Ўзимиз ўйлаб топган “удум”ларга қурбон бўлаётган оилалар
Ўзимиз ўйлаб топган “удум”ларга қурбон бўлаётган оилалар

 

Орамизда фақат яқин қариндошларигагина қиз бериб, қиз олишни истайдиганлар йўқ эмас. Аммо ўзимиз ўйлаб топган “удум”лар неча-неча тақдирлар, оилаларнинг барбод бўлишига, қариндошларнинг юз кўрмас бўлиб кетишига олиб келаётганини, қанча мурғак гўдак ногиронликка мубтало бўлаётганини унутмайлик.

Яқинда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурига яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари тўғрисида роликлар, кўрсатувлар тайёрлаш ва уларни ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида бериб боришни йўлга қўйиш таклифини бергандим. Лойиҳанинг 4-иловасида яқин қариндошлар ва эрта никоҳларнинг олдини олиш мавзуларига қаратилган тарғибот материалларини тайёрлаш ва уларни оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатиш масаласи ўрин олди. Бундан жуда қувондим.

Мен ҳам кўп йиллар хотин-қизлар билан ишлаганим ва бевосита мазкур масалага бир неча бор тўқнаш келганим учун ҳам шу таклифимни бердим. Биз ҳозир ахборотлар маконида яшаяпмиз, шундай экан, яқин қариндошлар ва эрта никоҳнинг олини олишда таъсирчан ва тезкор механизмлардан кенг фойдаланишимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Мен ҳаётий тажрибамда бунинг бир неча бор гувоҳи бўлганман, яқин қариндошлар ўртасида дунёга келган фарзандларнинг ўзлаштириши ва фикрлаши анча орқада бўлади. Бу каби ҳаётий кейслар таҳлил қилинганида, уларнинг соғлигида ҳам муаммолар борлиги ойдинлашади. Энг ачинарлиси, бир-бирига қариндош бўлган ота-онадан баъзи ҳолларда ногиронлиги бор фарзандларнинг дунёга келишидир. Бундай болага қараб, умр бўйи киши ўзини айбдор ҳис қилиб, виждон азобида қийналиб яшашдан оғири йўқ...

 

Мавжуда Ҳасанова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 5.2.2025, №5

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш