Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти — кучли ижтимоий сиёсатнинг асосидир
Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти — кучли ижтимоий сиёсатнинг асосидир

 

Ҳуқуқлар, имкониятлар тенглиги, ҳар бир инсон фаровонлигига интилиш давлат ва жамият барқарор ривожланишининг муҳим, устувор мезонларидан ҳисобланади.

Дунёда ҳукм сураётган мураккаб ҳозирги шароитда бу масаланинг қадр-қиммати, аҳамияти янада ортган. Бинобарин, ижтимоий тенгсизлик, аҳоли турли қатламлари ўртасида тафовутлар пайдо бўлиши ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнида муайян муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Иқтисодиётнинг барқарор равнақ топиши учун ҳам давлат ижтимоий адолатни таъминлаши, бошқача айтганда, ижтимоий ҳимоя механизмларининг кенг қамровини ва изчиллигини кафолатлаши керак.

 

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 15 ёшгача бўлган 1,4 миллиард боланинг ижтимоий ҳуқуқлари таъминланмаган. Дунё аҳолисининг атиги 29 фоизи ижтимоий ҳимоя тизимлари билан етарли даражада қамраб олинган бўлса, 55 фоизи бу қамровга тўлиқ эга эмас.

Маълумки, шундай шароитда бир қатор мамлакатлар ҳукуматлари бозор иқтисодиётининг ижтимоий тенгсизлик ва камбағалликка олиб келадиган жараёнларини жиловлаш мақсадида давлатнинг ижтимоий сиёсатини кучайтиришга эътибор қаратмоқда.

Кези келганда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон бугун жаҳон минбарларида ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган ижтимоий давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам, очиғи, бир оз қийин кечаётган бўлса-да, аста-секин бўй кўрсатмоқда.

Болалар, аёллар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳам йил сайин ўсиш динамикаси кузатилмоқда.

Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги конституциявий мақомини таъминлашда давлат бошқарув идоралари билан бир қаторда нодавлат институтлар, жамоатчилик, асосийси, сиёсий партиялар биринчилар сафида пухта ўйланган, натижадор таклиф-ташаббусларнинг ижодкорлари бўлмоғи керак.

Шу маънода, Халқ демократик партияси бозор иқтисодиётининг ижтимоий самарадорлигини оширишга урғу бериб келаётгани, янги Сайловолди дастурида ҳам бу йўналишда аниқ, ҳаётий ва халқчил таклифларни киритгани замирида бир ҳақиқат турибди. Бу инсонпарварлик, тенглик ғояларини ислоҳотларга чуқур сингдириш, ижтимоий адолат ва бирдамликни ҳамма нарсадан устун қўйиш мақсади билан боғлиқдир.

 

Давлатнинг фаол роли ва иштироки муҳим

Ўзбекистон Халқ демократик партияси иқтисодиётни ижтимоий барқарорликни кўзлаб ривожлантириш муҳим, деб ҳисоблайди.

Чунки дунё тажрибасидан аёнки, эркин бозор қонунлари баъзан ижтимоий тафовутларнинг, тенгсизликнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса ижтимоий давлат барпо этиш учун тўсиқдир. Қолаверса, самарали бошқарувга эга давлатнинг асосий тартибга солувчилик роли бозор муносабатларини рағбатлантириб, ижтимоий-иқтисодий фойда келтиради. Бозор муносабатларини тартибга солиш ва ижтимоий тенгликни таъминлаш жараёни давлат иштирокисиз бўлмайди.

Аммо UzLiDeP Сайловолди дастурида илгари сурилаётган иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш ғояси бизнинг позициямизга зид, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг фикримизча, иқтисодиётда давлатнинг иштироки бўлиши шарт, давлат тартибга солувчи ва ташаббускорлигидан воз кечмаслиги лозим.

Бундан ташқари, давлат мулкини хусусийлаштиришга доир таклифга ҳам тўлиқ қўшила олмаймиз. Масалан, стратегик аҳамиятга эга корхона ва заводларни хорижий инвесторларга топшириш салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу давлатнинг бошқарувчилик салоҳиятига ва ижтимоий ҳаётни тартибга солиш механизмига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлаймиз.

Давлатнинг иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада фаол иштирок этиши иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Хусусан, энергетика, транспорт ва мудофаа саноати каби стратегик муҳим тармоқлар устидан давлат назорати уларнинг миллий манфаатларга зарар етказиши мумкин бўлган хорижий ёки хусусий манфаатлар назорати остига тушиб қолишига йўл қўймайди.

Мамлакат аҳолиси ҳар йили қарийб бир миллионга кўпаймоқда, бу давлат олдига янги мактаблар ва шифохоналар, ижтимоий инфратузилмаларни барпо этиш мажбуриятини қўяди. Бандликни қўллаб-қувватлаш, асосий товарлар ва хизматлар нархларини тартибга солиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилиш сингари кенг кўламли вазифаларни ҳам фақат давлат самарали ҳал қила олиши мумкин.

Самарали давлат назорати иқтисодиётда монополияни чеклаш ва адолатли рақобатни таъминлаш, янги технологияларни жорий этиш, инфратузилмаларни ривожлантириш соҳаларига узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.

Ўзбекистоннинг иқтисодий стратегияси 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ва глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлати қаторига кириш ва бу улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришни назарда тутади. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, давлат иштироки ҳамда назорати муҳимдир.

Зотан, ўтган йили янгиланган Конституциямизнинг 65-моддасида ҳам давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиши аниқ белгилаб қўйилди.

ХДП фаоллари бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш учун давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтиришни ҳаётий зарурат, дея ҳисоблаб келиши бежиз эмас.

 

Барқарорлик ва фаровонлик кафолати

Мутахассисларнинг фикрича, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шундай тизимки, у бир томондан эркин бозорнинг ўзини ўзи тартибга солиш тамойилларига асосланса, иккинчи томондан хусусий тадбиркорлик ва нодавлат секторнинг оддий одамларга хизмат қилишини таъминлайди. Бозор иқтисодиётининг бу шаклида ялпи ички маҳсулот ва миллий даромадни қайта тақсимлашда давлат муҳим роль ўйнайди.

Дунё давлатлари тажрибасига назар солсак, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини юритишда етакчилардан саналган Скандинавия ўлкалари (Дания, Швеция, Норвегия), Финляндия, Нидерландия, Германия каби мамлакатларда иқтисодий самарадорликка муҳим асос сифатида қаралади, бизнеснинг ижтимоий масъулияти белгиланиб, ижтимоий ҳимоя амалга оширилади.

Мамлакатимизда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ конституциявий нормалар бир неча баробар кўпайди. Хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш, фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, кафолатланган тиббий ёрдамга бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш, таълимнинг барча шаклларига ғамхўрлик қилиш, барча учун тенг имкониятлар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мустаҳкамлаб қўйилди.

Табиийки, ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражасини вужудга келтириш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимини йўлга қўйиш, бошқача айтганда, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ қилиш учун Давлат бюджети ҳал қилувчи роль ўйнайди. Солиқлар эвазига ҳосил бўладиган Давлат бюджетидан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан долзарб тус олган.

Янгиланган Конституциямизда Давлат бюджетини шакллантириш, унинг даромад ва харажат қисмларини белгилаш ва ижросини таъминлашда фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, бу йўналишда жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Юқоридаги барча омилларни, давлатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, бюджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки қонуний белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларга жарималар солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш ҳозирги паллада ҳар томонлама тўғри ечим бўлади. Ушбу таклиф давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали уддалашида имкониятларни кенгайтиришга муҳим туртки беради.

Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида гап кетганда, “Адолат” партияси Сайловолди дастуридаги фуқароларнинг уй-жойли бўлишга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда субсидиялар тизимини такомиллаштириш борасидаги таклиф ўзини оқламайди. Бизнингча, бу борада бошқа самарали иқтисодий ва ижтимоий механизмлар бор. Халқ демократик партияси мазкур йўналишда, масалан, ижтимоий уй-жойлар барпо этишни таклиф қилмоқда. Биз таклиф қилаётган янги механизм эҳтиёжманд, кам даромадли фуқаролар учун янада самаралироқ ҳисобланади.

 

Ижтимоий тенгликни таъминлаш

ХДП даромад ва уларнинг манбаларидан қатъи назар, бойликнинг ҳаддан ташқари концентрациясига адолатли солиқ солиш тизимини жорий қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Бундай чоралар айрим ривожланган мамлакатларда аҳолининг иқтисодий табақалашувининг олдини олишга хизмат қилган. Масалан, АҚШда йиллик даромади 11 минг доллардан кам бўлган фуқароларга 10 фоизли солиқ ставкаси қўлланади, 578 минг доллардан юқори даромадлилар эса 37 фоизга солиқ тўлайди. Хитойда 36 минг юандан кам топганлар 3 фоиз, 960 минг юандан ортиқ топганлар эса 45 фоиз солиқ тўлайди. Францияда оила аъзоларининг қўшма даромадлари инобатга олинади: 11 294 евродан кам олаётганлар солиқ тўламайдилар, аммо 177 106 евродан ортиқ даромадлилар 45 фоиз ставка бўйича солиқ тўлайдилар.

Бойликнинг ҳаддан ташқари концентрациясига адолатли солиқ солиш тизими юқори даромад ва бойликка эга бўлган шахсларни солиққа тортиш орқали ижтимоий тенгсизликни камайтиришга ёрдам беради.

Демак, бундай солиқ тўлаш ҳар бир шахснинг мол-мулкка эга бўлиш ҳуқуқига дахл қилмайди, аксинча, давлат ва жамиятдаги ижтимоий барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишдек олижаноб фуқаролик бурчини бажаришга имкон беради. Зеро, тўланган солиқлар ҳисобидан мактаб, боғча, шифохоналар, йўллар каби ижтимоий объектлар барпо этилади, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд аҳоли қўллаб-қувватланади.

 

Шаффофлик керак

Давлат харидлари давлат, жамият ва бизнес ўртасидаги муносабатларнинг сифатини акс эттирувчи муҳим жараён саналади. Давлат органлари ва муассасалари бюджет маблағларидан самарали фойдаланиши лозимдир.

Бугунги кунда жаҳондаги ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат харидлари тизимини такомиллаштирмай туриб, иқтисодий самарадорлик, бизнес субъектлари ўртасида ҳалол рақобат, коррупцияга қарши курашиш борасида юқори натижаларга эришиш қийин.

Мамлакатимизда давлат харидлари тизимини очиқлик ва шаффофлик тамойилига мувофиқлаштириш, шу орқали коррупция ва унинг оқибатларига, яширин иқтисодиётга қарши курашиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилиб, харидлар тизими рақамлаштирилмоқда.

Шу билан бирга, амалиётда давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиш ҳолатлари учраб тургани бор гап.

Бундай вазиятларнинг олдини олиш ва шаффофлик бўлиши учун давлат харидлари соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, жараёнда иштирок этувчи тарафларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг комплекс тизимини яратиш энг мақбул чоралардан, албатта.

Соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш давлат харидлари жараёнидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этишга шароит яратади.

Кўриб турганимиздек, бир-бирига ҳалқа мисоли боғланган бу жараёнлар пировардида ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигига олиб келади. Халқ демократик партияси давлат харидлари тизимида шаффофликни ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришни ўта муҳим, деб ҳисоблайди.

 

Ижтимоий сиёсатнинг “барометри”

Халқаро меҳнат ташкилотининг маълум қилишича, 2024 йилда дунё бўйича ишсизлар сони икки миллионга ошиши ва глобал ишсизлик даражаси ҳозирги 5,1 фоиздан 5,2 фоизга кўтарилиши кутилмоқда. Катта йигирматалик давлатларининг кўпида ихтиёрий даромадлар камаяди ва инфляция натижасида турмуш даражасининг пасайиши қисқа муддатда деярли тикланмайди.

Дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам бу масала жуда долзарб. Мана шундай шароитда аҳолининг бандлик даражасини кўтариш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Бинобарин, бандлик соҳасига ижтимоий сиёсатнинг “барометри” дея таъриф бериш мумкин.

Эътиборлиси, бу соҳада Ўзбекистонда етарли тажриба тўпланди, ижтимоий-иқтисодий фаоллик ортди. Лекин ўзгаришларга қарамай, вақтинча ишсиз фуқаролар, асосан, ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш муҳим.

Халқ демократик партияси бу борада ишсизлик бўйича мажбурий ижтимоий суғурта миллий моделини жорий қилишни таклиф этмоқда. Бу шундай тизим бўладики, иш топишда қийналаётган, турли сабаблар билан иш жойидан айрилган, вақтинча ишсизлар қаторида турган инсонлар манзилли қўллаб-қувватланади. Айни пайтда у фуқароларни боқимандаликка эмас, ижтимоий-иқтисодий фаол бўлишга ундайди.

 

Иқтисодий тараққиётнинг локомотиви

Миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишида инвестициялар оқимини кенгайтириш, бунинг учун зарур иқтисодий-ҳуқуқий шароитни яратиш муҳим.

Иқтисодиётимизга маблағ киритиш истагида бўлган ҳар қандай инвесторни биринчи навбатда шароит, имконият қизиқтиради. Айниқса, қандай имтиёз ва преференциялар тақдим этилгани ҳам аҳамиятли.

Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 5,5 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

Инвестициялар иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйвери ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш мақсадида маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш долзарб эканини таъкидлаш жоиз. Бу Сайловолди дастуримиздаги муҳим ташаббуслардан биридир.

Содда қилиб айтганда, хорижий инвесторга ҳам, маҳаллий инвесторга ҳам бир кўз билан қаралиши муҳим. Бу экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш ва қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.

Иқтисодиётни ислоҳ қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурининг иқтисодиёт соҳасидаги айрим ташаббуслари тадбиркорлар, хусусан, фермерлар учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, партиянинг “2030 йилга қадар пестицидлардан фойдаланиш ҳажмини 50 фоиз камайтириш” тўғрисидаги таклифи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун муайян қийинчиликлар олиб келиши мумкин. Фермер, деҳқонларимиз турли зараркунанда жонзотлар ва ҳашаротлардан ҳамда ўсимликлардан ҳимоя қилиш учун пестицидлар ишлатишга мажбур. Бўлмаса, маҳсулот нобуд бўлиши ёки ҳосилга зарар етиши мумкин. Умуман олганда, мазкур таклиф иқтисодий самарадорлиги жиҳатидан Экопартия томонидан чуқур ўйланмасдан кўтариб чиқилган масала, деб ҳисоблаймиз.

 

Хулоса ўрнида

Сайловолди тарғибот кампанияси қизғин давом этаётган даврда сайловчилар, юртдошларимиз сиёсий партияларнинг дастурий мақсад-ғоялари билан яқиндан танишмоқда, ўрганмоқда, таққосламоқда.

Иқтисодиётимиз ривожининг ҳозирги босқичида ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, ҳар бир инсон орзу-мақсадларига етиши учун шароит ва имконият яратиш, турмуш фаровонлиги бўйича давлатнинг ҳисобдорлигини ошириш долзарб аҳамиятга эгадир.

Партиямиз Сайловолди дастурида бу бўйича аниқ, ҳаётий таклиф-ташаббуслар илгари сурилган.

Иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги учун Халқ демократик партиясига ва номзодларига овоз беринг!

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

«Ўзбекистон овози», 9.10.2024, 41

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш