Ўтган йилнинг сарҳисоби, янги йилга режа ва мақсадлар белгилаш. Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида ҳам Ижроия қўмитасининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан вилоят кенгаши раиси Раимберган Юсуповнинг ҳисоботи тингланди ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг амалга оширган ишлари кўриб чиқилди. Хусусан, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, депутатларнинг соҳалар кесимидаги фаолияти танқидий-таҳлил қилинди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари қошида 13 та Жамоатчилик қабулхонаси ташкил қилинган. Уларга сайловчилардан турли мазмундаги мурожаатлар қабул қилинади. 2024 йилда фуқаролардан бўлган мурожаатларнинг умумий сони 519 тани ташкил этиб, уларнинг 78 фоизи қонун доирасида ҳал этилди. Қолган 22 фоизи эса ҳозирги кунда ўрганиш жараёнида бўлиб, назоратга олинган.
Шунингдек, пленумда 2025 йилдаги режа ва мақсадларни амалга ошириш учун партия ташкилотлари, депутатлар фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий масалаларга оид янги ташаббусларни илгари суриш борасида фикр билдирилди.
Хусусан, партия аъзолари, фаоллар вилоятнинг ҳар бир ҳудудидаги ижтимоий аҳволни яхшилашга қаратилган аниқ амалий чора-тадбирларни белгилаб олиши муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Бунинг учун партия аъзолари аҳоли билан яқин алоқаларини ривожлантириши, кенг жамоатчиликни партия дастурлари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратиши зарурлигига урғу берилди.
Пленум якунида амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси вазифалар билан боғлиқ қарорлар қабул қилинди.