Давлат — тадбиркорга, тадбиркор халққа мададкор
Давлат — тадбиркорга, тадбиркор халққа мададкор

 

Авваллари турли текширишлар, ноқонуний фаолият аниқланса, кескин жазолаш чоралари сабаб унча-мунча киши тадбиркорлик қилишга чўчирди. Масалан, илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қоларди.

2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда тадбиркорларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берди.

Сўнгги йилларда соҳага доир қабул қилинган кўплаб қонун, фармон ва қарорлар, яратилаётган имкониятлар натижасида бугун уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этади. Яъни, 300 мингта корхона муттасил фаолият олиб бормоқда. Энг муҳими, уларнинг сони йилдан-йилга тобора кенгайяпти.

Бугун тадбиркор давлат ҳимоясида ва унинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмайди, тўсиқ қўёлмайди. Юртимизда соҳага бўлган эътибор ошиб, тадбиркорлар билан ишлашда солиқ органларининг фаолияти ва муносабати ўзгарди, уларга молиявий ресурслар ажратиш тизими енгиллаштирилди. Натижада йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар сони 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар сони эса 2 минг 200 дан ошди. Бу ҳам – ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўпдир.

Яратилган шароитлар, берилган имкониятлар иқтисодимиз ривожланишига ҳам туртки бўлди. Жумладан, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг олти ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.

Тўрт йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти уларни давлат раҳбарига ўзини қизиқтирган саволларини бериш, бизнесни янада ривожлантириш борасидаги ўз қарашлари билан ўртоқлашиш имконини бермоқда.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган бу галги очиқ мулоқот ҳам аввалги йилларга нисбатан кўтаринки руҳда ўтгани ва амалий ташаббусларга бой бўлгани билан аҳамиятлидир. Унда шу пайтгача эришилган ютуқлар таҳлил қилинди. Келгуси режалар, янги имкониятлар ҳақида батафсил фикр алмашилди. Тадбиркорларга янада кенг имконият яратиш мақсадида муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Масалан, биргина бизнес учун тўсиқ ва ғовларни янада қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар диққатга сазовор.

Бу борада тадбиркорлик учун тўсиқларни бартараф этиш мақсадида аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилиши, унда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилиши одамларда бизнесга бўлган иштиёқни янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Биламизки, аввал айнан солиқдан қочиш учун тадбиркорлар корхонасини банкрот, деб эълон қиларди. Буни ишбилармонлар билан суҳбатлашган, уларнинг дардига қулоқ тутган одам борки, яхши билади. Мазкур ҳолатга қонун устуворлигини таъминлаш, айни пайтда ишбилармонларга енгиллик беришдек оқилона йўл орқали чек қўйилди.

Бугунги кунда давлат раҳбарининг шахсан ўзи тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглаётгани, таклиф ва тавсияларини эшитаётгани одамларда тадбиркорлик қилишга катта ишонч уйғотди. Эндиликда одамлар аввалгидек банкма-банк кредит олиш учун сарсон-саргардон бўлиб юрмайди. Уларда бизнесни бошлаш учун хоҳиш бўлса бўлди.

Айни чоғда “Маҳалла еттилиги” тизими жорий қилингани қанчалик узоқни кўзлаб қилинган иш эканлигини бугун ҳаммамиз кўриб, амалда бунинг иштирокчисига айланиб турибмиз. Ҳозир юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, маҳаллаларда иссиқхона дейсизми, асаларичилик ёки хизмат кўрсатишми, ҳамма-ҳаммаси шу ернинг ўзида бор. Пировардида одамлар маҳалланинг ўзида бизнесини йўлга қўйиб, оиласи даромадига ўз улушини қўшяпти.

Дарҳақиқат, бугун Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик қиладиган замон келди, дея баралла айта оламиз. Ҳозир давлат — тадбиркорга, тадбиркор эса халққа мададкор бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини ошириш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга замин яратяпти.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 30 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонун эса Янги Ўзбекистонда бизнес вакилларига бўлаётган юксак эътибор ва катта рағбатнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Айтиш мумкинки, мазкур ҳужжат инновациялар жорий қилиш, экспорт қилиш ва етук мутахассислар тайёрлашда барчага намуна бўладиган ҳамда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган тадбиркорларни тизимли тақдирлаш имконини беради. Бундай эътироф ва рағбатлар уларда дахлдорлик ҳиссини оширади, ўзига ишонч ва илдам қадамлар билан ҳалол меҳнат қилишига замин яратади.

Умуман олганда, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган, аҳолининг доимий кўмакчиси ва суянчиғига айланган тадбиркорларни алоҳида рағбатлантириш институтининг шакллангани жуда тўғри ва ўринли бўлди, деб ўйлайман. Бу, ўз навбатида, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш баробарида, уларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтириш ва янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш