
Дарахт танасига тушган қурт на унинг кўкка бўй чўзиб, барқ уриб яшнашига йўл беради, на мева тугиб, ҳосил кўтаришига... Ҳатто минг йиллик забардаст чинор ҳам бу балои офат дастидан заифлашиб, ерга қуламоғи тайин. Бугун давлат ва жамиятнинг ривожига жиддий ғов бўлаётган иллат – коррупция худди шу кабидир. У нафақат мамлакатдаги барқарор ҳаётни издан чиқаради, балки одамларнинг ҳукуматга, Конституция ва қонунларнинг амалда ишлашига бўлган ишончини йўқотиши, халқда тушкунлик, умидсизлик кайфиятини ҳосил қилиши мумкин. Коррупциянинг хавф-хатари, оғир оқибати ҳам мана шунда.
5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилиши кенг жамоатчиликни, бошқача айтганда, парламент аъзоларидан тортиб, турли соҳа вакилларини, ёшларимизни бир қадар сергак торттиргани бежиз эмас. Таҳлилий-танқидий руҳда кечган бу йиғилиш ўзи ва фарзандларининг эртасига, эл-у юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишини дўппини бир четга қўйиб, бафуржа ўйлаб кўришга ундагани рост.
Аниқки, йиғилишда ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифларни тинглай туриб, ислоҳотларнинг қонунийлигини таъминлаш жараёнларида масъул идора ва ташкилотларгина эмас, жамоатчилик, яъни, сиз-у биз баравар иштирок этишимиз кераклигини яна бир бор чуқур ҳис қилдик. Қонун талабларидан оғиш натижасида юзага келадиган коррупцияга қарши курашиш жамиятда умуммиллий вазифага, ҳар биримизнинг виждон ишимизга айланмоғи янги давр талаби эканини теранроқ англадик.
Глобал таҳдид
Жорий йилнинг 11 февраль куни Transparency International халқаро ташкилоти 2024 йил учун Коррупцияни идрок этиш индексини эълон қилди. 180 та давлатдаги коррупция даражаси экспертлар ва бизнес ҳамжамиятлари (оддий одамларнинг эмас!) нинг баҳолари асосида аниқланадиган ушбу рейтингда, икки йилдирки, Ўзбекистон 121-ўринни эгаллаб турибди.
Коррупция геосиёсий курашлар авж олиб бораётган, экологик ва ижтимоий-иқтисодий инқирозлар кўплаб мамлакатларни боши берк кўчага олиб кириб қўйган ҳозирги замонда ҳеч бир давлатни четлаб ўтаётгани йўқ. Ҳаттоки бу жиноятни содир этганлик учун энг олий жазо – ўлим жорий қилинган юртларда ҳам уни таг-томири билан йўқ қилиш имконсиз қолмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, эркин оммавий ахборот воситалари, фаол фуқаролик жамияти ва адолатли судларсиз коррупцияни енгиб бўлмайди. «Коррупция нафақат ривожланишга тўсқинлик қиладиган, балки демократик таназзул, беқарорлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг асосий сабаби бўлган глобал таҳдиддир. Халқаро ҳамжамият ва ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашни асосий ҳамда узоқ муддатли устувор вазифага айлантириши шарт", - дейди Transparency International ташкилоти раҳбари Франсуа Валериан.
Ташкилот ҳисоботида дунё бугун экологик инқирозларга қарши курашда ҳалокат ёқасида тургани, коррупция бу курашни тобора қийинлаштираётгани таъкидланади. Маълум бўлишича, деярли 6,8 млрд инсон – сайёрамиз аҳолисининг 85 фоизи коррупция таъсири сезилаётган давлатларда яшамоқда. Бу жуда катта рақам.
Дарвоқе, Коррупцияни идрок этиш индексида кетма-кет етти йилдан буён Дания (90 балл), Финляндия (88 балл) ва Сингапур (84 балл) етакчилик қилиб келмоқда.
Доимий жараён
Юқорида келтирилган йиғилишда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинаётган ишларга баҳо берилди. Айтиб ўтилганидек, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон бу иллатга қарши курашишда ўзининг қатъий сиёсий иродасини намоён этмоқда. Айни йўналишда ҳуқуқий ва институционал механизмлар тубдан такомиллаштирилди. «Коррупцияга қарши курашиш» жумласи янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди.
Шундай қилиб, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилаётгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани эътироф этилди.
Йиғилишда давлат харидлари, банк, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва таълим соҳаларида инсон омилини камайтириш орқали шаффофликни кафолатлаш, моҳиятан қараганда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Чунончи, ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечиб, аукцион шаклга ўтказилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди. Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалгани соҳада дадил ўзгаришлардан далолат беради.
Ёки бугунга келиб, барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни саноқли дақиқалар ичида онлайн беряпти. Эсланг, бир пайтлар банклардан бу турдаги кредитни олиш учун одамлар қанча сарсонгарчилик билан рўбарў келар эди...
Мактабгача ва мактаб таълими тизимида ўндан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани, олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилгани коррупция омилларини кескин камайтирди. Аҳоли ва тадбиркорларга «халқ хизматидаги давлат» тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келгани, чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашгани бунинг яққол натижасидир.
Худди шундай, электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. «Олдинги 25 йил давомида бу тушунчалар бизга ёт эди. Кўриб-кўрмасликка олинарди. Буларнинг ҳеч бири ўзидан-ўзи бўлгани йўқ. Ҳаммасига машаққатли меҳнатимиз билан эришдик. Энг муҳими, буларнинг ҳисобига аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларимизга ишончи мустаҳкамланди», - деди давлат раҳбари.
Йиғилишда тараққиётга тушов бўладиган иллат – коррупцияга қарши кураш доимий жараён эканига урғу берилди. Бу борадаги долзарб масалалар ва устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ташкилотлардаги ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилиши, маиший коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик, идоралар раҳбарлари масъулияти оширилиши, давлат хизматлари даражасини аҳоли баҳолайдиган тизим йўлга қўйилиб, энг ёмон кўрсаткичга эга соҳа раҳбарларига тегишли чора кўрилиши шулар жумласидандир.
Хуршида ҚАЛАНДАРОВА,
халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати:
– Йиғилишда коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллаларда, маиший коррупция шаклида содир этилаётгани танқид қилинди. Бунинг ечими сифатида эндиликда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланадиган, уларга вилоят халқ депутатлари Кенгаши раислари бошчилик қиладиган бўлди.
Мазкур ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларга барҳам бериш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга аниқ таклиф киритади. Парламентнинг масъул қўмиталари ҳар бир маҳаллага тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ойдинлаштириши, мансабдор шахслар олдига коррупциянинг олдини олиш бўйича масала қўйиши, соҳага оид таклифлар ишлаб чиқиши, қонунларни такомиллаштириш чораларини кўриши ҳаётий зарурат эканига ҳам диққат қаратилди.
Буларнинг бари нимани англатади? Табиийки, эндиликда коррупцияга қарши курашда давлат ва халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтайдиган депутатлик корпусининг роли ҳамда масъулияти сезиларли кучаяди. Бу масала улар фаолиятининг асосий стратегик йўналиши бўлиб қолади. Бинобарин, соҳада қонунчиликдаги бўшлиқларни яхши биладиган ҳам, уларни бартараф этиш учун ҳақчил, ҳаётий таклифларни берадиган ҳам айнан депутатлардир.
Шунингдек, Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталари қуйига тушиб, бевосита жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Бундай амалиёт парламент назоратининг самарасини, қонун ижодкорлиги сифатини оширади.
Коррупциявий жиноятлар учун жазони кучайтириш - бу ягона ечим эмас. Ушбу жиноятларнинг олдини олиш, одамларимизда бунга нисбатан муросасиз ва тоқатсиз муносабатни шакллантириш, жиноятни фош этишга ёрдамлашганларни рағбатлантириш бўйича ҳам қонунчиликка ўзгартишлар киритиш, превентив чораларни кенг қўллаш мақсадга мувофиқ, албатта.
Иллат илдизи
Яшириб нима қилдик, айни пайтда аҳоли ўртасида давлат хизматчиларининг ҳалоллигига, коррупциявий ҳолатлардан тийилиш тенденцияси мавжудлигига ишонч ҳисси унчалик юқори даражада, дея олмаймиз. Хўш, бунга сабаб нима? Жамиятда коррупциявий жиноятларга узил-кесил барҳам беришга қандай омиллар халал бермоқда?
Ҳақиқат шуки, коррупция иллатининг илдизи ҳашамат ва дабдабага ўчлик қусурлари билан боғлиқ бўлиб қолмоқда, худди эт билан тирноқ каби.
Фурқат ҲАМИДОВ,
халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгаши депутати:
– Бугун давр янгиланаётгани, одамларимизнинг, жамиятнинг қарашлари ўсиб, ҳаётий мезонларимиз, мақсадларимиз илғорлашгани ҳақида ғурур билан гапирамиз. Аммо шунча ижобий силжишларга қарамай, бир жиҳатимиз - ҳашамат ва дабдабага ўчлигимиз ўзгаргани йўқ.
Ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларимизга зид бу ижтимоий иллат фақатгина тўй-ҳашамларимизда кўринмаяпти, балки айрим давлат хизматчилари фаолиятида ҳам учраб тургани таассуфли ҳол. Ҳашаматга интилиш эса коррупциявий жиноятларга мойиллик туғдиради, ўз мансаб ва ваколатларидан моддий манфаат йўлида фойдаланишга йўл очади.
Ҳозирги пайтда дунёда, айниқса, ҳар томонлама тараққий этган жамиятларда минимализм устун эканини кўрамиз. Барча жабҳада қонунларнинг мукаммал ишлаши, бюджет маблағларининг тийин-тийинигача мақсадли ва аниқ манзилли сарф этилиши, ҳашаматдан қочиш, амалдорларнинг халқ олдида ҳисобдорлиги – аслида уларнинг ривожланишига мана шу омиллар сабаб бўлган.
Ҳашаматнинг зидди заҳри, яъни, вакцинаси – бу ҳалоллик. Шу маънода парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари коррупциянинг олдини олиш давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашдан бошланишини алоҳида таъкидлагани кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Бундан буён ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилдики, уларнинг рўёбга чиқиши, шубҳасиз, коррупцияга тоқатсиз кадрлар сафи кенгайишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилиши, давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни тезроқ қабул қилиш зарурати қайд этилди.
Мансабдор шахслар фаолиятида ҳашаматни чеклаш, шу жумладан, уларнинг транспорт таъминоти даражасини пасайтириш, давлат хизматчиси фаолиятида ҳашаматни кўз-кўз қилиш ҳолларини одоб-ахлоқ кодексини бузиш сифатида баҳолашга доир ғоялар кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлган Халқ демократик партияси сайловолди дастурида ҳам ўз ифодасини топган. Мақсадимиз эса эзгу - бюджет маблағлари ортиқча сарфланишининг олдини олиш, халқ пулини таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш каби долзарб соҳаларга қаратиш, давлат ва жамиятда ижтимоий адолат ҳамда ижтимоий барқарорликни қарор топтиришдан иборат.
Фикри тоза авлод керак
Муҳсиддин Низомиддинов,
халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати:
– Коррупцияга қарши курашиш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Йиғилишда Президентимиз мазкур масалада фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмаслигини, бу бутун жамиятимизнинг иши эканини айтиб ўтди. Умуман олганда, коррупция ва унга етакловчи лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сингари иллатларга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги кўп бора давлатимиз раҳбари томонидан тилга олинади.
Йиғилишда кадрларда фидойилик, коррупциявий жиноятларга қарши курашишда ҳамжиҳатлик етишмаётгани энг катта камчилик сифатида кўрсатиб ўтилди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, кечаги кун билан бугунги кун фарқини яхши тушуниш, маҳаллада, тўй-маъракада ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳалоллик ва шукроналик билан ҳаёт кечиришни тушунтириш ишлари бўйича жамиятимизда намунали тажрибалар айтарли йўқ.
Ёш депутатлар сифатида биз ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашига жалб этилиб, ҳозирги ҳал қилувчи жараёнда ўз ғояларимиз, ташаббусларимиз билан фаол бўлишимиз керак.
Ҳозирги кунда ёшларимиз таълим олиш ҳамда меҳнат бозорига кириб, ўз ўрнини топишида турли кўринишдаги коррупциявий ҳолатларга дуч келиши мумкинлигини инкор қилолмаймиз. Бундай вазиятда қонун талабларини бузмаслик, ҳалолликда собит туриш учун ҳам ёшларимиз орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби иллатлардан узоқ бўлиши учун тушунтириш-тарғибот ишларини мазмунан янгича ва самарали тарзда амалга ошириш керакка ўхшайди.
Президентимиз ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришишимиз муқаррарлигини, бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга «жамият танасидаги саратон» сифатида қараш кераклигини таъкидлади. Шунинг баробарида фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни камолга етказиш бугуннинг устувор вазифалари қаторига киритилди. Келажагимиз эгалари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган, дабдаба, ҳашамат сингари майда ҳавасларни эмас, балки катта-катта мақсадларни олдига қўйиб, қалбида халқини, Ватанини севадиган инсонлар бўлиши учун бугун биз ўзгаришимиз керак. Тафаккуримиз, мақсадларимиз бир жойда депсиниб қолмай, юксалиши лозим.
Коррупцияга қарши биргаликда ва муросасиз курашсак, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижадорлигини халқимиз сезади, қонунлар амалда тўлиқ ва мукаммал ишлайди, ҳудудлар ҳаётида ўсиш, ривожланиш ва самарадорлик янада юқори бўлади.
Фарида МАҲКАМОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10