Йирик қурилиш компаниялардан мажбурий ажратмалар эвазига махсус жамғарма ташкил этиб, ижтимоий уй-жойлар қуришни йўлга қўйиш
Йирик қурилиш компаниялардан мажбурий ажратмалар эвазига махсус жамғарма ташкил этиб, ижтимоий уй-жойлар қуришни йўлга қўйиш

 

Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида Ижтимоий турар жойлар тўғрисидаги Қонунни қабул қилиш, унда ҳашаматли уй-жойларни барпо этаётган қурилиш компаниялари ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар эвазига махсус жамғармалар ташкил этиб, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари учун ижтимоий турар жойлар қуриш назарда тутилган.

Халқимизда уйи борнинг ўйи йўқ, деган гап бор. Шунинг ўзиёқ жамиятимизда шахсий уй-жойга эга бўлиш одамларимиз учун қанчалар муҳим эканини кўрсатади. Уй-жой билан таъминланганлик инсон фаровонлигининг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Бироқ бугун юртимизда тез аҳоли сонини тез ўсиши уй-жой сиёсатида халқчил концепцияларни қабул қилишни, илғор давлатлар тажрибасидан ўтган самарали ёндашувларни қўллашни тақозо этмоқда. Айниқса, оилавий болалар уйларининг битирувчиларини, ногиронлиги бўлган шахсларни, кам таъминланган оилаларни, алоҳида ёрдамга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш долзарб бўлиб турибди. Ушбу соҳада қилинаётган ишларни жадаллаштириш лозим.

Бундан ташқари, эҳтиёжманд фуқаролар уй-жой сотиб олиши учун субсидиялар миқдорини белгилашда бирламчи уй-жой бозоридаги реал нархларни инобатга олиш керак.

Шу ўринда, ижтимоий уйлар қуриш масаласида маълум қадамлар ташланганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Хусусан, эндиликда юртимизда оғир шароитга тушиб қолган ва уй-жойга муҳтож қизлар учун бир хонали ижтимоий уйлар қуриб бериладиган бўлди. У қизлар ана шу ижтимоий уйларда фойдаланиш ҳуқуқи асосида бепул яшаши мумкин. Бу уларнинг ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунларига қадар етарли фурсатдир .

Партиямиз эса худди шундай қулай имкониятни яратадиган ижтимоий уйларни аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатлами вакиллари, яъни ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар учун ҳам қуришни зарур деб ҳисоблайди.

Ижтимоий тураржойлар қуришни қатъий тартибга соладиган қонун ҳужжатини қабул қилиш, шу орқали соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш айни муддао. Шуниси аниқки, ижтимоий уйлар моддий ва ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлар учун ҳар томонлама катта мадад бўлади.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш