ХДП: “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси ўрганилди

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракциясининг иш режасида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг Тахтакўпир туманидаги ижроси ўрганилди.

Дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ва халқ депутатлари Тахтакўпир тумани Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ “Даўқара” овул фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги” билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг бажарилиши бўйича суҳбатлашди. Ушбу овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Еркинбой Қайпов дастур доирасида 30 миллион сўм миқдорида олинган кредит ҳисобидан иссиқхона қуриб, бугунги кунда помидор кўчатларини етиштириб келмоқда. Шунингдек, Умитбек Матирзаев 30 миллион сўм кредит ҳисобидан балиқчилик билан шуғулланиб, икки нафар кишини иш билан таъминлаган.

Шундан сўнг, ўрганиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси ва Халқ депутатлари Тахтакўпир тумани Кенгашидаги партия гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Халқ депутатлари Тахтакўпир туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Қ.Жалиев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги фармони ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг Тахтакўпир туманида ижросини депутатлик назорати сифатида ўрганишларнинг якуни бўйича маълумот берди.

Хусусан, Тахтакўпир туманида дастур доирасида энг оғир ҳудудлар ҳисобланган “Жанадарё”, “Даўқара”, “Қўнғироткўл”, “Мулк” овул фуқаролар йиғини ҳамда “Қоратеран” маҳалла фуқаролар йиғини танлаб олиниб, ушбу маҳаллаларда томорқа ерларни суғоришни яхшилаш, электр энергияси барқарор етказиб берилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳалла учун 2 миллиард 950 миллион сўм, жами 5 та маҳаллага жами 14 миллиард 750 миллион сўм маблағ ажратиш белгиланган бўлиб, 1 минг 417 та оиланинг 408 гектар томорқа ерининг сув таъминоти яхшиланади. Бу эса ўз навбатида мазкур оилалар даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 январдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2024 йилда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари томонидан 232 нафар ишсиз фуқарога 200 гектар экин майдони узоқ муддатли ижарага берилган ва уларнинг бандлиги таъминланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси, халқ депутатлари Тахтакўпир туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи аъзолари сўзга чиқиб, ўрганишлар якуни бўйича баён этилган маълумотлардан келиб чиқиб ўз фикрларини билдирди.

Мажлис кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш