Халқчил дастур ва муносиб номзодлар билан

 

ХДП сайловга катта куч, қатъий ишонч билан кириб бормоқда!

2024 йил 6 сентябрь куни пойтахтимиздаги муҳташам масканлардан бирида Ўзбекистон Халқ демократик партияси қурултойи бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатасига депутатликка кўрсатилган 175 нафар номзод, делегатлар, тарафдорлар, хайрихоҳлар, қўллаб-қувватловчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, умуман, мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеликка бефарқ бўлмаган инсонлар бир даврага жам бўлди. Партиянинг бу галги қурултойи мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган янги аралаш сайлов тизимига номзодлар кўрсатиш ва Сайловолди дастурини тасдиқлаш маросими сифатида тарихда қоладиган бўлди. Зеро, Халқ демократик партияси ушбу муҳим сиёсий жараёнга янги шаҳд ва янги ғоялар билан кириб келмоқда. Ғалабага бўлган иштиёқ ҳам, интилиш ва ишонч ҳам юксак.

Қурултойни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди. Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда партиянинг муносиб ва фаол иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар тўғрисида маъруза қилди.

 

ХДП ваъдасини бажарди

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2019-2024 йиллардаги фаолияти юзасидан тайёрланган ҳисоботлар атрофлича муҳокама этилди. Партия 82 банддан иборат мақсадларни белгилаб олган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 70 дан ортиғи амалга ошган. Энг муҳими, партиянинг бош ғояси бўлган кучли ижтимоий демократик давлатни барпо этиш тамойили Конституцияда муҳрланди.

Таъкидланганидек, айнан Халқ демократик партияси ташаббуси ва таклифлари билан минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари ундан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, аҳолининг кам даромадли қатлами учун қурилаётган арзон уй-жойлар сони кўпайтирилди, ушбу соҳада имтиёзли ипотека кредити ажратиш амалиёти такомиллаштирилди. Уй-жой олишни субсидиялаш тизими натижасида ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила бошпанали бўлди.

Партиянинг 2019-2024 йилларга мўлжалланган дастури самарали амалга ошаётгани қайд этилди.

 

Янги сайловолди дастури ҳақида қисқача

Қурултойда олдинги сайловда илгари сурилган партия Сайловолди дастури ижроси таҳлилидан сўнг Халқ демократик партиясининг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ энг муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.

Қайд этилдики, дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 10 та йўналиш, 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Хусусан, дастурнинг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, аҳолида дорига қарамликни камайтириш, мактабларда чет тиллар ва IT ўқув соатларини кескин кўпайтириш, ўзини банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш, улуш киритиш асосида уй-жой қурилаётганда харидорларни кафолатли ҳимоя қилиш бўйича ечимлар таклиф этилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш йўналишида эса давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишни тақиқлаш, бюджет маблағларини самарасиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳавий назорат органларига республика ҳокимият органларининг таъсирини камайтириш билан боғлиқ таклифлар делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Партия янги дастурида давлат ва жамият қурилиши йўналишида ҳам илғор ташаббуслар жой олган.

 

Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат

ХДП етакчиси қайд этиб ўтганидек, янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгилангани халқимизнинг орзу-интилишларига ҳамда Халқ демократик партиясининг платформасига тўлиқ мос келди.

Конституцияга асосан давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари уч бараварга ошди. Давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланди.

Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилди.

Фуқароларнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ва уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилиши, ёшларимизнинг олийгоҳларга танлов асосида давлат гранти ҳисобидан ўқиш каби ҳуқуқлари қатъий белгиланди.

Халқ демократик партияси янгиланган Конституцияда ўзининг дастурий мақсадлари бўйича таклифлари акс этгани билан ҳақли равишда фахрланади. Лекин ҳали олдинда муҳим вазифалар, ечимини кутаётган масалалар бор.

Ижтимоий тенглик ва бирдамлик, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ғояларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам жуда долзарбдир.

Халқ демократик партияси юз минглаб аъзолари, миллионлаб хайрихоҳларига таянган ҳолда сайловда фаол қатнашиш, юқори натижалар учун курашга кирмоқда.

Сайлов партия учун кенг имконият ва, албатта, катта масъулиятдир. Унда ғалаба қозониш, парламентда кўпроқ ўринга эга бўлиш, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг устунлигига эришиш учун барча куч ва имкониятларни ишга солиш режалаштирилган.

Бунинг учун партия аҳолимиз дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларни бирлаштирган, сайловчиларни ишонтира оладиган янги мукаммал дастур устида иш олиб борди.

 

150 га яқин таклиф-ташаббуслар

Яна айтилдики, партиянинг Сайловолди дастурида давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 150 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғояларига асосланган ҳолда ишлаб чиқди.

– Сайлов кампаниясининг энг қизғин даврига киришар эканмиз, ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаини кўпайтириш бўйича сиёсатни мақсад қилганмиз. Давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиши лозим, деб ҳисоблаймиз, – деди партия етакчиси.

Ана шу мақсадларга эришиш учун партия кейинги беш йиллик учун 10 та йўналиш, 15 та стратегик қадамдан иборат устувор вазифаларни режалаштирган.

 

Эскирмайдиган сиёсат

Халқ демократик партияси фикрича, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш – бу ижтимоий барқарорлик таянчидир.

“Биз ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини адолатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш учун ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ижтимоий таъминот ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янги нормалар билан тўлдириш орқали Ижтимоий кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга эришамиз”, дейилади маърузада. Бунда имтиёзга эга шахслардан ташқари бошқа оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар тоифаларини ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини қонунчиликда аниқ белгилаш таклиф этилмоқда. Аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича ижтимоий хизматлар шартномасини тузиш тартибини ишлаб чиқиш партия учун принципиал аҳамиятга эга.

Шунингдек, ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш мақсадида “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш таклифи ҳам Сайловолди дастуридан ўрин олган.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатини кенгайтириш, шу орқали доимий қаровга муҳтож болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш белгиланган. Давлат пенсия таъминоти тизими мунтазам такомиллаштириб борилиши керак.

Пенсия ва ижтимоий нафақалар инсон ҳаётий эҳтиёжларини қаноатлантиришига етарли бўлиши зарур, деб ҳисобланади. Шу мақсадда бир қатор муҳим таклифлар назарда тутилган.

 

Уй-жой соҳасида вазиятни ўнглаш лозим

Уйли-жойли бўлиш ҳар бир инсон учун ҳаётдаги энг муҳим, энг эзгу мақсадлардан бири. Уйи борнинг ўйи бўлмайди, деб бежизга айтишмаган аслида. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳоли энг зич яшайдиган мамлакати ҳисобланади. Табиийки, тез ўсувчи демография давлат олдига одамларни уй-жой билан таъминлаш масаласини қўяди. Тан олиш зарур, бу борада кейинги йилларда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо қурилишлар кўлами халқ эҳтиёжини қондира оляпти, дейишга ҳали бироз эрта.

Халқ демократик партияси аҳолини арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлари билан таъминлаш тарафдори. Партия фикрича, ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар етарли эмас ва уларни каррасига кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Бу борада партия фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, бунинг учун арзон уй-жой қурилишини кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Ҳозир кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган бир муаммо бор. Яъни, ҳали қурилиши бошланмаган ёки тугалланмаган уй-жойлар учун қурилиш корхонаси билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш, ҳали бир дона ғишти ҳам қўйилмаган уй учун олдиндан пул тўлаш ҳолатлари учрайди. Бундай таваккалчилик эса баъзан одамларнинг сарсонгарчилигига олиб келяпти. Ўша шартномани тузган қурилиш корхонаси негадир бирдан банкрот бўлиб қолиши ёки буюртмачи пулларини талон-торож қилиши каби ҳолатларни инкор этолмаймиз. Шуларни инобатга олган ҳолда турар жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш мақсадида эскроу тўлов тизимини жорий этишни назарда тутувчи “Улуш киритиш асосида уй-жой қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш таклифи илгари сурилган.

Сайловолди дастурида, шунингдек, “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш усулларини қайта кўриб чиқиш, бундай турдаги уйларнинг жойлашуви, муҳандислик-коммуникацияларининг шаҳарсозлик талабларига мувофиқлигини, аҳоли яшаш пунктларининг хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган. Партия шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тарихий қиёфасини сақлаш, табиий ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларини кучайтиради.

 

Малакали тиббий хизмат

Ҳар бир инсон умри давомида бир неча бор тиббий хизматдан фойдаланишига тўғри келади. Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, дейишади. Шундай пайтлар бўладики, кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам инсон умрини сақлаб қолади. Бемор ҳаётида ҳар лаҳза муҳим бўлган паллада шифокорлар жонимизга оро киради. Демак, фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши керак. Бу Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ масаласидир.

Халқ демократик партияси бу йилги сайловларда ҳам аҳолининг қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат олиши, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳада шаффофликни таъминлаш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда. Партия тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш бўйича бир қатор устувор йўналишларни таклиф этмоқда.

Аввало, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Хусусан, тиббий суғуртани жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Давлат тиббий суғуртаси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, кексалар учун, онкологик касаллик каби оғир хасталикларга дучор бўлган беморлар учун сифатли хизмат кўрсатишнинг юқори стандартларини таъминлашга қаратилган хоспис тизимини ривожлантириш ва “Хоспис хизматини кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Умуман, дастурда малакали тиббий хизматни халққа яқинлаштириш билан боғлиқ асосли вазифалар ўрин олган.

 

Ёшлар сифатли таълим олиши керак!

Ўзбекистон – аҳолисининг мутлақ кўпчилик қисми ёшларни ташкил этадиган мамлакат. Халқ демократик партияси ёшларнинг сифатли таълим олиши тарафдоридир. Бу мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтириш кафолати саналади.

ХДП сифатли мактабгача, ўрта, профессионал ва олий таълим олиш учун тенг имкониятлар яратишга эришмоқчи. Умумий ва касбий таълимда аҳолининг барча қатламига тенг имкониятлар яратиш учун курашилади. Масалан, “Ягона ижтимоий реестр”да рўйхатга олинган оилаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар тўловидан озод қилиш таклифи илгари сурилмоқда.

Шунингдек, дастурда мактаб ўқувчиларига жамоат транспортидан фойдаланиши учун табақалашган тарифларни жорий этиш, мактабларда овқатлантириш тизими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, мактабларда зарарли озиқ-овқат маҳсулотларини сотишни тақиқлаш, сифатсиз маҳсулот тарқатганлик учун жавобгарликни кучайтириш вазифалари белгиланган.

Мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш масаласи бевосита сайловчиларнинг талаб ва таклифларига кўра ишлаб чиқилган.

 

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти

Албатта, иқтисодиётни либераллаштиришда жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларини унутиб қўймаслик керак. Чунки, дунё тажрибасига назар ташласак, эркин бозор иқтисодиёти ижтимоий тафовутлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун Халқ демократик партияси иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтиришни зарур, деб ҳисоблайди.

Партия бунинг учун иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда банк-кредит соҳасини ривожлантиришга интилади.

Стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш таклиф этилмоқда.

Партиямиз фикрича, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш керак. Даромад ва уларнинг манбаларидан қатъи назар, бойликнинг ҳаддан ташқари концентрациясига адолатли солиқ солиш тизимини жорий қилиш ҳам муҳим.

Ўзини ўзи банд қилганлар ва меҳнат мигрантлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш, ташкиллаштирилган ва тартибли миграцияни амалга ошириш давр талабидир.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун фаолият турларини кенгайтириш янада мослашувчан меҳнат бозорини яратишга ёрдам беради. Ушбу ташаббус ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган янада инклюзив ва мослашувчан иқтисодиётни яратишга қаратилган. Бу эса ўз навбатида узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликка олиб келади.

 

Товар ва хизматлар нархларининг мақбуллиги

Бозор иқтисодиёти даврида товар ва хизматлар нархларини назорат қилиш бироз мушкул. Шунга қарамай, нарх ва тарифлар устидан давлат ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қанчалар қийин бўлмасин, томонлар масъулиятини ошириш, меъёрни сақлаш борасида қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Озиқ-овқат таъминоти аҳоли фаровонлигида ва инфляцияни жиловлашда муҳим омиллардан бири. Шу боис савдо нуқталари, бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, хусусан, нон ва нон маҳсулотлари баҳосини сунъий ошириб юбормаслик бўйича тезкор чоралар кўриб борилмоқда.

ХДП фикрича, ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим. Бу орқали партиямиз эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун курашади. Айни мақсадда аҳолига истеъмол кредити фоизлари тадбиркорлик учун таклиф этилаётган бизнес кредити фоизларидан юқори бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Ипотека кредити тўлови бўйича қарздорлик юзага келганда гаровга қўйилган кўчмас мулкни фуқарога ўзига қулай нархда сотиш имконини бериш, банклар таклиф этаётган кредит механизмлари ижтимоий адолат принципига мувофиқ бўлишини таъминлаш ҳам муҳим масала. Исрофгарчилик ҳолатларини камайтириш мақсадида тўй, маросим ва бошқа оилавий тадбирлар учун ижтимоий меъёр ўрнатиш жамият ҳаётидаги долзарб масалалардан бирига айланган.

 

Халқ ҳокимиятчилиги ва демократик бошқарув

ХДП очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этишни энг мақбул йўл, деб ҳисоблайди.

Парламентдаги ХДП фракцияси аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизаси механизмини яратишни кўзлаган.

Шу асосда аҳолининг заиф қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби ва даражасини ўзгартирадиган қарорларни жамоатчилик розилигисиз қабул қилинмаслигига эришилади.

Жамиятимизда актуал демократик тенденцияларни кучайтириш мақсадида ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари ва жойлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтини жорий этиш, давлатнинг айрим функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш галдаги вазифалар сирасига киради.

Сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида “ногиронлиги бўлган шахслар учун квота” жорий этиш таклиф қилинмоқда. Давлат органларининг мансабдор шахслари сонини қисқартириш, мансабдор шахслари фаолиятида ҳашаматни чеклаш, шу жумладан, уларнинг фаолиятида ҳашаматни кўз-кўз қилиш ҳолларида уни одоб-ахлоқни бузиш сифатида интизомий жавобгарликка тортиш амалиётини йўлга қўйиш адолатдандир.

 

Қонун устуворлиги инсон ҳуқуқларини амалда таъминлайди

ХДП қонун устуворлиги, ижтимоий тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш тарафдори! Шунга кўра, суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш учун курашади. Бу йўналишда ҳам бир қатор муҳим таклифлар Сайловолди дастурига қамраб олинган.

Масалан, кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, бепул маслаҳат берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантириш, давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишни тақиқлаш, давлат бюджети маблағларини самарасиз ва мақсадсиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш давлат ва жамият ривожи жадал суръатга кириши учун замин яратади.

 

Очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив

Халқ демократик партияси Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлайди. Ушбу йўналишда яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида, аввало, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор ташқи сиёсатни изчил давом эттириш устувор аҳамиятга эгадир.

Хорижда меҳнат қилаётган, шундай истакда бўлган ватандошларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ҳам актуал вазифалардан саналади.

Дастурнинг ташқи сиёсатга оид қисмида янги фикрларни, ёндашувларни кўриш мумкин. Масалан, чет давлатларга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида “ишчи виза” ҳужжатларини расмийлаштирилишига кўмаклашиш марказини очиш пировардида ҳамюртларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

Қурултойда партия Сайловолди дастуридаги йўналишлар, таклифлар бирма-бир кўриб чиқилди. Асосийси, Халқ демократик партияси ҳам, депутатликка номзодлар ҳам соғлом рақобат ва шарафли курашга тайёр.

Партиянинг устувор мақсад, ғоялари ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли манфаатлари билан боғлиқ салмоқли таклифлар билан танишган қурултой делегатлари Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурини тасдиқлади.

Қурултойда партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов учун ташкил этилган бир мандатлик 75 та округдан 75 нафар номзод илгари сурилди, шунингдек, пропорционал тизим бўйича 100 кишилик партиявий рўйхат ҳам келтирилди.

Номзодларнинг 47,4 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 8 фоизини ҳуқуқшунослар, 13 фоизини иқтисодчи, 6 фоизини муҳандис, 9 фоизини тиббиёт, 31,4 фоизини педагоглар, 32,6 фоизини бошқа соҳа вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD) ва 15 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.

Делегатлар номзодларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги тажрибаси, турли соҳалардаги фидойи меҳнати, юқори малакали мутахассис, партиянинг асосий ғояси учун кураша оладиган шахслар эканини қайд этиб, депутатликка номзодларни қўллаб-қувватлаш ҳақида якдил қарор қабул қилишди.

Партия ҳам, депутатликка номзодлар ҳам аниқ позицияда:

“Биз – ҳар бир инсон фаровонлиги тарафдоримиз! Ва бу йўлда қатъий курашамиз!”.

 

Қўш саҳифани “Ўзбекистон овози”

мухбири Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 11.09.2024, №36

 

 

 

 

 

 

Теглар

Қурултой Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш