Сенатор коронавирусга қарши курашга муносиб ҳисса қўшмоқда
Сенатор коронавирусга қарши курашга муносиб ҳисса қўшмоқда

 

Янгийўллик Нина Фазулина 76 ёшда. Турмуш ўртоғи Владимир Демеденко билан биргаликда узоқ йиллар мобайнида “Сувсоз” трестининг маҳаллий бўлимида сидқидилдан меҳнат қилиб, пенсияга чиқди. Ёши бир жойга етганда тақдир тақазоси билан ёлғиз қолган, ҳозирда кўмак ва эътиборга муҳтож бу инсонларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга бу инсонларнинг хонадонига ташриф буюрди. Гап шундаки, ҳозирда онкологик хасталикка чалинган Нина Фазуллина ва унинг кексалик туфайли саломатлиги заифлашган  турмуш ўртоғи доимий тиббий назорат ва ёрдамга муҳтож. Шуни ҳисобга олган ҳолда сенатор улар учун уй шароитида тиббий кўрик ва тегишли даволаш муолажаларини ташкиллаштириб берди. Бундан ташқари, ушбу оилага зарур бўлган барча дори-дармонлар етказилди.

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси М. Қодирхонованинг Янгийўл шаҳри ва Зангиота туманига уюштирилган ушбу сафари давомида кўплаб эҳтиёжманд ва ёлғиз инсонларнинг холидан хабар олинди, моддий ва тиббий ёрдам кўрсатилди, антисептик воситалар ҳам тарқатилди.

Шунингдек, сенатор ўзи бориб кўрган хонадонларда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш