Президентимиз кўп қувончли хабарлар билан келди
Президентимиз кўп қувончли хабарлар билан келди

 

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга кўп қувончли хабарлар, муҳим янгиликлар билан, катта ислоҳотлар ташаббускори бўлиб келди.

Қорақалпоғистонни ривожлантириш, ҳаётимиз сифатини янада яхшилаш, умуман, биз, фарзандларимиз яхши яшаши учун барча имкониятларни ишга солишга қаратилган муҳим топшириқлар берилди, янги вазифалар белгиланди.

Ташриф давомида республикада саноатни ривожлантириш йўналишлари белгиланди, иқтисодий ривожига эътибор қаратилди. Халқ билан мулоқот қилиб, маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Кегейли туманида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кенг муҳокама этилди, республикадаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Жуда қувончли бўлдик.

Қорақалпоғистон жуда ўзгарди, дунёда унга муносабат ҳам ўзгарди. Қаранг, 1 миллиондан ортиқ сайёҳ келибди. Ҳали бу рақам каррасига ошади. Бунинг учун меҳмонхона, инфратузилма кўпроқ керак. Кўп лойиҳалар билан бирга, “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов” йўли бўйидаги 140 гектар ерда 300 та савдо ва сервис объектини жойлаштирса бўлиши ҳақида фикр билдирилди. Элликқалъада замонавий бозор қурилса, савдо ва хизматлар кўпайиши қайд этилди. Мен бир зум гавжум мажмуалар қандай бўлишини хаёлимга келтириб, хурсанд бўлиб кетдим.

Йиғилишдаги фикр-мулоҳазаларни тинглаб, олдимизда улкан ва масъулиятли вазифалар турганини ич-ичимдан ҳис қилдим. Белгиланган ҳар бир лойиҳанинг халқимизга манфаатли бўлиб амалга ошиши учун бутун депутатлик корпуси, фаолларимиз билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз зарур. Шароит бор, кенг имкониятлар яратиляпти, сусткашлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ – Ватанни севмоғимиз, иймонимизни кўрсатмоғимиз керак.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси,

Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 21.08.2023, №33

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш