УзА: Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгашининг ИИ пленуми

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгашининг II пленуми бўлиб ўтди.

Партия Қорақалпоғистон Республика Кенгаши пленуми аъзолари ва масъул ходимлари, шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган пленум кун тартибида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тўғрисида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг 2024 йилда амалга оширган фаолияти юзасидан ахбороти тингланди. Шунингдек, 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар кўриб чиқилди.

Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш, аъзолар ва электорат билан ишлаш, партия ташкилотларида иш сифат ва самарадорлигини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган 100 га яқин қарор қабул қилинди. Фуқароларнинг турмуш фаровонлиги, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 70 дан ортиқ муҳим масалани қамраб олган амалий Ҳаракат дастурининг ижроси юзасидан партия фракцияси ва партия гуруҳларининг ташаббуслари билан 123 та масала партия гуруҳлари ва доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилиб, шундан, 103 таси сессия кун тартибига олиб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш борасида муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, партия Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги “Жамоатчилик қабулхоналари”га фуқаролар томонидан жами 886 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 873 таси партия масъул ходимлари ҳамда депутатлар иштирокида ижобий ҳал қилишга эришилди.

Ҳисобот даврида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ва тушунтириш, партиянинг жамиятдаги ижобий имижини яратиш мақсадида “Депутат маҳаллада”, “Соғлом она – соғлом оила”, “Маҳаллада ижтимоий хизмат”, “Сафимиздаги ёшлар”, “Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари”, “Тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятлар”, “Аёлларга кўмак” “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш” каби лойиҳалар доирасида 1 минг 500 дан ортиқ тарғибот, ташвиқот тадбири ташкил этилди. Ушбу амалий тадбирлар натижасида 18 минг нафардан зиёд фуқаро партия аъзолигига қабул қилинди.

Шунингдек, йиғилишда барча даражадаги партия ташкилотлари, депутатлар, фаоллар партия дастурий мақсадлари ва Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, алоҳида йўналишлар ва масалаларга чуқур ёндашиш зарурлиги таъкидланди. Ҳозирги кунда ижтимоий ҳимоя, аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш, бошқа ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада партиянинг асосий бўғини ҳисобланган бошланғич ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қонун ва бошқа норматив ҳужжатларга таклифларни қуйидан, айнан бошланғич ташкилотлардан олиш тизими, яъни “бошланғич партия ташкилоти – депутатлик гуруҳи – сессия” тизими орқали йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Пленум кун тартибидаги масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Пленум
← Рўйхатга қайтиш