатсизликдир.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари билан биргаликда бу борада ҳудудларда юзага келган вазият чуқур, танқидий таҳлил асосида ўрганилган.

Халқ демократик партияси, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш масаласида юзага келган муаммоли вазиятдан жиддий хавотирда эканини билдиради.

Муаммо чуқур ва тушунарли. Уни ҳал этиш учун нима қилишимиз керак? Энг биринчи иш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-қарори билан тасдиқланган Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомни бутунлай қайтадан кўриб чиқиш, болаларни уй-жой билан таъминлаш механизми ва асосийси, молиявий манбаларини аниқ кўрсатиб қўйиш, яхшиси, шу масала бўйича мутлақо янги ҳужжат қабул қилиш зарур.

Депутатларнинг ўрганишлари, яқинда Сенатда бўлиб ўтган муҳокамалар, маҳаллий ҳокимларнинг хулосалари бу масаланинг пишилиб етганини, уни самарали ҳал этиш давлат олдидаги долзарб вазифага айланганини кўрсатмоқда. Бунинг учун биринчи навбатда ҳужжат, тартиб ўзгариши, муаммо ечимига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қоидалар жорий этилиши керак.

Баъзи ҳоким ва мутасаддилар «муаммо кўп, уларни ҳал этишга маблағни қаердан топамиз, бюджет имкониятлари чекланган бўлса?», деб ўйлаши ҳам мумкин. Ота-она, жамият меҳрига муҳтож болаларни рози қила олсак, бошқа йўналишдаги ишларимизда ҳам унум, барака кўпаяди, деб ўйлаймиз.

Меҳрибонлик уйи битирувчиларини қўллаб-қувватлаган давлатнинг қуввати озайиб қолмайди, аксинча, кучига куч қўшилади.

 

Ўрол Ўрозбоев,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

www.daryo.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш