Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган учрашувлар Наманган вилоятида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Наманган вилоят Кенгаши залида бўлиб ўтган мулоқотда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.
Таъкидланганидек, ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаини кўпайтириш каби мақсадларга эришиш учун партия кейинги беш йиллик учун 10 та йўналиш, 15 та стратегик қадамдан иборат устувор вазифаларни режалаштирган:
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурига киритиш кўзда тутилаётган муҳим масалалар, ундаги устувор йўналишлар, ғоя ва ташаббуслар тўғрисида атрофлича тушунчалар берилди. Хусусан, кучли ижтимоий сиёсат юритишнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида фикр юритилди.
Масалан, коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг монополиясига барҳам бериш кўзланган бўлиб, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш даражасини оширишга эътибор қаратилади. Коммунал хизматлар ва уй-жой фондидан фойдаланиш бўйича хизматлар нархлари ва тарифларни белгилашни тартибга солиш мақсадида “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, партия тиббий суғуртани жорий этиш, кексалар ва онкологик касаллар учун сифатли хизмат кўрсатишнинг юқори стандартларини таъминлашга қаратилган хоспис тизимини ривожлантириш каби таклифлар билан чиқмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ХДП ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори эканлигига урғу берилди. Иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтириш зарурлиги принцпиал масалалардан бири эканлиги таъкидланди.
Қатнашчилар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурига киритиш кўзда тутилаётган ғоя ва ташаббуслар билан атрофлича танишар экан, уларнинг ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам беришга каби эзгу ғояларга асосланганлигини ҳар жиҳатдан маъқуллашди.
Муҳокамада сўзга чиққан фаоллар адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, янги иш ўринлари ва даромад манбаини кўпайтириш каби масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.