Давлат раҳбари таклифимни қўллаб-қувватлади
Давлат раҳбари таклифимни қўллаб-қувватлади

 

Давлат раҳбари доим таклифларга очиқ экани, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр экани мени ҳайрон қолдиради, бундан ғурурланаман. Мулоқотда амфитеатр қуриш таклифим маъқулланди, қанча ижодкорларнинг кўнгли кўтариладиган бўлди.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотнинг Оролбўйида ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Бу яхши тажрибаларни ўзлаштириш, янгича ғоя ва бунёдкорликлар билан яшаётган элимизни руҳлантириш, тадбиркорликка иштиёқи бор юртдошларимизни янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Очиқ мулоқотни халқ вакили сифатида диққат билан тингладим. Чунки сайловчилар билан учрашувларда бизнесни юритиш, иш бошлаш билан боғлиқ жуда кўп саволлар бўлади, бу масалада мурожаатлар ҳам талайгина.

Мулоқотда қайд этилдики, эндиликда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади. Масалан, 100 миллион сўмгача микрокредит бор-йўғи 9 фоиз тадбиркорларнинг эҳтиёжи учун етарли эканлиги маълум бўлди. Шу боис, микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди. Бу мақсадга бир йилда 10 триллион сўм берилади.

Демак, тадбиркорлар, иш бошлаш, бизнесини йўлга қўйиш учун интилаётган қанчадан-қанча юртдошларимиз қўллаб-қувватланади, уларга молиявий кўмак берилади. Бу кўплаб оилалар даромадли бўлади, ҳудудлар обод, кўнгиллар шод, ижтимоий-иқтисодий кайфият кўтарилади, деганидир.

Нимасини айтай, Қорақалпоғистон катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд дейилганда ота маконимни қайтадан кашф этгандек бўлдим.

 

Назира МАТЁҚУБОВА,

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири,

Жўқорғи Кенгесдаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 21.08.2023, №33

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш