Ўзбекистон — Франция: ишончли ва манфаатли ҳамкорликнинг амалий ифодаси
Ўзбекистон — Франция: ишончли ва манфаатли ҳамкорликнинг амалий ифодаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан Франция Республикасида бўлди.

Иккита давлат етакчилари олиб борган музокараларда савдо-иқтисодий, инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор аҳамият қаратилди.

Геология, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва бошқа тармоқларда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури ва Ўзбекистон — Франция инвестиция кенгашини таъсис этиш бўйича келишиб олинди.

Энг муҳими, Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилинди. Ушбу декларациянинг қабул қилиниши жуда катта натижа сифатида баҳоланиши керак. Бу Ўзбекистон ва Франция муносабатлари янада юқори даражага чиқаётгани, давлатлар орасида ўзаро ишонч муносабатлари ўрнатилаётгани ҳамда улар алоҳида халқаро масалалар бўйича тизимли ишланишидан далолат беради.

Франция томонидан Ўзбекистонга жуда катта эҳтиром кўрсатилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ташрифнинг ташкилий, протокол жиҳатларида ўз ифодасини топиб, ўз тилини жуда ҳурмат қиладиган Франция Президенти Эммануэль Макрон давлатимиз раҳбарига ўзбек тилида мурожаат қилиши ва унинг “Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция, яшасин Франция — Ўзбекистон дўстлиги” дея, қабул маросимида қилган чиқиши юртдошларимиз орасида Ўзбекистонга, Президентимизга бўлган Франциянинг юксак муносабати, деб баҳоланяпти.

Айниқса, Президентимизга Франциянинг олий мукофоти — Фахрий легион ордени Франция Президенти томонидан топширилгани давлатимиз раҳбарининг икки давлат ҳамкорлигини ривожлантириш ва бу эса Ўзбекистон Президентининг олиб бораётган очиқ, прагматик ва халқ манфаатларини устувор қилган ташқи сиёсатига, халқаро майдондаги ташаббусларига Франция раҳбариятининг юқори баҳоси сифатида билишимиз керак.

Бу эътироф Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг катта ютуғидир. Сабаби, Франциянинг ялпи ички маҳсулоти 3 триллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилиб, у ушбу иқтисодий кўрсаткич бўйича дунёда еттинчи ўринда турадиган қудратли давлат. Шунингдек, Европада ягона ядровий мамлакат ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзосидан бири бўлиб, Европа Иттифоқи ва халқаро майдонда муҳим роль ўйнайди, халқаро сиёсий кун тартибини шакллантиришда асосий давлатлардан бири ҳисобланади.

Жаҳон банки ва БМТ маълумотларига кўра, Франция дунёдаги энг катта тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилувчи ва экспорт қилувчи давлатлардан биридир. Ташқи савдода унинг асосий ҳамкорлари Германия, Италия, Испания, АҚШ, Буюк Британия, Хитой каби йирик давлатлардир.

Франция инвестиция киритиш бўйича жаҳонда етакчи ўринда туради. Унинг компаниялари юқори технологиялар, саноат ва инфратузилма соҳаларига катта эътибор қаратади. Автомобилсозлик, аэрокосмик саноат, кимё, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам етакчи давлатлардан бири саналади.

Шунингдек, ушбу мамлакат дунёдаги энг нуфузли таълим тизимларидан бирига эга. Унинг университетлари халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратади ва чет эллик талабалар учун кенг имкониятлар яратади. Францияда 2023 йилда 370 мингдандан ортиқ чет эллик талабалар таҳсил олган, бу эса мамлакатни Европа Иттифоқидаги энг машҳур таълим марказларидан бирига айлантирмоқда.

Дунёдаги энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган давлатлардан бири ҳам Франция ҳисобланади. 2024 йилда бу ерга 100 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюргани уни глобал туризм марказига айлантирмоқда.

Франция қувват олиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини фаол ривожлантирмоқда ва уларни халқаро даражада тақдим этишга тайёр.

Дунёдаги энг самарали соғлиқни сақлаш тизимларидан бирига ҳам эга. Мамлакатда тиббиёт соҳаси давлат ва хусусий сектор ўртасида яхши мувозанатлаштирилган бўлиб, Sanofi, Servier, ва Ipsen каби фармацевтика компаниялари инновацион дорилар ва тиббий ускуналар ишлаб чиқаришда етакчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, Франция тиббиёт технологиялари, кардиология, онкология ва биотехнология соҳаларида илғор давлатлардан бири ҳамдир.

Охирги йилларда Ўзбекистон ва Франция муносабатлари жадал ривожланмоқда. 2020 йилда товар айланмаси 220 милллион АҚШ доллари бўлган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 1,1 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Ўзбекистонда 50 та корхона 100 фоиз Франция капитали билан фаолият кўрсатмоқда. Франция компаниялари Ўзбекистонда коммунал хизматлар (Veolia, Сувайш,), энергетика, жумладан, яшил энергия (EDF, Total Energies, Voltalia, Orano, Assystem) ва озиқ-овқат саноати (Lactalis) каби муҳим соҳаларда мавжуд.

Ўзбекистон ва Франция университетлари ўртасида қўшма дастурлар ташкил қилинган. 2018 — 2024 йилларда туризм, археология, дизайн ва мода, француз филологияси, авиация, инклюзив таълим, бизнесни бошқариш, энергетика, сиёсатшунослик, авиация ва бошқалар каби таълим соҳасида 50 дан ортиқ шартномалар ва меморандумлар имзоланган.

Айни пайтда мамлакатимиздаги 602 та мактабда 141,3 минг нафардан ортиқ ўқувчи, шунингдек, 11 та олий ўқув юртида 15 минг нафар талаба француз тилини ўрганмоқда.

Парламентлараро ҳамкорлик делегациялар алмашинуви, икки мамлакат парламентларидаги “дўстлик гуруҳлари” фаолияти, парламентлараро бирлашмалар ва кўп томонлама парламент тузилмалари томонидан уюштирилаётган халқаро тадбирларда қатнашиш орқали изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон ва Франция парламентарийларининг ўзаро ҳамкорлиги тажриба алмашиш, глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама этиш, шунингдек, кўп томонлама даражадаги шерикликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Бу галги расмий ташриф Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг қамровли, ишончли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлиб, келажакда мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

 

Улуғбек ШЕРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш