Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурида хотин-қизлар ҳаётини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган қатор ташаббуслар бор. Хусусан, йирик корхоналар, айниқса, аёллар меҳнатига ихтисослаштирилган ишлаб чиқарувчи ташкилотлар қошида оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали корхонада ишловчи аёллар учун муносиб шароитларни яратиш, оиладаги ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш таклифи илгари сурилган.
Партия дастурий мақсадларига эришиш учун хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳам талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, жойларда турли тадбирлар ташкил этиб келинади. Ана шундай тадбирлардан бири Фарғона вилоятининг Фурқат туманида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида тумандаги "Янги" маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон ХДП Фурқат туман кенгаши, туман ҳокимлиги, ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг ҳолидан хабар олинди. Аёлларни қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш мақсадида ўрганишлар олиб борилди. Натижада икки нафар аёлнинг мушкули осон бўлди ва мурожаати жойида ҳал этилди.
Аёллар билан мулоқот давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Опа-сингилларимизнинг соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга оид янгиликлардан хабардор қилинди. Ўз ишини очиш истаги бўлганларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишидаги чора-тадбирлар ҳам тушунтирилди.
Суҳбатларда аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш ва олий таълимга қамраб олиш масалалари эса партиямиз учун ҳамиша устувор бўлиб келгани таъкидланди. Шу мақсадда норасмий ва информал таълим натижаларини ўрта махсус, профессионал ва бакалавриат даражасида тан олиш тартибини йўлга қўйиш орқали расмий профессионал ёки олий таълим ололмаган шахслар учун мустақил равишда таълим олиш ва касб эгаллаш орқали ўз ижтимоий ҳолатини ўнглашига шарт-шароит яратиш масаласида ҳам хотин-қизлар учун имкониятлар инобатга олингани қайд этилди. Умуман, суҳбатлар давомида тилга олинган масалалар ва хотин-қизларга қизиқ бўлган бошқа мавзуларда партияга мурожаат қилишга оид тавсиялар берилди.