Келгуси 5 йиллик учун Ҳаракат дастури қабул қилинди

 

2024 йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва парламент Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг сайловдан кейинги биринчи мажлисларида илгари сурилган парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, сиёсий партиялар дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ муҳим ғоя ва ташаббуслардан келиб чиқиб, партиянинг йиғилишида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар, сайловдан кейинги ишларни самарали ташкил этиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов давлат ва жамиятни ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш зарурлигини таъкидлади. Сайловда парламентда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эришилган натижалар, қўлга киритилган 1200 дан ортиқ депутатлик ўринлари партия ғоя-мақсадларини қатъий илгари суриш, Сайловолди дастурини амалга ошириш имконини беради. Фақат бунинг учун барча тузилмаларимизда ишни аниқ режа, изчил саъй-ҳаракатлар асосида ташкил этишимиз зарур, деди партия етакчиси.

Сайловолди дастуридаги мана шундай ҳар бир ғоя ва ташаббусни рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури тақдим этилди.

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури ижросига қаратилган 10 та йўналиш, 15 қадам ва 122 банддан иборат вазифалар белгиланган. Ҳаракат дастурида 2 та янги кодекс, 10 та янги қонун ташаббуси билан чиқиш, 10 та кодекс ва 50 та яқин қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, 20 та норматив ҳужжатлар ижроси устидан парламент ва депутатлик назорати олиб бориш тартибидаги фаолиятни йўлга қўйиш каби мақсадлар белгиланган.

Ушбу кенг қамровли вазифаларни бажаришда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг доимий ҳамкорлигини таъминлаш, ҳуқуқий имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар гуруҳи аъзолари ҳам фаол иштирок этди.

Барча даражадаги депутатларнинг сайлов округларида самарали ишлашини ташкил этиш механизмлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, жойларда қонунлар ва давлат дастурлари ижроси устидан тизимли депутатлик назоратини ўрнатишда халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг роли ва масъулиятини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Йиғилишда партия фаолиятига доир ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

Теглар

Пленум Депутат Олий Мажлис Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш