Берлинни яланг оёқ олган аёллар
Берлинни яланг оёқ олган аёллар

 

Қишлоғимизнинг шундоқ ёнидан, тоғга томон кетадиган жойдан темир йўллари ўтган. Республикамизнинг йирик темир йўл бекати “Зирабулоқ” биз нарпайликларни бутун дунё билан боғлайди, десам муболаға эмас. Қишлоғимиздагилар бекатни “станция” деб аташади. Улуғ Ватан уруши йилларида шу бекатимизга европадан, бошига уруш кулфатлари тушган юртлардан ота-онасидан айрилиб етим қолган, тўсатган қилинган ҳужум туфайли тўрт томонга сочилиб, ота-онасини йўқотиб қўйган болалар эвакуация қилинган. Ўзбекистонимизнинг ҳамма жойида бўлгани каби бизнинг Самарқандимизга хусусан Нарпайга ҳам болалар келтирилган. “Уруш кўрган болаларни кутиб олиш учун ҳаммамиз эрта тонгдан станцияга чиққанмиз. Болалар келаётган поезд эса кечга яқин “Зирабулоқ”қа келиб тўхтади. Биз ҳозир болалар тушади деб қараб турибмиз. Менинг Хурсанд энам “ Ҳой биродарлар болаларни кўтариб тушириш керак” дедилар. Аёлларнинг ўзлари поездга чиқиб болаларни елкаларида кўтариб тушишди. Болалар шу қадар озғин ва ҳолдан тойган эдиларки, юраолмас, баъзилар бошларини кўтара олмас эди. Бечораларни қишлоғимиз аёллари бағрларига босиб,от ва эшак араваларда уйларга олиб келдик. Станция совуқ бўлгани учун болаларни олганимиз ҳақидаги ҳужжатларни райкомдагилар уй –уйимизга келиб тўлдирдилар” деб эслайди момом. Бобомнинг энаси Хурсанд момомнинг кўрсатмаси билан меҳмон болаларга дастлаб ошқозонлари кўниксин учун атала, ўрик ва шафтолиқоқи шарбатларини ичиришган экан.

Энг ёмони қоронғу тунларда бу бола бечораларнинг ҳеч бири тинч ухлайолмас, тушларида чўчиб тушар, кимларнидир чақирар, чинқиришиб йиғлашар, кимлардандир қўрқиб тўшакларни ҳўл қилиб қўяр, энг ёмони тунлари қўрқиб туриб кетиб йиғлашга тушишар эди. Уларни тилини тушинмасакда оналарини соғиниб йиғлаётганини сезардик ва бағримизга босиб, алла айтардик. Биз меҳмон болаларни бир амаллаб қишдан олиб чиқдик. Бу пайтга келиб болалар қишлоғимизга ўрганиб қолган бўлсада ҳали тўлиқ ўзларига келишмаган эди. Ҳаволар исиб тут пишиғига етгандан кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетди” деб, эсларди момом.

Уруш йилларида Нарпайга эвакуация қилинган болалар орасида руминиялик Халарамб Зимке ҳам бўлган экан. Уруш тугагач у катта ёзувчи бўлиб кетган ва унинг асарлари орасидаги ”Мен қандай қилиб ўзбек бўлиб қолдим”-деб,номланган асари нарпайда ўтган кунларига бағишланган. Айтишларига қараганда урушдан кейин у Нарпайга келган экан. Нарпайликлар яна меҳмонни кутиб олиш учун станцияга чиқишган. Бу сафар ёзувчи поезддан тушибоқ ҳеч адашмай нарпайлик энасини кўтариб олиб “Сиз мени шундай кўтариб олган эдингиз”- деган экан. Айтишларича ўшанда румин ёзувчиси нарпайда кечган болалик хотираларини шундай эслаб айтиб берган:

Мен ўзбеклардек болажон, бағрикенг халқни кўрмадим. Уриш пайти мени асраб олган Шариповлар оиласининг яна бир ўғли бор эди. У мендан икки ёшлар катта эди. Бу боланинг онаси менга эна, боланинг ўзи эса менга ака- бўлди. Эрталаб ўзбек энам мен ва акамга нон тўғралган сут берар, негадир менга икки қошиқ ичирса, акамга бир қошиқ ичирарди. Шунда мен “Акамга ҳам икки қошиқ тутинг” - дердим. Ўзбек энам эса “Аканг бақувват сен кўпроқ ичмасанг бўлмайди” - деб меҳрибончилик кўрсатар эди.

Ёз ўзбекистонда жуда иссиқ бўлар, биз болалар ҳам эналаримиз орқасидан далаларга чиқар эдик. Бир куни иссиқда ҳушимдан кетганимда қишлоқ аёллари менга тарвуз суви ичиришгани ёки биз эвакуация қилинган болалар хом тутларни яширинча еб, қорин оғриқ бўлганимизда анор пўстларини ичиришгани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Нарпай меҳрибонлик устига қурилган юрт десам хато эмас. Бу ерда инсонлар тугул жониворлар ҳам бир – бирига меҳрибон. Совуқ қиш кунларидан бирида сут бериб турган сигиримизнинг бузоқчаси касал бўлиб қолди. Кимдир “Бўзоқчани сўйиш керак, йўқса ҳаром ўлади”-деб, маслаҳат берибди. Ўзбек энам мен ва акамни бир қариндошникига юборди. Болаларнинг кўзи тушса юраги ёмон бўлади-деб ўйлаганда. Кечқурин уйга келсак бузоқча йўқ. Уни сўйиб қишлоққа тарқатибдилар. Ўзимизга ҳам олиб қолибдилар. Акам билан мен худди укамиздан айрилгандек йиғлаганмиз. Онам бизни “Ҳали баҳор келса сигир иккита бузоқ туғади. Иккалаларинг яйловга олиб чиқасизлар”-деб овутганлар. Аммо, сигиримиз кечаси билан маъраб чиққан. Бузоқчани сўйган қассоб унинг терисини бостирма айвон тагидаги ўтин устида қолдирган экан. Эрталаб елини сутга тўлиб кетган сигир ипини узиб, бостирма тагига бориб, бузоқчанинг терисини ҳидлаб роса маъраётган экан. Буни кўрган ўзбек энам ,акам ва мен сигирни қучоқлаб бақириб йиғлаганмиз. Ўзбек энам “Сенга қирғин келсин Гетлир шу ҳайвонда бор юрак сенда йўқ”-деб, Гетлирни қарғаганлар.

***

У пайтлари Зинке, Зинкемас,

Ялангоёқ бир бола эди.

Уни кутиб олишга чиққан,

Нарпай эди,қир,дала эди.

Ортда қолсин хавотир,гинанг,

Қўрқувларни мангуга кузат.

Бошгинангни силайди энанг,

Оёғингни танчага узат.

Мана бу нон, мана бу майз,

Манов ёнғоқ,туршагинг сенинг.

Манашу уй,мана шу даҳлиз,

Иссиқ ўлан тўшагинг сенинг.

Аканг билан алмашиб кирза,

Этикчани киясиз етар.

Қиш тугасин,у ёғи мазза,

Иссиқ кунлар бошланиб кетар.

Қоратовдан қор эриб,

Қорлар эриб кетади.

Қўшиқ айтасиз чопиб,

Ғамлар эриб кетади”.

Иссиқ кунлар...Нарпай қўйнида,

Беш йил йиғлаб кутди тилаклар.

Тинчлик сўзин бир кун бўйнига,

Илиб келди оппоқ лайлаклар.

Хушхабарни ташиб юради,

Почтачининг таниш сўмкаси.

Кўкка қараб хушнуд титради,

Танклар эзган йўллар елкаси.

Қайтиб кетди у юрти томон,

Ғолиб юртда чопди поездлар.

Тушларига киради ҳамон,

Этикчалар ётган даҳлизлар.

Бир кун дадил ёзди: Мен –ўзбек,

Бўғдой, пахта жўяклар – ўзбек.

Соғинч - ўзбек ва тинчлик – ўзбек,

Иссиқ ёзлар, лайлаклар ўзбек.

Уни тез- тез чорлар телеграф,

Ҳаяжони тутар жаҳонни.

Улаб беринг!”- сўрайди титраб,

Меҳр юрти Ўзбекистонни.


***

Тут илоҳий дарахт. Унинг тагинини тоза тутиш кераклигина ҳам шу донишманд энамдан эшитганмиз.

Улуғ ватан уруши йиллари қишлоқлардаги улкан – улкан тутлар қандай қилиб одамларни очликни устидан ғалаба қилишага ёрдам берганини ҳам Санобар катта энам айтиб берганлар:

Очлик, қаҳатчилик одамлар тут пишиғига жетгунча ранглари сорғайиблар кетди. Тезроқ тутлар пишсаю тўйиб – тўйиб тутхўрлик қисак - дердик. Ўша жиллардаям ўзбегимди доласидан ойналай ўт – ўлан яхши бўлиб аллақочан молларди авзи кўкка жетған эди. Жоратғанға шукур қилиб, кимди сигири кувроқ сут берса даррав қўшнисиға илинади. Мақсадимиз: ҳеч ким кунжара жеб ўлмаслиги эди. Буни устига – устак ҳар биримиз уруш бўлаётған жирлардан поездда об келинган житим, сағирларди бала қилиб асраб олғанмиз денг. Кегангина балаларди ариқлигини олдида бизди балалар тетик кўриниб қолди айналайлар. Бу ўрисдинг балалари тутди хом десак ҳам тушинмайди, кўзди паналаб жиб жутади. Ундан сўнгра уларди ичи аврайдида. Ғалча балалар. Уларни уришиб бўмайди, уриб бўлмайди. Анорди пўстини қойнатиб ич десак қочади. Қува – қув қилиб, ушлаб олиб ичирамиз, тузалади. Бир амаллаб тут пишиғига жетганмиз қоқиндиқларинг кетайлар.

***

Қишлоғимизда бирон-бир хондон йўқки уруш туфайли азият чекмаган бўлса.

Уруш сабаб кўксида доғи йўқ одам ҳам боримикин?” деб оҳ урардилар катта момом. Моможонимни укаси Теша тоғадан бошқа ука ва сингиллари турмаган экан. Ёлғиз ўғил Теша тоғани 16 ёшда урушга олиб кетишибди. “Тешавой тоға қушларга ҳам тош отмайдиган, чумолига озор бермайдиган хушсурат йигит бўлиб, неча – неча достонларни ёд билар экан. Урушни иккинчи йилида уни “Қаҳрамонларча ҳалок бўлди” деган қора хат келибди. Момомнинг онаси кечаю кундуз дод солиб: “Тешавой! Тешажоним қайердасан? Мен биламан сен тириксан!” деб йиғлай – йиғлай бир йилга бормай оламдан ўтиб кетди. Бобомнинг онаси Хурсанд энам жуда эпчил аёл бўлиб қишлоқ аҳолисини уришдан олиб чиққан аёллардан бўлган экан.

Фронтга иссиқ кийимлар керак –деб райкомдан буйруқ келганда Хурсанд энам ва қишлоқ аёллари тунлари ўтириб иссиқ пайпоқ, қўлқоп ва бош кийим тўқиб чиқар эканлар. Ўзлари оёқларидаги йиртилиб кетган пойафзалларини пайпоқсиз кийиб юраверар экан. “Кунлар исиб кетгандан кейин ҳамма пойафзалсиз далага чиқиб кетарди. Саратоннинг иссиғида бир соат, ярим соат тут соясида нафас ростлаймиз. Аёлларимизнинг бирини оёғи ёрилиб кетган,бирини оёғи тошларга тилиниб яра- чақа бўлиб кетган. Бирини тирноқлари синиб кетган хуллас соғ оёқ йўқ. Шунда мен “Ҳой аялли мардлари! Бошларингни кўтаринглар! Ҳа демай уруш тугайди. Уйимиз шодликка тўлади. Ўшанда бизнинг ҳам бу ғалабада ҳиссамиз борлиги баралла айтилади”- дедим. Бечораларимнинг оёқларига қарадимда, ўшанда бир шоир топиб бизди қишлоғимизди аялларини “Бресьти аёқ жаланг олған аяллар”-деб шеър жоз –дейман” дедим.Шунда ой жузлиларим севинчидан жилаганди”-деб айтиб берганди.

Мен Хурсанд энамнинг мағрур айтган сўзларининг амалга ошганини гувоҳи бўлдим. Гарчи улар бугун орамизда йўқ, аммо улар ҳақида афсонавий ҳақиқатлар биз билан бирга. Улар шу кунлар келишига қаттиқ ишондилар. Улар кутдилар , сабр қилдилар ва ғалаба қилдилар.

Энди ҳар йили “Хотира ва қадрлаш” кунларида- музаффарият тантаналарида бир- биридан бақувват оёқлар гурсиллаб- гурсиллаб қадам ташлаб ўтар эканлар кўз олдимга оғриқ азобидан ёрилиб кетган, тошлар ва тиканларда тилиниб қон сизиган, чўп бўлиб озиб кетган оёқларга хаёлан бош ураман.

Хурсанд момом айтгандай “Бресьтни яланг оёқ олган аёллар” деган сатрларни ёзаман. Негадир ёзганларимнинг устига кўз ёшларим томчилайверади.


Зулфия МЎМИНОВА шоира.

← Рўйхатга қайтиш