
Давлатимиз раҳбари йигит-қизлар билан ўтказилган учрашувда ёшлар масаласи парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятида ҳам муҳим йўналиш сифатида қаралиши лозимлигини таъкидлади.
Ёшларга дахлдор қонун лойиҳаларини Ёшлар парламенти аъзолари билан бирга муҳокама қилиш ва ялпи мажлисда лойиҳа бўйича уларнинг фикрини ҳам эшитиш мақсадга мувофиқ экани кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, маҳаллий Кенгаш сессияларида ёшлар масалалари бўйича масъул органлар раҳбарларининг ахборотини эшитиш, барча маҳаллий Кенгашлар ҳузурида ёшлар гуруҳларини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.
Айтиш керакки, мамлакатимизда ёшларни ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллигини ошириш ҳамда уларни парламент ҳаётига янада яқинлаштириш мақсадида, 2020-йилда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида бу тузилма ёшлар учун ҳақиқий социал лифт бўлиб хизмат қила олди.
Янги таркибдаги Ёшлар парламенти аъзоларининг 84 нафари 30 ёшгача бўлган депутатдан, 10 нафари Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда 6 нафари Сенатнинг тегишли қўмитаси тавсиясига асосан шакллантирилган. Янги таркибда ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, тадбиркорлар, экологлар ҳамда маданият, спорт ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларидан ташкил топгани уларнинг барча йўналишларда самарали фаолият олиб боришига катта ёрдам бўлади.
Очиқ мулоқотдан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар асносида Ёшлар парламенти аъзолари ёшлар ўртасидаги жиноятчилик, болалар ва аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этишини режалаштирмоқда. Хорижий мамлакатларнинг ёшлар парламентлари билан ҳамкорлик қилиши ва ўзаро тажриба алмашиш каби бир қанча масалаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб олди.
Ўйлайманки, фаол ёшлар нафақат ташаббускор балки иштирокчи ва ўз сафини кенгайтириш йўлидаги тарғиботчи вазифасини ҳам ўтайди. Зеро, юртимиздаги ҳар бир йигит-қиз томирларида улуғ аждодларимиз қони оқмоқда ва биз бирлашсак, сафимизни кенгайтирсак катта кучга, енгилмас иродага айланамиз. Бу эса Ватан тараққиёти йўлидаги энг муҳим воситадир.
Облоберди Олимов,
Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.