Дарҳақиқат, 2024 йилда юртимизда ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш йўналишида сезиларли ишлар амалга оширилди. Умуман, 2 миллионга яқин инсон ижтимоий ёрдам ва кўмакдан баҳраманд бўлди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар учун янги уй-жойлар қуриш, тиббий хизматларни кенгайтириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурлари амалиётга татбиқ қилинди.
Бу ишлар партиямизнинг ижтимоий адолат тамойилларига тўла мос келади. Бизнинг дастуримизда ногиронлар ва эҳтиёжмандлар учун қўллаб-қувватлов тизимини янада мустаҳкамлаш муҳим ўрин эгаллайди.
Президент ижтимоий ҳимоя соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида “ижтимоий карта” тизими жорий этилишини маълум қилди. Ушбу ташаббус нафақат аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, балки давлат хизматларини рақамлаштириш орқали самарадорликни оширишга йўналтирилган.
Ижтимоий карта тизими орқали 72 турдаги ижтимоий хизматлар, 76 турдаги ёрдамлар ва 200 га яқин имтиёзлар ягона электрон платформага интеграция қилинади. Бу орқали қоғоз ҳужжатлардан воз кечилишига, вақт ва маблағ тежалиши ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнлари автоматлаштирилишига эришилади. Тизим, шунингдек, фуқароларнинг эҳтиёжлари ва имкониятларини акс эттирувчи рақамли паспорт яратишни ҳам ўз ичига олиши эса мутлақо янгича усул ва замонавий қулайлик демакдир.
Ижтимоий карта айни пайтда тўлов воситаси ва эҳтиёжмандликни тасдиқловчи ҳужжат сифатида ҳам хизмат қилади. Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманидан бошлаб, кейинчалик бутун республика бўйлаб жорий этиладиган бу тизим эҳтиёжманд фуқароларга индивидуал ёндашув имконини беради.
Хорижий тажрибаларга назар солсак, ижтимоий карталар кўплаб ривожланган давлатларда ижтимоий адолатни таъминлаш ва давлат хизматларини шаффофлаштиришда асосий восита бўлиб келмоқда. Масалан, Германия ва Сингапурда шундай карталар орқали барча ижтимоий хизматлар бир тизимга бирлаштирилган.
Умуман, ушбу тизим орқали кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш осонлашади, ҳукумат ва фуқаролар ўртасида ишонч мустаҳкамланади.
Нигора ЭШМЕТОВА,
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.
«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51