Депутатликка номзодлар рўйхатга олинди ҳамда 22 сентябрдан сайловолди ташвиқотига старт берилди

 

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш ҳамда сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига оид масалалар кўриб чиқилди.

Маълумки, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизими асосида ўтказилади.

Бу йил парламентнинг қўйи палатасига сайланадиган бир юз эллик депутатнинг етмиш беш нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита аниқ бир номзодларга берган овозларига мувофиқ сайланади. Қолган, етмиш беш нафари эса, ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати (яъни партия рўйхати) асосида сайланади.

Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш бўйича қарор қабул қилинди.

Шунга кўра, бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига мазкур сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган жами 500 нафар партия рўйхатидаги номзодларни рўйхатга олиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, миллий сайлов тажрибамизда илк маротаба бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.

Хусусан, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 850 нафар номзодлар, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатиш имконига эга бўлди.

Бунда, “E-saylov” интерактив порталининг ишга тушгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имкониятига эга бўлди.

Мажлисда қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу сайлов тарихимиздаги энг юқори кўрсаткичдир.

Аввалги сайловларга қараганда номзодлар ҳам анча ёшарган. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёш. Улардан 44,2 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 44,3 фоизи – 45-60 ёшдагилардир. Номзодлар орасида энг ёши 25 ёш.

Номзодларнинг 99,3 фоизи олий маълумотли.

Номзодлар орасида иқтисодчилар – 20,2 фоиз, педагоглар – 27,9 фоиз, муҳандислар – 7,9 фоиз, шифокорлар – 9,1 фоиз, ҳуқуқшунослар – 16,5 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 18,4 фоизни ташкил этади. 

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар ҳам рўйхатдан ўтказилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ҳар бир партиядан номзодлар рўйхатга олинган бўлиб, депутатлик мандати учун 28 475 нафар номзодлар кураш олиб боради.

Номзодларнинг 42,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 44,4 ёшни ташкил этиб, улардан 54,9 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 36,4 фоизи – 45-60 ёшдагилар бўлиб, вилоят Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 24 ёш. Туман Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 21 ёш.

Номзодларнинг 90,3 фоизи олий маълумотли.

Номзодлар орасида педагоглар – 36 фоиз, иқтисодчилар – 15,8 фоиз, муҳандислар – 9,6 фоиз, шифокорлар – 9,4 фоиз, ҳуқуқшунослар – 3,3 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 25,9 фоизни ташкил этади.

Мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам номзодлар орасида бор. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга номзодларнинг 973 нафари тожик, 588 нафари қозоқ, 146 нафари туркман, 141 нафари қирғиз, 67 нафари рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.

Номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар инклюзивликка ҳам алоҳида эътибор қаратганини кузатиш мумкин. Жумладан, Қонунчилик палатаси сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 11 нафар ва маҳаллий Кенгашлар сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Бундай юқори даражадаги инклюзивлик биринчи маротаба кузатилмоқда.

“Е-saylov” интерактив портали орқали барча даражадаги сайловлар бўйича рўйхатга олинган 29 350 нафар депутатликка номзодларнинг мобиль телефонларига улар тегишли вакиллик органи сайлови бўйича депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганликлари, “Е-saylov” тизими ёрдамида ишончли вакилларини рўйхатдан ўтказиши мумкинлиги ва сайловолди ташвиқоти бошланиши ва муддатлари тўғрисида хабарномалар юборилади.

Бундан ташқари, мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Қарор билан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши белгиланди.

Шунингдек, сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партияларга сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбати кетма-кетлигида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари белгиланди. Унга кўра:

биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси;

иккинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;

учинчи – Ўзбекистон Экологик партияси;

тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;

бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.

 

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан давлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда газеталарида депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида бепул эфир вақти ҳамда нашр майдони ҳажми ажратилди.

Хусусан, республика даражасидаги “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла”, “Маданият ва маърифат” телеканалларида ва “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” радиоканалларида сиёсий партияларга ташвиқот ишларини олиб бориш учун бепул эфир вақтлари ажратилди.

Шу билан бирга, мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш бўйича низомга мувофиқ, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш масалалари тартибга солинганлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда қайд этилганидек, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар:

– сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ташвиқот материалларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрланганлиги ҳақида маълумотлар кўрсатиши;

– ҳар қандай шахснинг тасвирга ва унинг овозига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслиги;

– бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек бошқа шахсга доир маълумотларидан фойдаланилганда ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш каби қоидаларга амал қилиши лозим.

Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати ҳамда Матбуот маркази тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайловолди ташвиқоти мониторингини олиб боради.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш