Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. Бежизга, БМТ каби халқаро ташкилотлар ҳам ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидламаяпти.
Зеро, идеал ҳолатда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари барчани озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаш ва одамлар учун рисоладагидек даромад манбаини яратиб беришга қодир. Шу билан бирга, бундай ҳолатда инсон манфаатлари йўлида ҳам қишлоқ хўжалиги ривожланади, ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ижроси таъминланади. Бугунги кунда ривожланган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд. Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини бутун озиқ-овқат занжирида “даладан дастурхонгача” ёндашувига асосланганлиги принципи асосида таъминлаш талаб этилади. Озиқ-овқат маҳсулоти соҳасининг реал ривожланиш ҳолатини ва мавжуд илмий салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда, унинг хавфсизлигини бошқаришнинг интеграллашган ва самарали тизимини жорий этиш зарур.
Юқоридаги муносабатларни тартибга олиш заруриятидан Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ХДП фракцияси йиғилишида муҳокама қилинди...
Фракция раҳбари ўринбосари Д.Мамажанова аввалги асосида нормаларнинг аксариятида озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган халқаро принциплар, стандартлар ва амалиётлар акс эттирилмаганлиги, ваколатли давлат органларининг вазифалари аниқ белгиланмаганлигини эътироф этиб, қонун ташаббускорларидан бу борада қонуннинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда нормаларини янада кучайтиришни таклиф қилди.
Шу билан бирга, депутат Ш.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимни қабул қилинишини талаб этишини, шу муносабат билан, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашнинг халқаро талабларини жорий этиш, ваколатли органларнинг функцияларини аниқ белгилаш зарурлигини таъкидлади.
Навбатда муҳокама этилган «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар томонидан алоҳида муҳокама қилинди.
Депутат А.Нурматов сўнгги йилларда суғурта ҳодисаси юз бериш эҳтимолини ўрганадиган, суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин қишлоқ хўжалиги суғуртаси объектини кўздан кечиришни амалга оширадиган, суғурта ҳодисаси мавжудлигини аниқлаш тизимида жиддий камчиликлар мавжудлигини таъкидлаб, бу борада мониторинг тизимини жорий этилмаганлиги сабабларини очиқлашни ташаббускорлардан сўради.
Навбатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси навбатдаги йиғилишида ташаббускорлар томонидан киритилган қонун лойиҳалари қаторида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Қ.Қосимова ҳарбий рўйхатга олиш ва ундан чиқариш тартибини, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисидаги ахборотлар ҳамон анъанавий тарзда ишлаётганлигини, бу борада жиддий камчиликларни борлигини алоҳида таъкидлади.
Фракция аъзолари кун тартибида муҳокама қилинган барча қонунлар лойиҳалари юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирар эканлар, ташаббускорлардан ҳар бир қонун лойиҳаси инсон манфаатларига хизмат қилишини, шу билан бирга, партиянинг сайловолди дастурида кўрсатилган аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасида мақсад ва вазифаларга ҳамоҳанг бўлиши лозимлигини алоҳида кўрсатиб ўтдилар.
Фракция аъзолари лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллади.