«Зарар етказилаётгани учун устама белгиланиши керак». ЎзХДП депутати ҳукуматга таклиф билан чиқди
«Зарар етказилаётгани учун устама белгиланиши керак». ЎзХДП депутати ҳукуматга таклиф билан чиқди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда сайловчилар, халқимиз вакиллари билан учрашиб, мулоқот ўтказганда ҳар хил мурожаатлар бўлади. Одамларга қулоқ тутиш, уларни ўйлантирган муаммони ҳал этиш вазифаси бўлган ташкилотга етказиш, аҳоли билан ёнма-ён туриб, унга ечим топиш депутатнинг бурчи. Шуни тушунадиган ташкилотлар ва мутасаддилар кўпаяётгани ҳаммамизни қувонтиради.

18 март куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани аҳолиси вакиллари билан ўтказилган учрашувларимизда бир масала кўтарилди. Бу ҳақда масъул ташкилотларнинг хабари бўлса керак.

Пахтачи тумани Самарқанд шаҳридан 140 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашё ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ҳозир туманда 143,9 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Туманда иш билан банд аҳоли сони 61 минг нафарга яқин.

Масала нимада?

Пахтачи тумани «Навоий кон-металлургия», «Навоийазот», «Навоиелектркимё», «Қизилқумцемент» каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатаётган Навоий шаҳрига анча яқин жойлашган. Мазкур корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнида ҳавога ажралиб чиқаётган заҳарли газ ва чиқиндилари туман аҳолиси саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб келяпти. Аҳоли муаммолари ўрганилганда сўнгги йилларда ҳудудда сурункали бронхит, бронхиал астма ва аллергик касалликлар кўпайгани қайд этилди. Айниқса, бу касалликлар болалар ўртасида кўп кузатилмоқда. Лекин етказилаётган зарар учун ҳеч қандай устама ёки бошқача шаклда ижтимоий ҳимоя чоралари белгиланмаган.

Пахтачи туманига ёнма-ён жойлашган Навоий вилояти тасарруфидаги Хатирчи тумани аҳолиси иш ҳақига қўшимча устамалар тўланиши ҳукуматнинг тегишли қарорида кўзда тутилган. Лекин Пахтачи туманида ишловчиларнинг меҳнатига қўшимча устама тўлаш ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда назарда тутилмаган. Ваҳоланки Навоий шаҳрининг маркази билан Пахтачи туманининг чегараси бор-йўғи 14-15 километрни ташкил этади холос.

Шуларни ҳисобга олиб Пахтачи тумани ҳудудида яшовчи аҳолининг талаблари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий аҳолининг таклифи ҳамда илтимоси асосида мазкур туманни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 743-қарори билан тасдиқланган низомнинг 1-иловасидаги туманлар рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу ҳақда ҳукуматга таклиф киритилиб, амалий ёрдам сўрадик.

Ҳукуматнинг юқорида номи келтирилган қарори билан табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ушбу ҳужжатга кўра меҳнат шароитлари ноқулай бўлган жойларда ишлаганлик учун иш ҳақига устамалар миқдори ўша жой учун белгиланган тегишли коэффициентни иш ҳақи суммасига кўпайтириш орқали белгиланади.

Устама миқдори иш ҳақининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ва устама ҳисобланадиган ойдан кейинги ойнинг бошида амал қиладиган: 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,4 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган иш ҳақи суммасидан ҳисобланади.

Устамалар ходим ушбу жойда яшаши ёки яшамаслигидан қатъи назар иш жойи бўйича тўланиши белгиланган.

Аҳолининг ҳақли мурожаати ва таклифини қаноатлантириб, рози қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.

 

Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси. 

 

www.daryo.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш