Бугун фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, савияси анча юқори. Атрофда бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодиса бўйича уларнинг ўз шахсий фикри, қараши бор. Шу маънода айтадиган бўлсак, бугун халқ сиёсий партиядан, депутатдан кўп нарса кутади, талаб қилади, ҳисоб сўрайди. Демак, сиёсий партия халқнинг эҳтиёжларини биринчи бўлиб англаши, муаммоларни ўрганиб, самарали ҳал қила олиши зарур. Депутатдан эса чин маънода одамлар дарди билан яшаши, уларнинг муаммоларини жон куйдириб ҳал қилиши талаб этилади.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгашида бўлиб ўтган конференциясида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси устидан назорат ўрнатиш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
Конференцияда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов иштирок этди ҳамда шаҳар партия ташкилоти фаолияти, бугунги долзарб вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирди:
– Аввало, бир нарсани тўла фахр билан айтишимиз керакки, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, соҳалар ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда партиямиз иштироки тобора кучайиб бормоқда. Лекин бугун сиёсий партиялар ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этиш билан бир қаторда мамлакатнинг ривожланиш стратегиясини белгилашда ҳам ўз позициясини намоён этиши лозим. Биз ўзимизни қанчалик танқид қилмайлик, аҳоли манфаатлари йўлида жонбозлик ва фаоллик кўрсатмасак, ишларимизнинг пировард натижаси кўринмайди. Шу маънода айтадиган бўлсак, олдимизда бир қатор муҳим вазифалар турибди. Аввало, кадрлар масаласи ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак.
Тошкент шаҳрида партиямизнинг 42 мингдан ортиқ аъзоси бор. Биз ҳар томонлама фаол, партия учун жон куйдириб, куйиб-пишиб ишлайдиган аъзолар сафини кенгайтиришимиз лозим. Бу орқали одамларни эргаштирадиган, уларнинг онгига партия ғояларини сингдирадиган фаол етакчиларни кўпайтириш мумкин. Шунда ғоя ва мақсадларимиз тарғиботи, бизга ишонган, сафимизга қўшиладиган фуқаролар кўпаяди.
Олдимизда муҳим сиёсий жараён турибди. Сайловлар биз учун катта имтиҳон ҳисобланади. Ана шу сиёсий жараёнда партиямиз позициясини қатъий ҳимоя қилишимиз лозим. Хўш, бўлажак сайловларда одамлар орасида партия нуфузини мустаҳкамлаш, депутатларимиз сонини ошириш учун нималарга аҳамият бериш керак?
Аввало, партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастурини такомиллаштиришимиз лозим. Халқимизнинг ўй-ташвишлари, манфаатларига нечоғлик муносиб эканлиги ҳақида чуқур ўйлаб кўришимиз талаб этилади. Партиямизнинг янги дастурида ижтимоий демократик давлат қуриш ғояси устуворлик қилмоқда. Ҳозир дастур ва Сайловолди дастур устида эксперт гуруҳи жиддий ишлаяпти. Унинг халқчиллигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар олиб бориляпти. Унда ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар ечими бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз. Мақсадимиз халқимиз эҳтиёжларига мос, уларнинг манфаатларига хизмат қилувчи дастур ва Сайловолди дастур ишлаб чиқишдан иборат. Мана шу муҳим вазифани бажаришда барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари камарбаста бўлиши керак.
Конференция ишида партия ташкилотининг 2015-2019 йиллардаги амалга оширилган ишлари, партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш борасида қилинган ишлар бўйича ҳисобот берилди.
Аброр Қурбонов, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:
– Албатта, Сайловолди дастури ижроси фаолиятимизнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Шу боис партия ташкилотлари ўтказаётган ҳар бир тадбир, депутатлик бирлашмалари томонидан ўрганилаётган масала, аввало, мазкур дастур ижросига хизмат қилиши керак.
Ҳисобот даврида кадрлар фаолиятини яхшилаш, уларнинг салоҳиятини ошириш, ўз сиёсий позициясига эга ва янгиликка интилувчан ходимларни қўллаб-қувватлаш, партия тизимидаги бошланғич ташкилотлар етакчиларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш мақсадида жойларда сиёсий ўқув ва семинар-тренинглар ташкил этиб борилди. Шунга мувофиқ ҳафтанинг пайшанба куни “Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш куни” деб белгиланди. Тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ 60 га яқин мавзуларда ўқув-машғулотлари ўтказилди.
Аҳолининг муаммоларини ўрганишга қаратилган “Маҳалла – аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Натижада Тошкент шаҳрининг 38 та маҳалласида ўрганиш олиб борилди. 1579 фуқаронинг муаммолари таҳлил қилиниб, 720 та масала юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 380 та масала тегишли мутасадди ташкилотларга ҳал қилиш учун юборилди. 150 та масала юзасидан депутатлар кўмагида амалий ёрдам берилган бўлса, 30 та масала Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ижобий ҳал этилди, 10 та масала юзасидан йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тегишли ишларни амалга оширди. 289 та моддий қийинчиликларга дуч келаётган ногиронлиги бор оилаларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.
Ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида фаолият олиб бораётган депутатлар томонидан 554 маротаба депутатлик сўровлари тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилди.
Шунингдек, “Эзгу ғоядан-эзгу мақсад сари!”, “Беш ташаббус-беш имкон!”, “Биз бир сафдамиз!”, “Депутат ва ёшлар” ва бошқа мавзу, шиорлардаги тадбирлар натижасида, 161 мингдан зиёд ёшлар ва 142 мингдан яқин ҳотин-қизлар партиямиз сафига қамраб олинди.
Бу билан берилган имкониятлардан тўлақонли фойдалана олаяпмиз, дея олмайман. Тарғибот таъсирчанлигини таъминлай олмаяпмиз. Айрим партия кенгашлари, депутатлик тузилмаларининг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашдаги фаоллиги сезилмаяпти.
Конференцияда депутатлар, партия фаоллари Ўзбекистон ХДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасини кўриб чиқиб, таҳлил қилди. Аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар берилди.
Иштирокчилар партия электорати манфаатларига бевосита дахлдор бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалаларга доир партия позициясини кенг тарғиб қилиш, айниқса, сайловлар йилида бунинг аҳамияти беқиёслигини алоҳида таъкидлашди. Бўлажак сайловларга жиддий тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон Хақ демократик партиясининг ўтган даврдаги фаолиятида фаол, ташаббускорлик ҳамда фидойилик кўрсатган партия фаоллари, фахрийларига Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Конференция доирасида шаҳар партия кенгашининг ташкилий пленуми ўтказилди. Нигора Эшметова Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси этиб сайланди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.