Ижтимоий ҳимоя: аниқ таклифлар ва қатъий позиция
Ижтимоий ҳимоя: аниқ таклифлар ва қатъий позиция

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ижтимоий масалаларни кенг қамраб олган. Партия жамиятда ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш ташаббусини илгари суради.

Партиянинг парламентдаги вакиллари ҳам, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари ҳам айни шу мақсад йўлида фаолият олиб боради. Жорий ҳафта бошида бўлиб ўтган фракция йиғилишида ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бу принцип яна бир бор амалий ифодасини топди. Депутатлар ижтимоий ҳимоя масалаларида аниқ таклиф ва қатъий позиция билдирди.

 

Бош вазир ўринбосари ахборот берди

Мажлисда дастлаб Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида қилинаётган ишларга доир ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда оила институтини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Фаол ислоҳотлар натижасида аёлларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорлик соҳасида 45, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Ҳисобот даврида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг улуши 52,2 фоизни ташкил этди.

Олийгоҳларда, техникум ва коллежларда 2022–2024 йиллар давомида 397 минг нафар хотин-қизга 4 трлн 298 млн 400 минг сўм миқдорида 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилди. Қўмита тавсияномаси билан давлат гранти асосида 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз ОТМга ўқишга қабул қилинди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга оширишига кўмаклашиш бўйича ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Бу борада республика бўйича 6 та туман тажрибаси оммалаштирилган. Хонадонларда учтадан ортиқ даромад манбаларини яратиш бўйича Сайхунобод, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали Жондор, хонадонда молиявий пакетларни жорий қилиш бўйича Нишон, Шофиркон, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган кооперациялар ташкил этиш борасида Бағдод, каштачилик мактаби ва қўй жунини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича Шаҳрисабз тажрибаси шулар жумласидандир.

Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда депутатлар амалий ишларни эътироф этиб, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. Кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олиниб, парламент эшитуви якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Бюрократик тўсиқлар сабаб дориларни етказишда узилишлар бор

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида дастлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ногиронлиги бор шахсларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти, ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари жойлардаги ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида саволлар, фикр-мулоҳазалирини билдирди.

Депутат Қизилгул Қосимова «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари партия электорати манфаатлари ҳимоясини кучайтириш йўлида катта ислоҳот бўлганини таъкидлади ва Оҳангарон тумани мисолида бу борадаги таҳлилларга тўхталиб ўтди.

Албатта, айрим камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, ногиронлиги бор шахсларга кам миқдорда олинадиган дори-дармон воситаларининг тендер орқали реализация қилиниши белгиланган. Бироқ турли бюрократик тўсиқлар сабаб тендерга қўйилишида кечикишлар кузатилмоқда, одамларга дориларни вақтида етказиб беришнинг имкони бўлмаяпти. Депутатга кўра, бу борадаги механизмни қайта кўриб чиқиш керак.

Шунингдек, ижтимоий муассасаларда беморларнинг сони меъёридан кўп. Навбатда турганлар ҳам оз эмас. Даволаниб бўлган, кимсасиз шахсларни ижтимоий уйларга жойлаштириш орқали бу борада вазиятни енгиллаштириш мумкинлиги ҳамда хизмат кўрсатишга масъул ходимларнинг иш ҳақи масаласи юзасидан фикрлар билдирилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъуллари бу борада ўз муносабатини баён этди. Қайд этилишича, техник ходимларнинг ойлик маошини белгилаш тизимини аутсорсингга ўтказиш режалаштирилган. Ногиронлиги бўлган шахсларга техник хизмат кўрсатадиган ходимларнинг ойлиги жорий йилда қайта кўриб чиқилган бўлиб, муассасадаги беморлар сонига қараб белгилаш тартиби жорий этилган.

Тартибга кўра, «Саховат» ва «Мурувват» уйларига ўзгалар ёрдамига муҳтож шахслар жойлаштирилади. Аммо ўзгалар парваришига муҳтож бўлмаган, уйсиз шахслар ҳам ушбу марказларга олиб келинган. Натижада бу муассасаларда даволанаётганлар ва навбат кутаётганлар сони кўпайиб кетган.

Агентлик масъулининг таъкидлашича, ижтимоий уйлар масаласида ҳам муаммолар бор. Ўзбекистонда 509 та ижтимоий уй-жой бўлиб, уларда 10 мингта хонадон бор. Ҳозирда бу хонадонларнинг 9 минг 600 таси банд, талаб камлиги, узоқ масофада жойлашгани ва таъмирталаблиги боис 400 таси бўш ҳолатда. Айни пайтда ижтимоий уйларга жойлаштириш тартиби тўғри эмаслиги қайд этилди. Сабаби, 9 тоифадаги фуқаролар ижтимоий уйга жойлаштирилиши кўрсатилган бўлиб, одамларнинг иқтисодий ҳолати инобатга олинмаган. Натижада айни пайтда 500 га яқин хонадондан бошқа мақсадда фойдаланилмоқда. Масалан, ўз хонадонини ижарага бериб қўйиб, ижтимоий уйда яшаётганлар ёки дўкон сифатида ишлатаётганлар ҳам бор. Кимлардир эса бошқа давлатга ишлаш учун кетган, аммо ўз буюмларини қўйиш учун жой қилиб олган.

Фракция аъзоси Ирина Токарева Тошкент шаҳри мисолида «ижтимоий карта»ларни олиш ва улардан фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада эмаслигини қайд этди. Мутасаддилар ушбу масалалар бўйича аниқ маълумотлар етказишга ваъда берди.

Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилганини, шунингдек, депутатлар ва агентлик ходимлари биргаликда ўрганишлар ташкил этиши, доимий мулоқот кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Имомназар Турсунов аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишда шахсларнинг (оила) иқтисодий ҳолатини аниқлашда бўшлиқлар мавжудлиги, хусусан, ижтимоий ёрдам ёки хизмат олиш учун мурожаат қилган шахснинг (оила) тижорат банкларидаги омонатлари, пул ўтказмалари бўйича (маблағ қабул қилиш ёки жўнатиш) маълумотлари ва ҳисоб рақамларидаги қолдиқ маблағларини ўрганиш эҳтиёжи юзага келаётганини урғулади.

Мутасаддилар ушбу масалалар ечими назарда тутилаётгани, «ижтимоий карта» тизимини йўлга қўйишга доир янгича ёндашувларга ўтилаётганини айтишди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 19.3.2025, №11

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш