Тадбиркорлар учун янги руҳ берган тарихий учрашув
Тадбиркорлар учун янги руҳ берган тарихий учрашув

 

Мамлакатимизда анъанага айланган “Тадбиркорлар куни” муносабати билан Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан учрашуви ноанъанавий тарзда Қорақалпоғистон республикасида бўлиб ўтди. Албатта, бу бежиз эмас, мақсад Қорақалпоғистонда инвестициявий муҳитни янада ривожлантириш ва ушбу республикада тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун берилган имконият ва шарт-шароитлардан фойдаланиш.

Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган инсонлар учун бу учрашув ва мулоқот катта имконият, чунки унда муаммолар ва камчиликлар ўртага ташланиб, ҳал этилади. Янги-янги таклиф ва ғоялар илгари сурилиб, зарур бўлса янги имконият ва шарт-шароитлар яратиш бўйича чоралар кўрилади. Навбатдаги учрашувда ҳам тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди ва 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди.

Тадбиркорларига яратиб берилаётган шароитлар натижаси уларнинг товар айланмаси ва амалга ошираётган экспортида ўз аксини топмоқда. Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар сони 2 карра кўпайди. Товар айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошганининг ўзи яратиб берилаётган шароитларнинг натижаси десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан ўрин олган энг асосий мақсадлардан бири бу - ҳудудларда иш ўринларининг яратилишидир. Тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши, бевосита иш ўринларининг яратилиши билан боғлиқ. Мамлакатимизда кундан кунга ортиб бораётган корхоналар янги иш ўринларининг яратилишига сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Энг асосийси, хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар сони 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади. Ўтган йиллар давомида тадбиркорлар солиқ тўловларидан қочиб “соя”да ишлаган бўлсалар, бугунги кунда уларга берилаётган солиқ имтиёзлари сабабли “соя”дан чиқиб, қонуний фаолият, соғлом рақобат йўлига ўтиб, ўз рейтингини оширмоқдалар.

Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсган.

Шунингдек, Ўзбекистондаги муҳит ва шарт-шароитлар инвесторларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Шу йилнинг 6 ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етганлигини ўзиёқ, инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Энг муҳими, мазкур учрашувда тадбиркорлар учун қўшимча шароит ва имкониятлар яратиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди, яъни кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш ва “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг аҳолига 1 триллион сўмлик микроқарзлар берилди ва ушбу тажриба янада кенгайтирилиши белгилаб берилди.

Учрашув тадбиркорларимиз ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган кўплаб юртдошларимиз учун янгидан янги имкониятлар бермоқда. Ушбу имкониятлар, яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, мамлакатимизда бизнес муҳитини яратиш эса, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш