2020 йил 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Ялпи мажлисда Сенат аъзолари томонидан қатор қонун ҳужжатлари муҳокама этилди.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.
Қонунда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик, шунингдек уларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари ва интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва улар борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланишининг реал хавфини келтириб чиқарган бўлса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келган бўлса, жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллашни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда.
Жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ўталиши таъминланади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва улар борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Сўнгра Сенат аъзолари “Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.
Ушбу Қонун билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга ва Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Миллий гвардияга қуйидаги ваколатларни юклаш назарда тутилмоқда: тезкор-қидирув тадбирларининг қуйидагилардан иборат янги турларини жорий этиш, тезкор-қидирув ишлари рўйхатини ва бундай ишларни тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳужжатлари билан юритиш тартибини белгилаш, тезкор-қидирув фаолияти соҳасида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг, шунингдек, чет эл давлатларининг ваколатли органлари ва турдош халқаро ташкилотлар ходимларининг жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирларда иштироки масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Тезкор-қидирув тадбирларининг янги турлари жорий этилмоқда:
- техник воситаларни (компьютерларни ва алоқа қурилмаларини) текшириш;
- телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлар, узатиладиган хабарлар ва маълумотларни назорат қилиш;
- абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасида боғланиш тўғрисидаги маълумотларни олиш.
Ушбу тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш махсус ваколатли давлат органига юкланади.
Прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилинади.
Ушбу тезкор-қидирув тадбирларининг процессуал тартиби Жиноят-процессуал кодексда очиб берилмоқда.
Сўнгра сенаторлар “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.
Қонун ижтимоий ҳаётида ва халқаро майдонда ўзбек тилининг нуфузини оширишга, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъаналар ва қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашга қаратилган.
Қонун билан 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Шундан кейин Сенат аъзолари “III ва IV даражали “Соғлом авлод учун” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом авлод учун” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқдилар.
Ушбу қонунларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, жисмонан соғлом ҳамда баркамол авлодни шакллантиришдаги алоҳида хизматлари учун фуқароларни мукофотлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мазкур қонунларда “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.
Шундан сўнг сенаторлар Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш ҳамда Ҳазорасп тумани чегарасини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа тумани ташкил этилиши ушбу туманнинг маъмурий маркази сифатида Питнак шаҳрини янада ривожлантиришга кўмаклашади. Ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Парламент юқори палатасининг учинчи ялпи мажлисда 7 та масала кўриб чиқилди, шу жумладан 5 та қонун маъқулланди. Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари жамиятда ҳуқуқий тартиботни ва барқарорликни таъминлаш, ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати