ХДП фаоллари ҳудудларда:
Ҳуқуқлар бор, лекин уларни амалда қўллаш механизмлари етарли эмас
ХДП фаоллари ҳудудларда:<br>Ҳуқуқлар бор, лекин уларни амалда қўллаш механизмлари етарли эмас

 

Ўтган давр мобайнида ногиронлиги бўлган инсонларни бошқа фуқаролар билан тенг равишда ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш имкониятини берувчи қўшимча шарт-шароитлар яратилди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик янада такомиллаштирилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар билан яқиндан ишлаш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни маданий ва спорт тадбирларида иштирок этишлари учун шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар эътирофга лойиқдир.

Аммо шунга қарамай, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида Бухоро вилоятида эътибор марказидан четда қолаётган бир қатор муаммолар борлигидан кўз юмолмаймиз.

Масалан, энг катта муаммолардан бири бу вилоятда ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация маркази мавжуд эмаслигида. Ҳаттоки, вилоятдаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларни мақсадли реабилитация қилишга ихтисослашган бўлимлар ҳам йўқ.

Маълум бўлдики, ҳозир вилоятида 54 713 нафар ногиронлиги бўлган инсонлар бор. Шундан деярли тенг ярми реабилитация потенциали юқори бўлган шахсларни ташкил этади. Лекин, вилоятда реабилитация тизими мавжуд бўлмаганлиги сабабли, 11021 нафар ногиронлиги бўлган шахслар кўрикдан ўтказилиб, бошқа вилоятларга юборилиб, шулардан бор-йўғи 216 нафари тўлиқ реабилитация ва 248 нафари қисман реабилитация қилинган, холос.

Бундан ташқари, вилоят инфратузилмаси ногиронлиги бўлган шахслар учун тўлиқ мослаштирилмаган. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш вақтида барча объектларда кўзи ожизлар учун тактил йўлаклар йўқлиги маълум бўлди. Кўпгина объектларнинг кириш қисмида тўсиқлар мавжуд ёки эшиклар тор ва тор пандуслар ногиронлар аравачасидан фойдаланадиган одамларнинг бино ичига киришига имкон бермаслиги, кўпгина маданий объектлар, меҳмонхоналар ва диний мажмуаларда пандуслар, тактил йўлаклар, лифтлар ва мослаштирилган ҳожатхоналар йўқлиги, автотураргоҳларда ногиронлар учун махсус жойлар етишмаслиги, кириш жойлари кўпинча зинапоялардан иборат бўлиб, ногиронлар аравачасида ҳаракатланишни қийинлаштираётгани маълум бўлди.

Биз муаммоларни шунчаки, ўз ҳолига ташлаб қўймоқчи эмасмиз. Ушбу масала электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ, бунга бефарқ қарашга ҳақимиз йўқ. Вилоятда ўрганилган муаммолардан келиб чиқиб, партиямиз ишчи гуруҳи томонидан бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилди.

Аввало, партиямиз фракцияси томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш тизимини янада такомиллаштириш масаласини ҳар томонлама ўрганиш ва ўрганиш якунларини фракция мажлисида соҳа вакиллари билан биргаликда муҳокама қилиш белгиланди. Вилоят инфратузилмасини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш масаласини маҳаллий Кенгашлар сессияларида масъул ташкилотлар иштирокида кўриб чиқиш ва тегишли қарорни қабул қилиш режалаштирилди. Сессия қарори ижроси устидан партия томонидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Бундан ташқари, вилоятда ногиронлиги бўлган шахслар учун ташкил этилган Мурувват уйларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш масаласини ҳам сессияларда муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 29.1.2025, №4

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш