
Кеча Президентимиз раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг сарҳисоби, эришилган натижалар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар батафсил муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашишда унинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, олдини олиш ва бу борадаги профилактика ишларини тизимли бажаришда йўл қўйилаётган камчиликларга тўхталиб ўтди.
Бугунги ислоҳотларни амалга оширишда энг катта ғов, бу — коррупция иллати экани, у халқнинг давлатга, Конституцияга ва қонунларга бўлган ишончини сўндириши таъкидланиб, парламент палаталари томонидан бу борада қилинаётган ишларга ҳам асосли равишда танқидий баҳо берилди ҳамда тегишли қўмиталар фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шундан келиб чиқиб, қўмитамиз ўз фаолиятида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлашда коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда қонун ижодкорлиги фаолиятига танқидий қараб, бир қанча ўзгаришларни амалга оширади.
Энг аввало, солиқ, бюджет ва пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, банк ва молия тизимининг самарали фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қонунларни кўриб чиқишда, албатта, коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларга эътибор қаратилади. Шунингдек, давлат бюджети маблағлари ишлатилиши билан боғлиқ барча жараёнларнинг очиқлик ва шаффофлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан кенг фойдаланган ҳолда ташаббусли қонун лойиҳалари устида иш олиб боришини кескин кучайтиришимиз зарур.
Бюджет, солиқ, банк ва бошқа молиявий хизматлар соҳасида коррупцияга қарши қонунчиликни кучайтириш учун тизимли ёндашув талаб қилинади. Бунинг учун Президентимиз таъкидлаганидек, қонунларда шаффофликни ошириш, инсон омилини камайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган нормалар ўз аксини топиши лозим.
Коррупциявий ҳолатларни камайтириш учун бюджет, солиқ ва банк соҳасидаги қонунларда нормаларнинг мукаммаллиги, аниқ тартибга солингани, молиявий шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларига амал қилинганлиги пастга тушиб, маҳаллаларга бориб ўрганилади. Бунда бюджет маблағларининг тақсимланиши ва сарфланиши ҳақидаги маълумотлар жамоатчилик билан муҳокама қилинади ҳамда аниқланган ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Юқоридагилардан ташқари, давлатимиз раҳбари солиқ, молия ва банк тизимида рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилишига доир аниқ вазифалар қўйди. Шундан келиб чиқиб, ушбу соҳаларда коррупция хавфини камайтириш мақсадида рақамли технологияларни жорий қилиш, хусусан, электрон солиқ тўловлари, онлайн аудит тизимлари, автоматлаштирилган молиявий ҳисоботлар каби замонавий воситаларни кенг жорий қилишнинг хуқуқий асосларини яратишга жиддий эътибор қаратишимиз керак.
Шу нуқтаи назардан, иш режамизда қўмита томонидан амалга ошириладиган назорат тадбирларини ҳам чуқур қайта кўриб чиқамиз.
Энг аввало, қўмита масъуллигида қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва бошқа бир қанча қонунларда коррупциянинг олдини олиш механизмлари бугун амалиётда қандай ишлаётгани ва қандай натижа бераётганига ҳуқуқий баҳо беришимиз керак.
Шунингдек, банклар фаолиятида коррупцияга йўл қўймаслик, айниқса, молиявий хизматларни кўрсатишда инсон омилини чеклаш ҳамда бу борада рақамлаштиришни жорий қилишнинг ҳуқуқий механизмлари амалиётга жорий этилгани бўйича қўмита эшитувлари ташкил этилади.
Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишда Ҳисоб палатаси ва бошқа давлат молиявий назорат органлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим. Қолаверса, давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилган лойиҳалар якуни бўйича эшитувлар ҳамда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторлари бажарилиши юзасидан вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишни ҳам коррупция ҳолатлари ва омиллари нуқтаи назаридан янгича ташкил этишимиз талаб этилади. Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ҳар йили ажратилган субсидиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳолатини жойига чиқиб ўрганиш ишлари ташкил этилади.
Президентимиз олдимизга қўйган яна бир аниқ вазифалардан бири — бу давлат харидлари тизимида танловсиз амалга оширилаётган харидларни танқидий руҳда кўриб чиқиш ҳамда йил якунигача тўғридан-тўғри харидлар миқдорини икки каррага қисқартиришдир. Бу борада Сенатнинг масъул қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамжиҳатликда тизимли ишни йўлга қўямиз.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси